Ўзбекистон | 21:35 / 04.11.2020
9025
2 дақиқада ўқилади

Жомбойдаги «олтин девор» бузиладими? Ҳокимлик муносабат билдирди

Фото: KUN.UZ

1 ноябрь куни Kun.uz'да Самарқанд вилояти Жомбой туманининг «Ширинкент» маҳалласида аҳоли йўл устида девор қурилганидан норози экани юзасидан мақола эълон қилинганди. Жомбой тумани ҳокимлиги ахборот хизмати мақолага муносабат билдириб, мазкур девор ноқонуний тарзда қурилганини маълум қилди.

«Kun.uz сайтида чоп этилган «Жомбойдаги «зирҳланган» «олтин девор». У одамларнинг йўлини тўсмоқда» сарлавҳали мақола туман ҳокимлиги, архитектура бўлими ва кадастр хизмати мутахассислари иштирокида ўрганиб чиқилди.

Фото: Жомбой туман ҳокимлиги

Девор тадбиркор Э.Нарзиев томонидан қурилган бўлиб, унга берилган эгалик ҳуқуқи тўғрисидаги 982-Қ сонли туман ҳокими қарори 2014 йил 22 сентябрда чиқарилган. Аҳоли томонидан мазкур қарорни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги туман маъмурий судига киритилган даъво аризаси 2020 йил 7 октябрдаги ҳал қилув қарорига асосан рад этилган.

Аммо ўрганиш давомида тадбиркор томонидан йўлни тўсиш ҳисобига қурилган девор Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 майдаги 370-сонли қарорига зид экани аниқланди. Ушбу жиҳатни инобатга олган ҳолда деворни ихтиёрий бузиб олиш бўйича Э.Нарзиевга тушунтириш берилди.

Аҳоли вакиллари туман маъмурий судининг ҳал қилув қарори устидан юқори суд органларига мурожаат этишлари мумкин», дейилади ҳокимлик муносабатида.

Мавзуга оид