Спорт | 18:02 / 01.12.2022
21633
10 дақиқада ўқилади

Белгия ва Германия қалтис вазиятда. Бугун мундиалда нималар ҳал бўлади?

Бугунги ўйинларда кимга қандай натижа керак?

Фото: Getty Images

1 декабр куни Қатардаги жаҳон чемпионатида E ва F гуруҳларида ҳам сўнгги ўйинлар ўтказилади. Биринчи турда Коста-Рика дарвозасига жавобсиз 7 гол урган Испания ҳам плей-оффдан қолиб кетиши мумкин. Фақат бир очко билан қолаётган Германиянинг хато қилишга ҳаққи йўқ, Белгия турнирни тарк этиш ёқасида. Қуйида икки гуруҳдаги жамоаларга гуруҳдан чиқиш учун қандай натижалар кераклигини кўриб чиқамиз.

F гуруҳи
Канада — Марокаш
(Тошкент вақти билан соат 20:00)

Белгияликлар билан ўйинда сифатли ўйини билан барчани ҳайратга солган Канада Хорватияга қарши ўйинда ўз салоҳиятини тўлиқ намойиш эта олмаганди. Шимолий америкаликлар бош мураббийи Жон Ҳердман ўз жамоаси хорватларни янчиб ташлаши ҳақида гапиргани рақибнинг қаттиқ жаҳлини чиқарди. Натижада Канада плей-оффга чиқиш имкониятини йўқотди, аммо жамоа охирги турда эшикни қаттиқ ёпиб чиқиб кетиши мумкин.

Марокаш эса Хорватия билан ўйинда зерикарли дуранг қайд этганди, Белгия устидан эса сенсацион ғалабага (2:0) эришилди. Энди африкаликларни гуруҳдан чиқиш учун КОНКАКАФ вакилларига қарши ўйинда дуранг ҳам қониқтиради. Ғалаба эса жамоа 1/8 финалга биринчи ўрин билан йўл олишини таъминлаши мумкин. Бунда параллел ўйинда хорватлар белгияликларни мағлуб этган тақдирда, тўплар нисбатига қаралади.

Марокашликлар Канадага мағлуб бўлиб ҳам иккинчи ўрин билан плей-оффгга чиқиши мумкин — бунинг учун Хорватия Белгияга ютқазмаслиги талаб этилади.

Хорватия — Белгия (Тошкент вақти билан соат 20:00)

ЖЧ-2018 финалчилари худди Марокаш каби иккинчи турда ўйин сифатини оширишди. Хорватия ҳам иккинчи ўйинда ғалаба қозонди — нисбатан йирикроқ ҳисоб қайд этилди, натижада гуруҳнинг сўнгги тури арафасида жамоа гуруҳда етакчи бўлиб турибди. Златко Далич шогирдлари дуранг учун ўйнаши ҳам мумкин, бир очко жамоага 1/8 финал йўлланмасини беради. Агар марокашликлар Канадани енга олмаса, хорватларга беш очко ҳам биринчи ўрин учун етарли бўлиши мумкин. Хорватия ва Марокаш ўз ўйинларида ғалаба қозонса, юқорида айтилганидек, тўплар нисбати яхшироқ бўлган жамоа биринчи ўринни эгаллайди.

Турнир нуқтайи назарида Белгия учун барчаси оддий: ғалаба уларни параллел учрашувда қандай натижа қайд этилишидан қатъи назар кейинги босқичга олиб ўтади. 2018 йилги жаҳон чемпионатининг бронза медаллари совриндорлари агар Марокашга қарши ўйинда натижага эришганида, муддатидан олдин плей-офф масаласини ҳал қилган бўларди, аммо улар бу ўйинда ҳатто гол ура олишмади. Энди 1/8 финал йўлланмасини олдинги жаҳон чемпионатининг бошқа бир совриндорига қарши ўйинда тортиб олиш талаб этилад. Белгиянинг кексая бошлаган «олтин авлоди»ни ғалабадан бошқ ҳар қандай натижа мундиал плей-оффисиз қолдиради.

F гуруҳидаги вазият

1. Канада терма жамоаси турнирни тарк этиши аниқ, энди улар фақат Марокашни чалиб қолиши мумкин. Шимолий Америка вакиллари охирги турда Марокашни йирик ҳисобда енгса, параллел учрашувда белгияликлар мағлуб бўлса ҳам, учинчи ўриндан юқорига чиқа олмайди.

2. Марокашликлар сўнгги турда дуранг ўйнаб ҳам плей-оффга чиқади. Бир очко билан африкаликлар параллел учрашув натижасидан қатъи назар гуруҳда иккинчи ўринда қолади. Ғалаба эса Марокашга квартет етакчилигини тақдим этади, бунинг учун Хорватия ўз ўйинида ғалаба қозонмаслиги ёки тўплар нисбатига кўра африкаликлар яхшироқ вазиятга чиқиши керак бўлади. Марокаш мағлуб бўлиб ҳам турнирдаги иштирокини давом эттириши мумкин - агар хорватлар Белгиядан устун келса ёки уларга жуда йирик ҳисобда ютқазса.

3. Хорватия ғалаба қозонса, параллел учрашувда қандай натижа қайд этилишидан қатъи назар гуруҳ етакчилигини сақлаб қолади, биринчи ўрин эгаси ўзгариши учун Марокаш Канадани ўта йирик ҳисобда мағлуб этиши керак бўлади. Хорватлар дуранг ўйнаса ҳам биринчи позицияни сақлаб қолиши мумкин, бунинг учун марокашликлар канадаликларни енга олмаслиги талаб этилади. Ҳатто мағлубият ҳам Хорватияни плей-оффга чиқиш имконидан маҳрум қила олмаслиги мумкин — бунинг учун Канада ғалаба қозониши керак бўлади.

4. Белгия турнирдаги иштирокини давом эттириш учун ғалаба қозонишга мажбур. Муваффақият Роберто Мартинес жамоасини биринчи ўринга олиб чиқиши мумкин, агар Марокаш ўз ўйинида енга олмаса. Акс ҳолда белгияликлар иккинчи бўлади. Дуранг ҳам Белгияни қониқтириши мумкин, агар Марокаш ўз ўйинида йирик ҳисобда ютқазса.

E гуруҳи
Коста-Рика — Германия (Тошкент вақти билан соат 00:00)

Немислар 1-турда Японияга сенсацион равишда мағлуб бўлиши гуруҳдаги вазиятни чигаллаштириб юборган. Агар осиёликлар 2-турда Коста-Рикани мағлуб эта олганида, Германия муддатидан олдин гуруҳда қолиб кетиши аниқ бўларди. ЖЧ-2014 чоракфинали иштирокчилари эса ўша турнир ғолибига ёрдам қўлини чўзди — костарикаликлар минимал ҳисобда японларни енгишди ва Германияда 1/8 финалга чиқиш учун имкон қолдиришди. Энди немислар ушбу рақибнинг ўзини енгиши, имкон қадар кўпроқ гол уриши керак  бўлади. Иккинчи тур шуни кўрсатдики, Ҳанси Флик Испанияга қарши ўйинда жавоб голини урган Никлас Фюлькругга ишонч билдириб, уни бошланғич таркибда тушириши керак. Шу билан бирга, Германия испанлар параллел учрашувда Япониядан уч очко олишига умид қилиши керак бўлади.

Е гуруҳидаги ажабланарли ҳолат шундаки, илк турда Испанияга 7 гол фарқи билан мағлуб бўлган Коста-Рикада ҳам гуруҳда биринчи ўринни эгаллаш учун назарий жиҳатдан имконият бор. Бунинг учун Лотин Америкаси вакиллари Германияни енгиши, параллел учрашувда эса дуранг қайд этилиши керак бўлади.

Япония — Испания (Тошкент вақти билан соат 00:00)

Японлар Коста-Рикани енгиб, плей-офф масаласини муддатидан олдин ҳал этиши мумкин эди. Германия билан ўйиндаги улкан ғалабадан кейин бу вазифа осондек кўринганди. Аммо Япония биринчи рақам остида ҳаракатланганида у қадар хавфли эмаслиги кўриниб қолди, жамоага биринчи ўйинда қарши ҳужумлар натижа келтирганди. Испания билан ўйинда мухлислар японлар яна иккинчи рақам остида ҳаракатланишига ва хавфли қарши ҳужумлар ўтказишига гувоҳ бўлиши мумкин. Албатта, автобус қўйиб, Коста-Рика ва Германия ўйинида дуранг қайд этилишидан умид қилиш варианти бор, аммо бу вариант қалтис.

Испания билан барчаси тушунарли: Луис Энрике жамоаси таблода қандай ҳисоб бўлишидан қатъи назар ўз футболини намойиш этишда давом этади. Агар испанларнинг ўйини ўхшаса, рақибда имконият кўп бўлмайди. Бунга яққол мисол — Коста-Рика билан ўйин, ўшанда жамоанинг дарвоза соҳасига аниқ борган барча зарбалари дарвозага кирди. Тан олиш керак, Германия билан ўйинда бунинг акси кузатилди ва фақат битта гол урилди. Японлар вазиятларни кўкка совуришни жазолай олишларини кўрсатиб бўлишган, шу туфайли Испания ўз имкониятларига эҳтиёткорлик билан ёндашиши талаб этилади. Қолаверса, 2010 йилги амалдаги жаҳон чемпионлари назарий жиҳатдан плей-оффдан қуруқ қолиши ҳам мумкин.

E гуруҳидаги вазият

1. Е гуруҳининг барча жамоалари ҳамон 1/8 финалга чиқиш имкониятини сақлаб қолмоқда.

2. Испания ғалаба қозониб, гуруҳдаги биринчи ўринни кафолатлаши мумкин. Плей-оффга чиқиш учун улар японларга ютқазмаслиги кифоя қилади. Испания ва Япония ўйинида дуранг қайд этилган тақдирда, Энрике жамоасини костарикаликлар Германиядан устун келган ҳолда қувиб ўтиши мумкин. Мағлубият эса «Қизил фурия»ни плей-офф бортидан ташқарида қолдириши ҳеч гап эмас, агар Коста-Рика ғалаба қозонса очколар сони бўйича олдинга ўтиб кетади, Германия ҳам 7 тўп фарқи билан ғалаба қозонса, тўплар нисбатига кўра испанларни қувиб ўтиши мумкин.

3. Агар Япония Испанияни енгса, амалда ўзи учун биринчи ўринни кафолатлайди. Дуранг натижа ҳам японларни курашда қолдиради, бунинг учун параллел учрашувда ҳам дуранг қайд этилиши керак. Агар Коста-Рика Германияни енгса, осиёликларни қувиб ўтади. Агар Германия ғалаба қозонса, японлар ва немисларда 4 тадан очко бўлади ва барчасини тўплар нисбати ҳал қилади. Бунда Германия костарикаликларни 2 тўп фарқи билан енгиши кифоя қилиши мумкин. Мағлубият эса Японияда плей-офф учун имконият қолдирмайди.

4. Тўплар нисбати жуда ёмон бўлган Коста-Рика Германияни енгиши талаб этилади. Шунда агар Япония ва Испания ўзаро дуранг ўйнаса, КОНКАКАФ вакиллари биринчи ўринни эгаллайди. Дуранг ҳисоб ҳам костарикаликларни иккинчи ўрин билан плей-оффга олиб чиқиши мумкин, аммо бунинг учун японлар испанларга йирик ҳисобда мағлуб бўлиши керак — тахминан 7 гол фарқи билан мағлубият. Мағлубият турнир Коста-Рика учун якунланишини англатади.

5. Ва ниҳоят, Германия. Ҳанси Флик шогирдларида хато қилиш ҳуқуқи қолмаган: дуранг ёки мағлубият варианти кўриб чиқилмайди. Фақат ғалаба немисларга плей-офф учун йўл очади, шунда ҳам Испания бўшашмаслиги ва Японияни енгиши керак. Параллел учрашувдаги дуранг Германияни ўз ўйинида 2 ёки ундан кўп гол фарқи билан ғалаба қозонишга мажбур этади, агар Япония ғалаба қозонса, немислар Испания каби Коста-Рикани 7 гол фарқи билан яксон этиши керак бўлади.

Плей-офф

Одатдаги каби қўшни гуруҳлар (Е ва F) ғолиблари бу квартетларнинг иккинчи вакиллари билан ўйнайди. Яъни: Е гуруҳининг биринчи жамоаси F гуруҳининг иккинчи жамоасига, F гуруҳининг биринчи жамоаси Е гуруҳининг иккинчи жамоасига қарши. 1/8 финалда бу гуруҳ вакиллари ўйини 5 ва 6 декабр кунлари ўтказилади. Гуруҳ ўйинлари якунларига кўра, Испания Белгия ёки Марокаш билан, Хорватия эса Германия билан тўқнаш келиши эҳтимоли юқори.

Мавзуга оид