Жаҳон | 22:11 / 13.08.2024
8288
4 дақиқада ўқилади

Борис Немцовнинг ўлдирилишида айбланган Темирлан Эскерхонов колониядан чиқиб, урушга жўнаб кетди

Чеченистонлик собиқ полициячи Эскерхонов шартли озод этилиш бўйича рад жавобини олганидан кейин Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузган.

Фото: Anadolu Agency

Мухолифатчи Борис Немцовнинг ўлдирилишига оид иш бўйича судланган чеченистонлик собиқ полициячи Темирлан Эскерхонов колониядан урушга жўнаб кетди. У Россия томонидан эгаллаган Мариуполда «қулай ва хавфсиз шароит»да хизмат қилмоқда.

Эскерхонов колониядан озод этилгани ҳақида 9 август куни «РИА Новости» манбаси хабар берди. Унинг сўзларига кўра, чеченистонлик собиқ полициячи Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаган, афв этилган ва ҳозирда Украинадаги жанговар ҳаракатларда иштирок этмоқда. Россия ҳуқуқ-тартибот органларининг «ТАСС»га маълум қилишича, Эскерхонов 2024 йилнинг мартида озодликка чиққан, шундан кейин бўлинмалардан бирига жанг қилиш учун йўл олган.

«Новая газета. Европа»нинг тасдиқлашича, 2023 йил охири ва 2024 йил бошида чеченистонлик ўнлаб маҳбуслар Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузиб, Россия колонияларидан озод этилган. Нашрнинг қайд этишича, олдинлари чечен маҳбусларни оммавий равишда урушга жалб этиш кузатилмаган. Журналистларнинг тахминича, бу террорчилик моддалари билан судланганларни урушга жалб этиш тақиқлангани билан боғлиқ.

Аммо 2023 йил охирида вазият ўзгарди ва Украинадаги урушга Чеченистон ИИВдаги манбага кўра, қотиллик, гиёҳванд моддалар айланмаси ёки фирибгарлик айбловлари бўйича қамалган 200 га яқин чеченистонлик маҳбус жалб этилди.

Озодликка эришган чеченларнинг аксарияти ростдан ҳам ҳужум бўлинмаларига жойлашган. Журналистларда мавжуд маълумотларга кўра, уларнинг айримлари кўп ўтмай ҳалок бўлган. Шу билан бирга, фронтда чеченистонлик аскарлар ҳалок бўлгани ҳақида республика статистикасида расмий маълумот йўқ. Уларнинг қариндошлари маҳбуслар урушда эмас, соғлиғидаги муаммо туфайли вафот этгани тўғрисидаги ҳужжатларни имзолашга мажбурланган. Бундан ташқари, шу пайтгача ҳалок бўлган маҳбусларнинг оилаларига қонунда белгиланган товон пули тўланмаган, жасадлари ҳарбий тўқнашувлар содир бўлган жойдан олиб кетилиб, уйларига етказилган чеченларнинг дафн маросимларини уларнинг қариндошлари ўз ҳисобидан ўтказган.

Нашр манбаларининг таъкидлашича, чеченистонлик депутат Адам Делимханов атрофидаги одамлардан бўлган Эскерхонов шартли озод этилиш бўйича рад жавобини олганидан кейин Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузган. Владимир Путин уни афв этган ва февраль охирларида собиқ полициячи урушга йўл олган. Манбаларга кўра, Эскерхонов ҳужум чизиғида жанг қилмаяпти. Уларнинг сўзларига кўра, Эскерхонов озод этилиши билан Чеченистон раҳбарининг маслаҳатчиси ва сенатор Сулаймон Геремевнинг укаси Вахе Геремевнинг ёнига «жойлаштирилган».

«Эскерхонов анчайин қулай ва хавфсиз шароитда хизмат қилмоқда. Фронтда унинг олдига қариндошлари келяпти, унинг ўзи эса таътилда Чеченистонга бориб келмоқда», — дейди «Новая газета. Европа» манбаси.

Журналистлар манбасининг қайд этишича, суд томонидан Борис Немцовнинг бевосита қотили сифатида тан олинган Заур Дадаев ҳам худди шу каби шартларда қамоқдан озод этилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, россиялик мухолифатчи Борис Немцов 2015 йилнинг 28 февраль кунига ўтар кечаси Москва шаҳри марказида ўлдирилган эди. Заур Дадаев, Анзор ва Шодид Губашевлар, Темирлан Эскерхонов ҳамда Ҳамзат Бахоев ушбу қотиллик сабаб ҳибсга олинган. 2017 йилда суд Заур Дадаевни сиёсатчи Борис Немцовнинг ўлдирилиши иши бўйича 20 йилга озодликдан маҳрум этиш ҳақида қарор чиқарганди.

Мавзуга оид