Жаҳон | 15:52 / 01.01.2025
33114
27 дақиқада ўқилади

Грозний, 30 йил олдин: катта уруш бошланиши фотосуратлар ва мухбирларнинг хотираларида

1994 йил декабрида Россия ҳукумати Чеченистонда жами ўн йилдан ортиқ давом этган иккита қонли урушга йўл очган ҳарбий амалиётни бошлаганди. Янги, 1995 йилга ўтар кечас Грознийни штурм қилишга уриниш амалга оширилиб, бу икки томон учун ҳам ҳалокатли йўқотишлар билан якунланади. Бунинг ортидан Грозний ёппасига бомбардимон қилиниши ва Москва тарафидаги чечен федерал кучларининг кенг кўламли юриши бошланади. BBC ўша кунларда Грознийда ишлаган бир неча фотомухбир билан урушнинг бошланиши, штурмга уриниш ва шундан кейинги воқеалар ҳақида гаплашди.

1994 йил декабрида Чеченистонга қўшин киритилиши ва 1995 йилга ўтар кечаси Грозний штурм қилиниши ўн йил давом этган иккита қонли урушни бошлаб беради. Фото: Alexander Nemenov/AFP

Александр Неменов, AFP фотографи:

«Мен Грознийга биринчи марта Россия қўшини Чеченистонга кирган 11 декабр куни боргандим. Мен чечен делегациясининг Россия томони билан музокараларида ишлагандим. Улар келиша олмади ва қўшин олиб кирилган куни чечен делегацияси Грознийга кетди ва мен шунчаки улардан мени ҳам олиб кетишни сўраб, эргашдим. Грознийга кириш осон эмасди — барча томонда Россия блокпостлари турарди.

Чеченлар мени шунчаки марказда тушириб қолдиришди. Шаҳарда вазият кескин эди. Президент саройи олдида одамлар митинг ўтказаётган, барча кутиш ҳолатидадек эди. Худдики, ҳозир нимадир қиламиз ва дарҳол бахтли бўлиб кетамиз, дегандек. Мустақил бўламиз, бахтиёр ва бой бўламиз.

Менда суратга олиш бўйича алоҳида ғоя йўқ эди. Мен ҳар куни шаҳар марказига борар, ким нимани кўрганини, қаерга бориш мумкинлигини сўрардим. Ниманидир тутиб қолардим. Мени олиб кетишга рози бўлган жойларига борардим».

Чечен эркаклари президентлик саройи олдидаги майдонда анъанавий рақсни ижро этишмоқда, 1994 йил декабр
Фото: Alexander Nemenov/AFP

«Бу ташландиқ ҳолдаги «Кавказ» меҳмонхонаси олдидаги майдондаги митинг. Бу ерда тинимсиз равишда ўз-ўзидан ҳар хил воқеалар бўларди, одамлар журналистларни кўрар, кўп иш журналистлар учун қилинарди.

Митинглардаги чечен аёллари эса — умуман алоҳида тарих. Улар ўзларини ўзлари руҳлантирар ва жанговар кучга айланарди. Олдиндаги аёллар — сўкинар, шовқин кўтарар, эркаклар эса бир чеккада турар ва енгил жилмайиб қўйишарди».

Президентлик саройи олдидаги чечен аёллари, 1994 йил декабр
Фото: Alexander Nemenov/AFP

«Армия (рус армияси) ҳеч қачон ўзини тасвирга олишга қўймасди, айрим истиснолар — асосан, брифингларда. Россиялик барча журналистлар Моздокдаги (Грознийдан шимоли-шарқдаги шаҳар) матбуот марказига жойлаштирилганди. Амалда ҳеч қаёққа олиб боришмасди, фақат 1995 йил баҳорида қаергадир олиб чиқиб, ниманидир кўрсатадиган бўлишди. Аммо булар асосан шахсий алоқалар эвазига эди. Ғарб матбуоти эса Моздокка ҳам, Хонқалъага (Грознийдан ғарбдаги посёлка) ҳам яқинлаштирилмаган».

Яна Неменовнинг хотираларидан: «Сиз бу саволни Арбат ҳарбий округидаги (РФ мудофаа вазирлигининг Москвадаги биноси Арбат кўчаси ёнида жойлашган — BBC), нима учун улар ҳар куни ғалаба ҳисоботларини қалаштирган ҳолда журналистларни Моздокдан нарига ўтказишмаган […] Армия журналистлардан „духлар“дан (чеченлар) кўра кўпроқ қўрқарди… ва биз яқинлашмоқчи бўлганимизда ёки объективни кўтарганимизда (бу бошқа нарса эмас, фотоаппаратлиги аниқ кўриниб турарди) бошимиз тепасига ўқ узишни афзал кўришарди. ТВ орқали ҳам шундай кадр кетади: кимнингдир камераси „зирҳли“ колонна ўтишини тасвирга олади. Ақлтойлардан бири, оператор ёнидан ўтаётиб, шунчаки Калашниковни олиб, унга қарата ўқ узади, шунчаки… Тўғри, теккизмайди».

Грознийнинг қуролланган аҳолиси президентлик саройи олдида, 1994 йил декабр
Фото: Hector Mata/Getty Images

Гектор Мата, 1994 йилда AFP агентлиги фотографи бўлган:

«Мен Чеченистонга декабр бошида репортёрларнинг кичик гуруҳи таркибида йўл олганман ва фотосуратлар учун масъул бўлганман. Икки турлича ҳиссиётни эслайман. Биринчиси — жуда ижобий, миллий кўтарилиш эди, чеченларда барчасининг имкони бор деган ҳиссиёт бўлганди. Кўчаларда намойишлар бўларди, бу республика мустақиллигига эришиш учун бир жойга тўпланганларнинг ҳамжиҳатлик туйғусини уйғотганди. Яна бир туйғу эса — қўрқув эди. Қўрқув ва умидсизлик».

Грозний ўққа тутилиши кучайиши туфайли аҳоли Чеченистон пойтахтини тарк этиб, Доғистон ёки Ингушетияга йўл олади
Фото: Hector Mata/Getty Images

«Мен бу можарода тинч аҳоли тақдирини кўрсатишга ҳаракат қилдим. Аввалига улар нега олдинроқ кетишмаганини тушуна олмадим. Одамлар кетишни хоҳлашмасди, уларнинг борар жойи йўқ эди, бор-будини ташлаб кетишни истамасди. Аммо қайсидир паллада бу муқаррар бўлиб қолди. Егулик топиш муаммога айланди. Барча йўллар тўсиб қўйилганди».

Нон учун навбат. Рус қўшини Чеченистон пойтахтига олиб борувчи йўлларни тўсиб қўйгач, Грознийда озиқ-овқат таъминотида узилишлар бошланади
Фото: Peter Turnley/Corbis

«Мен бир неча кун икки чечен ва ўзимнинг примитив русчам билан улар ўз ерини ҳимоя қилиш учун қолганини тушундим. Улар ўз уйи ва мулкларини ҳимоя қилар, аммо бу қанчалик қийин бўлишини тушунишарди, шунинг учун оила аъзоларини Грознийдан ташқарига жўнатиб юборишганди. Мен автовокзалга бориб, кетаётганларни кузатардим. Асосан — қариялар, болалар, чақалоғи бор оналар. Мен яна нимани эслайман? Лойгарчилик, совуқ ёдимда. Шаҳарда қолган ва авиазарбаларни бошдан кечирганларнинг азобларини эслайман».

Авиазарбалардан кейин ёниб кетган бино ёнидаги ўт ўчирувчилар
Фото: Alexander Nemenov/AFP

Александр Неменовнинг хотираларидан: «Тунда бутун шаҳар олов ичида қолди, одамлар қаёққадир чопади… Пичан ўрамлари, қоплар, чаналар, кексалар, болалар… Совуқ. Зулмат. Зах. Қўрқинчли… кўнгил айниши… Одамлар ҳозир «мард ўғлонлар» келиши — аввалига шаҳарга ёруғлик келтириши, кейин эса барчани тиғдан ўтказиши ҳақида гапиришади… — миш-мишлар — мантиқсиз нарса…

Ҳар тонгда — янги ёққан қор, онда-сонда из тушган йўллар, бурнингни қитиқлайдиган кул ҳиди… ва тунги авиазарбалардан кейин қулоқдаги сукунат. Ағдарилиб ётган автомобиллар ичида чойшабга ўралган жасадлар. Туман…

... Кечга яқин тунаш учун жой қидирдик. Шаҳар марказидаги «Грознефт» меҳмонхонасини топдик, бу пайтда қоронғи тушиб, осмонда самолётлар ғувуллаши эшитила бошлаганди. Худди чивин учгандек: безовта қилмайдигандек, аммо ғашга тегади — чақиши мумкин…

Улар кўп куттирмади, бир неча дақиқа ўтиб осмондан ёғила бошлади. Гоҳ у ер, гоҳ бу ерга бомба тушади. Қалин туман. Қизил шуъла таралади… «Болалар дунёси»га етиб олдик. Худди шу вақтда уйга ракета урилди. Ўт ўчирувчилар етиб келади. Кучи етганча ўчиришади, кейин ташлаб кетишади…»

Грозний чеккасида машинага олиб чиқилаётган ярадор аскар
Фото: Alexander Nemenov/Getty Images

Александр Неменов: «24 декабр куни биз Грознийга илк командировкадан қайтаётгандик. Шу вақтда дала бўйлаб ярадорларни олиб кетишаётганини кўрдик. Бирини қўлидан елкалаб олишган. Кейин жуда оғир аҳволдаги бошқа йигитни кўтаришди. Мен уларни қаршилаш учун сой бўйлаб югурдим. Мен уларни шу сой бўйлаб ортга қайтишаётганида суратга олдим. Ҳайдовчи «Йигитлар, кечирасиз, мен уёғига олиб кетолмайман, мен бу йигитни госпиталга олиб боришим керак» деди. Шундай бўлганди. Суратга олдик, хайрлашдик ва ҳайдовчимиз бизни тарк этди».

Грозний аҳолиси вакиллари Грозний марказига ёнувчи модда солинган бутилкаларни олиб келмоқда, 1994 йил 31 декабр
Фото: Oleg Nikishin/AFP

Неменов ва унинг ҳамкасби Чеченистондан Москвага кетганидан бир кун ўтиб, Россия хавфсизлик кенгаши йиғилиши бўлиб ўтади. Яқин вақтлар ичида Грозний штурм қилинмаслигига ишонтиришганига қарамай, мудофаа вазири Павел Грачев махфий равишда 1994 йилнинг сўнгги кунида шаҳарга ҳужум қилишга тайёрланишни буюради. 31 декабр куни тўрт гуруҳ Грознийга тўрт томондан кириши, шаҳар марказигача бориши, президент саройини ва шаҳардаги бошқа муҳим объектларни эгаллаши режалаштирилганди. Аммо штурм аввалбошдан режа бўйича кетмайди — ҳужумга ўтган қисмлар кўплаб нуқталарда чечен тузилмалари қўйган пистирмаларга дуч келишади.

Грозний остонасидаги россиялик аскарлар, 1995 йил 1 январ
Фото: Oleg Nikishin/AFP

Гектор Мата: «Ўша штурм куни мен жуда ёш россиялик аскарларни учратдим. Жуда ёш. Мен карахт ҳолатда эдим:  улар худди мен каби жудар қўрқиб кетганини эслайман. Ўша куни ишлаш учун хавфсиз база, плёнкани чиқариш ҳамда тасвирларни узатиш учун сунъий йўлдош тарелкаси ўрнатиш мумкин бўлган жой топишга уринаётгандим. Мен шаҳар бўйлаб суратга олиб юрганлардан плёнкаларни қабул қилардим. Келган фотографлардан бири қурбонларни санагани, аммо юзга етганида ҳисоблашдан тўхтаганини айтди. Ва бу ўша фотограф бўлган жойларнинг ўзидаги рақамлар эди.

Ўша кунлардан хотирамда қолгани россиялик аскарлар ёмон ўқитилгани ва ёмон жиҳозлангани ҳақида. Блокпостларида егуликка пул топиш учун улар солярка сотганини эслайман. Аскарларнинг аҳволи жуда оғир эди. Ва 31 декабр кунги Грознийга ҳужум жуда ёмон ташкиллаштирилганди. Ва ўша воқеалардан менда қолган тасаввур шундай эди: русларга барчаси осон бўладигандек туюлган — шаҳарга кириш ва уни бир неча кун ичида чечен ҳарбийларидан тозалаш».

Грозний кўчаларидаги жанг, 1995 йил 1 январ
Фото: Oleg Nikishin/AFP

«Аммо бошқа томонда жипслашган, ғайратли, кичик бўлса-да, фаолияти яхши ташкил этилган партизанлар армияси турарди. Чеченлар шаҳарни беш қўлдек билишарди, қаерларда яшириниш мумкинлигидан хабардор эди. Ўйлайманки, уларнинг кўпчилигида Афғонистондаги урушда орттирилган армия тажрибаси бўлган. Ўша можарода улар жуда самарали ҳаракат қилишди ва шаҳарни штурм билан эгаллашга бўлган биринчи уринишни йўққа чиқаришди».
 

Россиялик ярадор аскарлар, 1995 йил 1 январ
Ullstein Bild/Getty Images

«Ўша кун иш нуқтайи назаридан тўс-тўполон бўлганди. Биз турли ҳудудлардан плёнкаларни олишга уринардик. Аввалига биз олдинги кун маълумотлари бўйича ҳаракатландик — фотографлар бир олдин бомбардимон қилинган жойларга чиқишди. Аммо фотографларимиздан бири бўлган Саша Россиянинг жанг оқибатида зарбага учраган танки устидан чиқди — шаҳар маркази учун бу ноодатий ҳолат эди. Биз ким нима кўрганини сўрашга тушдик, шифохоналар бўйлаб юриб, ярадорлар билан гаплашдик. Бутун кун шундай ўтди. Шу билан бирга, лабораторияни йўлга қўйиш ва тасвирларни узатишга уриндим».

Чеченлар эгаллаб олган зирҳли машина, Грозний, 1995 йил 2 январ
Hector Mata/Getty Images

«Ва бунгача ҳам, штурмдан кейин ҳам чеченлар тетик, салоҳиятли ва миллий туйғуларга йўғрилган ғолибона кайфиятда эди. Уларда бу армияга қарши тура олиш ҳисси пайдо бўлди. Улар ҳавога ўқ узишар ва жуда оптимистик кайфиятда эди. Буларнинг барчаси кейинроқ армия шаҳарни ҳаводан яксон қила бошлаганидан кейин юзага келган мутлақ зулмат билан кескин фарқланарди».

Hector Mata/Getty Images

Дэвид Браучли, Associated Press агентлиги оператори ва фотографи:

«1991 йилда мен Москвада ишлаганман, ўшандаёқ Грознийда бўлиб, Жоҳар Дудаевдан интервю олганман ва бошқа чеченлар билан ҳам гаплашганман. Шундай экан, мен Москва Чеченистон ўртасидаги кескинлашувдан хабардор эдим. 1991 йилдан кейин Сараевода ишлагандим, 1992 ва 93 йилларда Босниядаги урушни тасвирга олгандим. Кейин Жанубий Африкага кетдим. У ерда уруш вақтидаги сайловлар бўлганди.

1994 йил декабрида Елцин Чеченистонга борганида, мен Чехияда эдим. Мен бу жиддий воқеа бўлишини тушундим, Россия Федерацияси бостириб киришга қарор қилганди. Бу фуқаролик урушига айланиб кетиши мумкин эди, мустақиллик уруши бўлиши мумкин эди, нима бўлганда ҳам танклар, самолётлар бор эди ва бу жиддий экани аёнлашди.

Россиянинг Прагадаги элчихонасида танишларим бор эди, журналист визасини олиш осон кечди. Мен Домодедовога учдим, у ердан Минералние Водига ва кейин машинада Хасавюртга, 1 январ куни етиб олдим. Биринчи ҳафта давомида Хасавюртда яшадим. Эрталабки соат еттида бу лаънати «Волга»да Грознийга жўнашимиз, уч соат ишлашимиз ва қоронғи тушгунича барча блокпостлардан ўтиб ортга қайтишимиз керак эди».

David Brauchli/Sygma

«Чеченлар бизга Россия қўшини билан нима қилишга муваффақ бўлганларини кўрсатишди. Масалан, мана бу ёниб кетган машина. Менда яна бир кадр бор — БТР минорасида ёниб турган жасад. Бу — биз етиб бора олган жойларда. Қайсидир жойларга кириш ўта хавфли эди. Менда ҳалок бўлган ва кўчаларда ётган аскарларнинг фотосуратлари бор. Январнинг дастлабки уч кунлигида тасвирга олиш мумкин эди, кейин Россия танклари ва аскарлари бўлган кўплаб кварталларга (масалан, президент саройи олди) кириш шунчаки хавфли бўлиб қолди».

Дэвид Браучлининг кундалигидан: «Мен APTV жамоаси билан у ерга 2 январ куни бордим. Мен бундай отишмани ҳеч қачон кўрган эмасдим — миномётлардан, танклардан, артиллериядан отишарди. Мен президент саройи олдида бироз вақт бўлдим ва қочдим. Шунчаки туриб бўлмасди. Афтидан, Жанубий Африкадаги нисбатан тинч ҳаёт ва Прагадан кейин мен бу қанақа бўлишини унутиб қўйгандим. Грознийдаги биноларнинг катта қисми вайрон бўлганди. Руслар чиндан ҳам бу шаҳарни олишди. Барчаси — компартиянинг собиқ биносидан (президент саройи) турар жойлар ва дўконларгача бутунлай бомбалар, ракеталар, танк снарядлари ва ўқлар билан вайрон қилинди».

Грозний мудофаачилари шаҳар марказий майдонида ярадорни олиб кетишмоқда
David Brauchli/Sygma

«Мен у ерга кейинги куни қайтдим ва у ерда олти соат давомида суратга олдим. „Магнум" фотографи Пол Лоуни учратдим, биз биргаликда ишладик. Биз президент саройи олдида бўлдик, аммо кейин урилган танкларни суратга олиш учун вокзалга бормоқчи бўлдик. Аммо президент саройи олдидаги жангчилар бизга йўл кўрсатишни хоҳламади. Ниҳоят қандайдир мардлар топилди. Ва биз Пол, мен, яна бир америкалик мухбир ҳамда икки йўл кўрсатувчи йўлга тушдик […] Кинотеатр олдидаги майдондан югуриб ўтишга тўғри келди. Югураверамиз, муаммо йўқ. Бирдан — бабах! Занжиримиз охирида белаётган Биллдан ўн метр нарида снаряд портлайди. Қандайдир танкчи бизни кўриб қолган ва нишонга олган. Мен кимнингдир эшигига ўзимни урдим ва уйга кирдим, у очиқ эди. Бошим устини нимадир ёпиб туриши учун деворга суяниб турдим. Яна бабах! Шифтдан штукатурка тўкилди. Яна бир бабах! — деразадаги қолга ойналар ҳам тўкилиб тушди. Биз кутиб турдик, бизни ҳайдаб чиқариш учун танкчи яна ўн бор ўқ узди. Йўлбошловчиларимиз чой қайнатишга тушди. Чеченлар ҳеч нарсадан қўрқмаётгандек эди».

David Brauchli/Sygma

Дэвид Браучли: «Раҳбарим «менга президент саройи олдидан фотосурат керак» дейиши мумкин эди. Мен эса унга «Майк, сен ақлдан озибсан. Мен президент саройига бормайман, бу жуда хавфли» дердим. У рози бўларди, аммо яқинроқдан ниманидир суратга олишни сўрарди, чунки сарой ўққа тутилиши кун янгилиги бўлганди. Репортёрлар бу ерга келмасди, улар Хасавюртда ишлаб, Грознийдан қочиб чиққанлардан интервю олишарди ва биздан ҳам гап олишди. Улар чечен ҳукумати билан ҳам, Россияники билан ҳам гаплашиб, буларнинг барини матнга жамлаш учун кенгроқ нуқтайи назарга эга бўлиши керак эди. Бизнинг иш — бундай мақолани яхши акс эттирадиган фотосуратлар олиш эди».

Грознийда дафн маросими, 1995 йил 4 январ
David Brauchli/Sygma

«Чеченистондаги иккинчи ҳафтада мен яна бир фотограф, Миша Евстафев билан кўришдим. Урушда бўлиб туради — рақобатлашадиган агентликларнинг фотографлари биргаликда ишлаши мумкин, шуниси хавфсизроқ. Биз ташлаб кетилган уйни топдик. Бу ерда электр йўқ эди, аммо биз генератор олиб юрардик. Уйда газ ҳам бор эди. Бу муҳим эди, шунда биз керакли ҳароратгача иситиб, плёнкани чиқаришимиз мумкин бўларди. Биз плёнкаларни чиқардик ва уларни скан қилдик. Бизда сунъий йўлдош телефони ва передатчик ҳам бор эди. У сониясига 960 бит тезликда ишларди. Бир фотосуратни юбориш учун саккиз дақиқа вақт кетарди. Агар бу рангли сурат бўлса — барчани эса, албатта, ранглилари қизиқтирарди — унда битта файлни уч марта, учта рангли каналда юбориш керак бўларди. Агар шу паллада генератор ўчиб қолса, учталик юборишни бошидан бошлаш талаб этиларди. Шундай экан, мен ҳар куни тонгда икки соат суратга олар, қолган вақт олинган суратларни юборишга кетарди, бу даҳшатнинг ўзгинаси эди».

Фото: Alexander Nemenov/AFP

Александр Неменов: «Мен бир гуруҳ чечен жангчиларига қўшилиб олдим ва «сиз билан кетсам бўладими?» дея сўрадим. Иш шундай. Нима дейишим мумкин? Мен улар билан бўлаётган воқеаларни тасвирга олишим керак эди. Барчаси жуда оддий. Ва улар бу паллада мени халал беради деб ўйлашмади. Мен ҳам иккиланмадим. Вақти-вақти билан қандайдир миналар учиб келарди. Бундан ортиқ эмас. Бу урушдаги оддий, кундалик ҳолат. Улар жим турар ёки қўлларини силкиб қўйишарди ва мен улар билан бир неча километр югуриб бордим. Биз деярли олдинги чизиққа етиб бордик, у ерда мен кўп қаватли уйга кириб олиб, бу вақтга келиб федерал кучлар назоратига ўтган президент саройини суратга туширдим».

Фото: Alexander Nemenov/AFP

«Мен чеченлар билан Тинчлик кўчасида югураётиб, улар билан гаплашаётганимда, худди Сталинградда юргандек ҳиссиёт чулғаб олди. Бу шокка туширарди, чунки уч ҳафта муқаддам бу шаҳарни бутунлай бошқачалигида кўргандим. Энди ҳаммаси олдингидек бўлмаслиги тушунарли эди. Янги йилдаги штурм — айтишни истардимки, бу тарихдаги сувайирғич бўлганди. Мен бунгача Абхазияда, Қорабоғда, Тожикистонда ишлагандим. Аммо буларнинг барчаси январ ойида Чеченистонда кўрганларим олдида бамисоли гуллар эди».

Фото: Alexander Nemenov/AFP

Дэвид Браучли: «Мен катта уруш бўлишини тахмин қилгандим, аммо бундай шиддатни ва бундай вайронгарчиликни кутмагандим. Менинг урушлардаги тажрибам Югославияда бўлганди, у ерда вайронгарчиликлар анча кам эди ва жанглар қишлоқ жойларда кечганди. Мен узоқ вақт Марказий Боснияда тасвирга олганман, у ерда мерганлар бўлган, кўчаларда тасодифий қурбонлар бўларди. Грознийга келганимда эса, бу ер фақат китобларда ўқиганим Иккинчи жаҳон урушидаги каби манзараларга тўла эди. Мен шаҳардаги кварталлар ортидан кварталлар кунпаякун бўлганини кўришни кутмагандим».

Фото: David Brauchli/Sygma

Гектор Мата: «Мен Жанубий Америкадаги фуқаролик урушларида ишлаганман, Руандада бўлганман, у ерда тўғридан тўғри тўқнашувларга гувоҳ бўлганман, аммо Грознийдаги қайсидир соатларда охирги нуқтагача бордим. Ва гап фақат кимдир мени ёки ёнимдагилардан кимнидир отишга уринганида эмас. Масалан, узоқ соатлар ва кунлар, тунлар портлашлар овози фонида ўтарди. Бу руҳиятни буткул синдиради ва уйқудан маҳрум қилади, портлашлар узоқда бўлса ҳам. Ҳар портлаш билан бирга деворлар титраб кетади. Буни ёдимда сақлаб қолганман».

Грозний марказидаги вайрон қилинган уйдаги чечен жангчиси
Фото: David Turnley/Getty Images

«Фиксеримизнинг юзини ҳам эслайман, қўрқув эмас, аммо жуда кўп бошқа ишларда пишган одамнинг юзида ўта ва ўта жиддий ифода. Дастлабки авиазарбалар вақтида яширинишга мажбур бўлганимизда мен унинг юз ифодасига қараб мўлжал олардим ва мен у қанчалик ташвишланганини кўрдим. Буни ҳеч қачон унутмайман.

Ва ҳеч қачон бизга ҳар тонгда нон пишириб сотган аёлнинг юз ифодасини унута олмайман. Атрофдаги барча нарса қулаётган бўлса ҳам, у ҳар тонгда нон ёпарди. Бу сақланиб қолган хотираларим. Албатта, отишмалар ҳам — маълум даражада. Аммо ёнаётган ниманингдир ҳиди ва айниқса деразаларни зириллатадиган товушлар — хотирамда қаттиқ сақланиб қолди».

Александр Неменов: «Биз Москвадан келганимиз ва рус бўлганимиз ҳеч қандай муаммо туғдирмади. Мутлақо аксинча, агар чеченлардан кимдир бирдан эътироз билдира бошласа, унга дарҳол беш киши ташланиб, шундай дейиши ҳайратга соларди: «Ундан қўлингни торт, нима, унинг фамилияси Елцинми?» Шундай бўлган. Уйларига яширишар, доимо тунашга киритишарди. Биздан талаб фақат битта эди: кўрганларингизни дунёга кўрсатинг. Мен айнан шундай қилдим. Айтардим: «Мен олдингизга кўрганимни кўрсатиш учун келганман. Мана фотосуратлар, у алдай олмайди».

Бомбардимон қилинган Грознийни Сунжа дарёсидаги кўприк орқали тарк этаётган аҳоли
Фото: Alexander Nemenov/AFP

Дэвид Браучлининг кундалигидан: «Икки кекса ёшли рус буюмларини кўтарганча Минуткадан юз метр наридаги тор кўча бўйлаб кетаётганида уларнинг ўртасида кассетали бомба портлайди. Аёл ўнгга, тўсиқ томон отилиб кетади, эркак чапга. Афтидан, осколкалар уларни дарҳол ўлдирган, қон кўп эмасди. Биз уйдан қайтишда уларнинг устидан чиқдик, манзара даҳшатли эди. Мен эркак ухлаяпти деб ўйладим, аммо унинг юзи мурдаларникига хос бўлган мумсимон тусга кирган ва катта очилган кўзлари ҳали ҳам ўзини ўлдирган нарсага қараб турарди. У ҳамон қўлида сумкани маҳкам тутганди, тўғрисини айтсам, маст кишига ўхшарди, аммо унинг лаби ва қўллари қон эди, йўл ўртасидаги ўра эса нима рўй берганини билдириб турарди. Унинг рафиқасининг оёғи синганди ва қонга беланганди, аммо тананинг юқори қисми бутун эди. Жон, Томас ва мен буни 15 дақиқача суратга туширдик. Ҳеч ким йўқ эди. Кейин кекса аёл етиб келди ва йиғлай бошлади».

Фото: David Brauchli/Sygma

Дэвид Браучлининг кундалигидан: «Агар руслар Грознийни ўзига бўйсундирса, нима бўлади? Улар ҳеч қачон бу ерга чечен халқи қабул қилиши мумкин бўлган ҳокимиятини ўрната олмайди. Афғонистонда руслар қўлловида ишлаб турганлардек қандайдир қўғирчоқлар бўлади. Шубҳасиз, Россия тезда қандайдир ечим топиши керак, чунки аскарлар ўлишда давом этаркан, урушни қўллаш даражаси тушади ва Елцин кейинги йилдаги сайловларда ютқазиши мумкин бўлиб қолади. Чеченлар мустақилликни қўлга киритади, бошқача бўлиши мумкин эмас, аммо — қандай қурбонликлар эвазига? Ва руслар эга бўладиган ягона нарса — кавказ халқларининг сўнмас душманлиги. Янги мамлакат учун яхши бошланиш эмас».

Фото: Ullstein Bild/Getty Images

Чечен урушлари, асосий саналар:

11.12.1994 — федерал қўшинлар Чеченистонга киритилади

31.12.1994 — Грозний муваффақиятсиз штурм қилиниши

14.06.1995 — Буденновскдаги шифохона Басаев отряди томонидан эгаллаб олинади

1995 йил декабр — чечен отрядлари Гудермес ва Кизлярга (Доғистон) рейдлар уюштиради

22.04.1996 — Россия ракетаси чеченлар етакчиси Жоҳар Дудаевни ўлдиради

1996 йил май — сулҳ келишуви, Елцин Чеченистонга блиц-ташрифини амалга оширади

6.08.1996 — Грозний Аслан Масхадов отрядлари томонидан эгаллаб олинади

30.08.1996 — Хасавюртда Масхадов ва генерал Лебед ўртасида келишув тузилади

1996 йил декабр — федерал қўшинлар Чеченистондан олиб чиқилади

1997-1999 йй — Чеченистон ва ундан ташқаридаги ҳудудларда қўпорувчилик акциялари, ҳужумлар, одам ўғирлаш ва ўлдиришлар давом этади

7.08.1999 — чечен отрядлари Доғистонга бостириб киради ва қишлоқларни эгаллайди

11.08.1999 — армия чеченларни Доғистондан сиқиб чиқариш учун амалиёт бошлайди

4-16.09.1999 — Буйнакск, Москва, Волгодонск шаҳарларида портлашлар рўй беради

30.09.1999 — Чеченистон ҳудудида умумқўшин амалиёти бошланади

1999 йил ноябр — 2000 йил феврал — Грозний қамал қилиниб, чечен отрядлари шаҳардан сиқиб чиқарилади

20.04.2000 — федерал қўшинларнинг Чеченистондаги аксилтеррор амалиёти якунлангани эълон қилинади

23.01.2001 — Россия қўшини қисман олиб чиқилади. Ахмат Қодиров Чеченистон раҳбари этиб тайинланади

2001-2002 йй — чечен отрядлари Гудермес ва Ингушетияга ҳужум қилади

2002 йил октябр, 2004 йил сентябр — Москванинг Дубровка районидаги концерт залида ҳамда Шимолий Осетиянинг Беслан шаҳридаги мактабда одамлар гаровга олинади ва ўлдирилади

9.05.2004 — Грознийдаги стадионда портлаш рўй беради, Ахмат Қодиров ҳалок бўлади

2005 йил март — Аслан Масхадов ҳалок бўлади

31.01.2006 — Путин Чеченистонда аксилтеррор амалиёт амалда якунланганини маълум қилади

16.04.2009 — Чеченистонда аксилтеррор амалиёт режими бекор қилиш ҳақида расман қарор қабул қилинади

Мавзуга оид