Ўзбекистон | 13:32 / 28.01.2025
3108
2 дақиқада ўқилади

Абдулазиз Комилов Полшанинг юқори лавозимли мансабдорлари билан музокара ўтказди

Ўзбекистон президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили Абдулазиз Комилов бошчилигидаги мамлакат делегацияси амалий ташриф билан Полшада бўлди.

Фото: dunyo.info

Ўзбекистон делегацияси ташриф давомида Полша Сенати раиси ўринбосари Михал Камински, Сейм вице-спикери Влодимеж Чажастий, Миллий хавфсизлик бюроси раҳбари ўринбосари Дариуш Луковски, Ташқи ишлар вазирлиги давлат котиби Владислав Бартошевки, Мудофаа вазирлиги давлат котиби, "Полша-Ўзбекистон" парламентлараро дўстлик гуруҳи раиси Павел Бейда ҳамда Инвестициялар ва савдо агентлиги президенти Анджей Диха билан учрашувлар ўтказди.

Музокараларда ўзбек-поляк икки томонлама ҳамкорлигининг жорий ҳолати ва истиқболлари, жумладан, сиёсий, парламентлараро, хавфсизлик, мудофаа ва савдо-иқтисодий соҳаларидаги муносабатларни янада кенгайтириш имкониятлари батафсил муҳокама қилинди.

2025 йилга мўлжалланган икки томонлама тадбирлар ва ташрифлардан иборат бой кун тартиби, жумладан, Полшанинг Европа Иттифоқи Кенгашида раислиги доирасидаги ташаббуслар кўриб чиқилди. Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

Томонлар Ўзбекистон ва Полша ўртасидаги ўзаро манфаатли шерикликни янги босқичга олиб чиқиш бўйича истиқболли йўналишларни белгилаб олди ҳамда 2025 йил икки томонлама ҳамда Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги алоқаларга янги суръат бағишловчи тарихий йил бўлишига умид билдирдилар.

Шунингдек, Европа Иттифоқининг Global Gateway ташаббуси доирасидаги имкониятлар ва Транскаспий халқаро транспорт йўналиши каби инфратузилма лойиҳаларини ривожлантиришнинг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди.

Мавзуга оид