Жаҳон | 23:40 / 08.04.2025
5501
3 дақиқада ўқилади

Россия авиакомпанияларига чет эл самолётларини экипажи билан бирга ижарага олишга рухсат берилди

Самолёт парвозга қўйилиши учун Россия ваколатли органи томонидан берилган эксплуатация рухсатномаси талаб қилинади.

Фото: ТАСС

Россия Давлат думаси авиаташувчиларга халқаро рейсларни амалга ошириш учун чет эл операторларидан ҳаво кемаларини экипажи билан бирга ижарага олиш имконини берувчи қонунни маъқуллади.

Қонунга кўра, бу каби ижара шартномалари иштирокчи давлатларнинг миллий қонунчилигига ва Россия томонидан имзоланган халқаро келишувларга мувофиқ бўлиши керак. Самолётнинг парвозга қўйилиши учун Россия ваколатли органи томонидан берилган эксплуатация рухсатномаси талаб қилинади.

2024 йил сентябр ойида Россияда бу турдаги лизингга оид дастлабки қонун қабул қилинган эди. Унга кўра, самолётлар экипажи билан фақатгина Россия компаниялари ўртасида ва фақат ички йўналишлар бўйича ижарага олиниши мумкин эди. Бу тизим ижарачига қўшимча самолётлар олиш имконини берса, ижарага берувчи томонга флотни бошқариш ва иш ҳақи билан боғлиқ харажатларни камайтиришга ёрдам беради. Бу асосда биринчи битим ўтган йил охирида тузилган — «Аэрофлот» iFly авиакомпаниясидан экипажи билан бирга учта кенг фюзеляжли Airbus А330 самолётини ижарага олган эди.

Мазкур амалиётни халқаро йўналишларга ҳам татбиқ этиш ташаббуси «Аэрофлот»дан чиққан. Компания бош директори Сергей Александровский бу ёндашув авиаташувчиларга хорижий самолётларни жалб қилиш ҳисобига ўз салоҳиятини янада ошириш имконини беришини таъкидлаган. Шундан сўнг Россия Транспорт вазирлиги бу борадаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқаётганини эълон қилган.

Авиация бўйича эксперт Григорий Померанцевнинг фикрича, бундай лизинг Ғарб санкциялари шароитида долзарб ҳисобланади. Чунки Россия авиакомпаниялари янги самолётлар ва эҳтиёт қисмлардан фойдаланиш бўйича тақиққа учраган.

«Ростех» давлат корпорацияси раҳбари Сергей Чемезов эса март ойида яқин йилларда Россия авиакомпаниялари паркларда қолган камида 200 та хорижий самолётни ҳисобдан чиқаришга мажбур бўлишини айтганди. Санкциялар туфайли улар расмий хизмат кўрсатиш ва оригинал эҳтиёт қисмлар етказиб берилишидан узилган. Чемезовнинг қайд этишича, бу самолётлар 2030 йилгача эксплуатациядан чиқарилиб, маҳаллий муқобиллар билан алмаштирилиши керак.

Муаммонинг кўлами ҳақида Россавиация тақдим этган рақамлар ҳам далолат беради. Унинг раҳбари Дмитрий Ядровнинг айтишича, Россия авиакомпаниялари хизмат кўрсатиш ва эҳтиёт қисмлар йўқлиги сабабли аллақачон 58 та хорижий самолётдан айрилган. Умуман олганда эса мавжуд ғарб самолётлар паркининг 30 фоизгача — тахминан 700 та Boeing ва Airbus самолётлари хавф остида қолмоқда. Айни пайтда айнан мазкур самолётлар мамлакатдаги йўловчи ташувларининг 90 фоизини таъминлаяпти.

Мавзуга оид