Жаҳон | 09:05 / 09.04.2025
34609
6 дақиқада ўқилади

Трамп Оқ уйда матбуот кўз ўнгида Нетаняҳуни таҳқирлади — Исроил ОАВ

Исроил оммавий ахборот воситаларига кўра, АҚШ президенти Доналд Трамп Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳуни Оқ уйдаги учрашувдан сўнг матбуот кўз ўнгида таҳқирлаган. Нетаняҳу эса амалда Вашингтондан бўш қўллар билан қайтган.

Фото: Bloomberg

Исроил бош вазири матбуот хизмати маълум қилишича, у Венгрияга қилган ташрифидан сўнг, Трамп таклифи билан АҚШга учиб кетган.

Журналистлар учун қилган баёнотида Нетаняҳу томонлар божлар масаласини, Ғазодаги ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув музокараларини, Исроилдаги маҳкумлар ҳолатини, Сурияда Туркия ва Исроил ўртасидаги кескинликнинг ўсиши ҳамда Эрон масаласини муҳокама қилганини маълум қилган.

Трамп Нетаняҳуни Оқ уйдаги Овал кабинетда қабул қилди ва матбуот учун қўшма баёнот берди.

Исроил матбуотининг таъкидлашича, Трамп матбуот камералари олдида Нетаняҳуни таҳқирлаган ва учрашув якунларига кўра Нетаняҳунинг қўллари бўш қолган.

Шармандали ва таҳқиромуз

Walla сайтида Барак Равид томонидан чоп этилган таҳлилий мақолада таъкидланишича, Нетаняҳу Вашингтондан ўзи истаган ҳеч бир натижани қўлга киритмаган.

Унинг сўзларига кўра, Нетаняҳу «шармандали ва таҳқиромуз» ҳолатга тушиб қолган ва «у Эрон ядровий дастури, Исроилга нисбатан жорий этилган 17 фоизлик бож масалалари ва Суриядаги Туркия мавқейини ҳал қилиш каби энг муҳим масалаларда Трампга таъсир ўтказиш имкониятидан маҳрум бўлган».

7 апрелдаги учрашувни Исроил бош вазирининг Трамп билан энг муваффақиятсиз учрашуви деб баҳолар экан, Равид: «Нетаняҳу камералар олдида шунчаки кулиб турди ва Трампнинг баёнотларига кўникишга мажбур бўлди», деб ёзади.

«Нетаняҳу Доналд Трамп саҳнасининг статистига айланди. АҚШ президенти ярим соатдан зиёд саволларга жавоб берди —унинг меҳмони эса студия саҳнасидаги декорациянинг бир қисми каби турди. Ёки, Нетаняҳунинг ўзи машҳур видеосида айтганидек, гултувакдек ўтирди», — деб ёзади у.

Нетаняҳунинг «АҚШ билан савдо мувозанатини бартараф этиш» бўйича ваъдаси Трампга таъсир қилмади. АҚШ раҳбари Исроил бош вазирини ҳарбий ёрдам масаласида танқид қилди.

Равиднинг таъкидлашича, февралда бўлиб ўтган учрашувдаги кўтаринки кайфиятдан фарқли равишда бу сафар «Нетаняҳу худди тилини ютгандек кўринган».

Учрашувнинг кўзга кўринмас томонлари тўғрисидаги мулоҳазаларини баён этар экан, Равид шундай ёзади: Нетаняҳу учрашув вақтида Туркиянинг Суриядаги фаолиятидан хавотир билдирган ва АҚШдан президент Ражаб Тоййиб Эрдўғанга босим ўтказишни сўраган, бироқ бу илтимос эшитилмаган. Қайтага, Трамп Эрдўғанни мақтаб кетган.

«Хулоса шундаки, бу учрашувдан на Нетаняҳу, на Исроил давлати ҳеч нарса ютгани йўқ», — деб ёзади Равид.

Таҳқирланиш ҳолатидаги кутилмаган «сюрприз»

«Маарив» газетаси сиёсий таҳлилчиси Анна Барски «Трамп Нетаняҳуни тўғридан тўғри эфирда таҳқирлади ва бу учрашув Нетаняҳунинг ташриф мақсадларини йўққа чиқарди», деб ёзди.

Барскининг таъкидлашича, Нетаняҳу бу ташрифни жамоатчилик олдида муваффақиятли деб кўрсатишга уринади, воқеаларни ўзига маъқул тусда тақдим қилишга ҳаракат қилади. Аммо шунга қарамасдан, у бу ташриф натижаларини яшириш ёки тўғридан тўғри эфирда айтилган баёнотлардан кейин ҳодисани унутишни уддалаши қийин бўлади.

Муаллиф учрашувни шундай таърифлайди: «Бир сўз билан ифодаланганда — сюрприз, уч сўз билан айтганда — таҳқирланган ҳолатдаги сюрприз».

Нетаняҳу бу ташрифни «АҚШ томонидан Исроилга нисбатан жорий қилинган 17 фоизлик божлар муҳокамаси» деб эълон қилган бўлса-да, аслида музокара мавзуси Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги ядровий дастур бўйича тўғридан тўғри музокаралар бўлган. Барскининг таъкидлашича, АҚШ шанба куни Ўмонда Эрон билан тўғридан тўғри музокараларни бошлашини меҳмон олдида эълон қилган.

Нетаняҳу Исроил ва АҚШ ўртасидаги савдо дисбалансини бартараф этишга ваъда берган бўлса-да, Трамп божларни бекор қилиш ниятида эканини билдирмади ва АҚШ шундоқ ҳам ҳар йили Исроилга 4 млрд долларлик ёрдам кўрсатишини эслатиб қўйди.

Трамп президент Эрдўған билан яхши муносабатларини таъкидлар экан, исроиллик журналист Эрдўғаннинг Нетаняҳуни кескин танқид қилган баёнотларини эслатиб ўтди.

Барскининг хулосасига кўра, «зудлик билан амалга оширилган ва барча масалаларни ҳал қилиб, Исроилга сиёсий очколар билан қайтиш керак бўлган мазкур ташриф ачинарли воқеа билан якунланди ва кўплаб саволлар, кам жавоблар қолдирди».

Бож масаласида ҳам таҳқирли жавоб

«Едиот Ахронот» газетасида Итамар Эйҳнер имзоси билан чоп этилган таҳлилий мақолада ҳам Трамп билан шошилинч учрашувдан сўнг Нетаняҳу юртига қўли бўш қайтаётгани таъкидланган.

Муаллиф Трамп кўпроқ Эрон билан дипломатик музокараларга урғу бергани ва Исроил товарларига божларни жорий этишни давом эттиришини таъкидлаганини келтирмоқда.

Кўп фикрлардан фарқли ўлароқ, Нетаняҳунинг Вашингтонга шошилинч ташрифига асосий сабаб бож масаласи эмас, балки Эрон билан олиб борилаётган музокаралар бўлган. Трамп Эрон билан юқори даражадаги музокаралар олиб борилаётганини Нетаняҳуга маълум қилган.

АҚШ ва Эрон ўртасида ўтказилаётган тўғридан тўғри музокаралар — бу Нетаняҳу эшитишни энг хоҳламаган нарса эди.

«Бож масаласида Нетаняҳу янада таҳқирли жавоб олди», — деб ёзади муаллиф.

Исроил АҚШ товарларига божларни бекор қилган бўлса-да, АҚШ Исроил товарларига жорий этилган божларни олиб ташламади. Трамп эса АҚШ «Исроилга кўпдан бери ёрдам бериб келаётганини» миннат қилди. Шундай қилиб, Нетаняҳу яна қўли бўш қайтди.

Муаллифнинг таъкидлашича, «Сурияда Туркия таъсирининг ортгани» ҳақида гап кетар экан, Трамп президент Эрдўғанни яхши кўриши ҳақида гапирган ва Исроил ҳамда Туркия ўртасидаги зиддиятнинг олдини олиш учун воситачи бўлишни таклиф қилган.

Мавзуга оид