Бастакорнинг мияси ўлимдан кейин куй «яратишда» давом этмоқда
Австралиянинг Ғарбий санъат галереясида ўрнатилган янгича инсталляцияда тингловчилар нотиқ оркестр эмас, балки инсон миясининг кичик фрагменти яратаётган симфонияни эшитмоқда.

Фото: Revivification
Бу «мини-мия» аллақачон ҳаётдан кўз юмган америкалик авангард-композитор Элвин Люсие қонидан олинган ҳужайралардан лаборатория шароитида тўрт йил давомида етиштирилган, деб хабар бермоқда The Guardian.
«Revivification» деб номланган лойиҳа санъаткорлар ва нейробиологларни бирлаштириб, ижод, ҳаёт ва онгнинг чегараларини ўрганишга уринади. Марказий элемент — инсон мияси фаолиятига тақлид қилувчи микро тузилма — церебрал органоид. У Люсие ҳаётлик пайти топширган қондан олинган ўзак ҳужайралар асосида яратилган.
Инсталляция бир вақтнинг ўзида ҳам эшитиладиган, ҳам кўринадиган шаклга эга: у 20 та катта жез пластинасидан иборат бўлиб, деворларга параболик шаклда қия эгилиб жойлаштирилган. Ҳар бир пластина ортида нейрон сигналларига жавоб берувчи динамик ва механик болғача жойлашган. Бу тизим мини-миядан чиқадиган электр импулслари орқали ҳаракатга келади ва бинони ғайриоддий мусиқий муҳитга тўлдиради.
Лойиҳа шунинг билан ажралиб турадики, органоид нафақат «мусиқа ижро этади», балки атроф-муҳитдаги товушлар — меҳмонлар овозлари ёки ўзи юзага келтирган акустик сигналлар орқали ўзига таъсир кўрсатади. Бу товушлар электр импулсига айлантирилиб, қайта органоидга узатилади — яъни ёпиқ цикл вужудга келади. Муаллифларнинг таъкидлашича, бу органоид қандай ўзгараётганини ва ҳатто ўрганаётганини кузатиш имконини беради.
«Зиналардан пиёда пастга қараб тушаётганингизда, сиз одатий ҳаётни эмас, балки бошқача бир тирик нарсани кўрасиз», — дейди лойиҳа ҳаммуаллифи, рассом Натан Томпсон.

Элвин Люсие ҳаётлик пайтидаёқ мия тўлқинлари билан мусиқа яратиш устида тажриба қилган. У 1965 йилда «Music for Solo Performer» асари орқали ЭЭГ-сигналлардан мусиқада фойдаланган биринчи композиторга айланган. Шу сабабли органоидни унинг «ўлимдан кейинги ижрочиси» сифатида кўриш лойиҳанинг мантиқий давоми ҳисобланади.
«У ҳаётлик пайтидаёқ: «мен абадий куй яратаман», — деб ваъда берганди ва ушбу тажрибага розилик берган», — дейди лойиҳа раҳбарларидан бири Гай Бен-Ари.
Бундай лойиҳа этик ва фалсафий саволларни ҳам кўндаланг қўймоқда: онгсиз мия ёрдамида яратилган овозни ҳақиқий ижод намунаси деса бўладими? Санъат деганлари тирик онг билан боғлиқ бўлиши шартми?
Мавзуга оид

15:01 / 23.01.2025
Ультратовуш ёрдамида инсон кайфиятини кўтарадиган чип яратилди

23:08 / 29.10.2024
Шопеннинг йўқолган мусиқий асари қарийб 200 йилдан кейин топилди

15:42 / 25.10.2024
Олимлар миянинг 3D-атласини яратди – у нима учун керак?

23:10 / 19.10.2024