Жамият | 17:05 / 16.04.2025
26201
2 дақиқада ўқилади

Туркияга алдов йўли билан чақирилган вояга етмаган ўзбекистонлик қиз ватанга қайтарилди

Ўқиш учун Туркияга борган қиз босимга учраб, фоҳишалик билан шуғулланишга мажбурланган.

Фото: Ўзбекистоннинг Истанбулдаги консулхонаси

Туркияга алдов йўли билан чақирилган ва мураккаб вазиятга тушиб қолган вояга етмаган Ўзбекистон фуқароси ватанга қайтарилди. Бу ҳақда мамлакатнинг Истанбулдаги элчихонаси хабар берди.

Аниқланишича, ота-онасидан эрта айрилган С.С. ўзининг қонуний васийлари розилигисиз, Туркия олий ўқув юртларида таҳсил олиш мақсадида Истанбул шаҳрига борган. У ўзбекистонлик танишининг тавсияси билан Туркияда таҳсил олаётган А.Д. исмли шахс билан боғланган.

Туркияга келганидан сўнг, С.С.ни А.Д. исмли шахс кутиб олган ва унга босим ўтказиб, қизни фоҳишалик билан шуғулланишга мажбурлаган. Қаршилик қилган тақдирда эса уни маҳаллий жиноий гуруҳларга топшириш билан қўрқитган.

Ўз ҳаёти хавф остида қолганини англаган С.С. ёрдам сўраб ўзбек диаспора вакилларига мурожаат қилган. Қиз фаоллар томонидан Бош консулхонага олиб келинган ва мазкур фуқаронинг ҳолати ўрнатилган тартибда кўриб чиқилган.

Ушбу ҳолатга алоқадор шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўриш бўйича ишлар ташкил этилган.

14 апрел куни Бош консулхона, «Ўзбек хотин-қизлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти» ва Ўзбекистон Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси билан ҳамкорликда вояга етмаган фуқаронинг ватанга қайтиши ташкил этилган ва у белгиланган тартибда давлат қарамоғига топширилган.

Ўзбекистонда С.С. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан кутиб олинган ва ҳозирда уни оилавий муҳитга қайтариш бўйича чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Аввалроқ Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонасига келиб тушган маълумотлар асосида хорижда ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган вояга етмаган қиз ватанга қайтарилгани тўғрисида хабар берилганди.

Мавзуга оид