17 апрел янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
Таъмирланишга тушган Ҳастимом мажмуаси, Туркияда алданган қиз, Хитойда аудитдан ўтказиладиган Leapmotor ва экинларга зиён етказувчи совуқ кутилмаси — ўтган кун давомида Kun.uz’да ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.
Ҳастимом мажмуаси таъмирланади
Тошкентдаги Ҳазрати Имом мажмуасидаги тарихий бинолар қайта таъмирланади. Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгаши мазкур лойиҳаларни ёдгорликларга зарар етказилмаслиги шарти билан маъқуллади.
9 апрелда ўтган йиғилишда Абу Бакр Каффол Шоший мақбараси, Бароқхон ва Мўйи Муборак мадрасалари, Намозгоҳ ва Тиллашайх масжидлари бўйича реставрация ишлари муҳокама қилинди. Барча лойиҳалар кенгаш аъзолари томонидан бир овоздан тасдиқланди.
Қайд этилишича, девор таги махсус 250×250×50 ўлчамдаги хумдонда пиширилган мусулмон ғишти билан тўшалади. Ижро ва назорат Маданий мерос агентлиги ҳамда тегишли давлат муассасалари зиммасига юклатилган.
Шунингдек, Қизилтепа тарихий музейини таъмирлаш ва Хўжаободдаги Манак ота зиёратгоҳига янги иншоотлар қуриш лойиҳалари ҳам маъқулланди.
Ҳайдовчилар ўртасида жанжал
Ижтимоий тармоқларда Тошкентнинг Юнусобод туманида икки ҳайдовчи ўртасидаги муштлашув акс этган видео тарқалди. Ҳодиса 12 апрел куни 13-мавзеда содир бўлгани аниқланган.
Маълум қилинишича, Spark автомашинасининг 34 ёшли ҳайдовчиси ва Matiz автомашинасининг 20 ёшли ҳайдовчиси йўлда талашиб, ўзаро жанжаллашган.
Spark ҳайдовчиси ўз машинасидан тушиб, темир жисм билан Matizʼнинг ойналарини синдирган ва унинг рулидаги ёш йигитнинг бошига уриб, тан жароҳати етказган. Жабрланган фуқаро шифохонага мурожаат қилган.
Юнусобод тумани ички ишлар бўлими тергов бўлими томонидан ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 277-моддаси — безорилик асосида жиноят иши қўзғатилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Туркиядаги қурбон қиз ватанга қайтарилди
Ўқиш баҳонасида Туркияга борган ўзбекистонлик вояга етмаган қиз алдамчилик қурбони бўлиб, фоҳишаликка мажбурланган. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси маълум қилди.
Маълум бўлишича, ота-онасидан эрта айрилган С.С. қонуний васийсиз Туркияда ўқиш ниятида Истанбулга йўл олган. У ерда уни А.Д. исмли ватандоши кутиб олган ва таҳдид орқали жиноий фаолиятга мажбурлаган.
Ҳаёти хавфда қолганини англаган қиз ўзбек диаспорасига мурожаат қилган. У фаоллар ёрдамида консулхонага етказилган ва ҳолат расмий тартибда кўриб чиқилган.
Қиз 14 апрел куни Ўзбекистонга қайтарилди. Бу жараёнда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Ижтимоий ҳимоя агентлиги иштирок этди. Ҳозирда С.С.ни оилавий муҳитга қайтариш ишлари олиб борилмоқда.
Leapmotor Хитойда аудитдан ўтади
Leapmotor компанияси Ўзбекистонда фақат расмий дистрибютор орқали фаолият юритишини тасдиқлади. UzTest маркази маълумотига кўра, норасмий олиб кирилган C16 автомобиллари тан олинмайди, уларга кафолат ҳам берилмайди.
Кейинги икки ҳафтада ўзбекистонлик мутахассислар Хитойга бориб, заводда техник аудит ўтказади. B10EV ва B10EREV моделлари бўйича синов ҳисоботлари тақдим этилади.
UzTest ва компания ўртасида сифат назоратини кучайтиришга қаратилган ҳамкорлик йўлга қўйилади.
Бундан аввал Пискентдаги лабораторияда C16 русумли машинада нуқсон аниқланиб, мартдан бошлаб бу русумдаги машиналар импорти тақиқланган эди. Лекин 14 апрелда ўтказилган такрорий синовдан кейин тақиқ шартли равишда олиб ташланди.
Апрелда дарахтларни совуқ уриши кутиляпти
17–19 апрел кунлари кўплаб ҳудудларда ёмғир ёғиши, 19 апрел тонгида эса айрим вилоятларда ҳарорат нол даражагача пасайиши мумкин. Бу — ўсимликлар учун хавф.
Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатовга кўра, баҳор бошидаги намлик лалми ерлар учун фойдали бўлди, аммо Бухоро ва Навоийда ёмғир бўлмади. Кучли ёғингарчилик Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, водий вилоятларида кутиляпти.
Айрим жойларда 50 ммгача ёмғир ёғиши — бу 1 гектарга 500 тонна сув дегани. Шамол эса сониясига 15 метр тезликдан ошиб кетса, зарарли бўлиши мумкин.
19 апрел тонгида Самарқанд, Қашқадарё, Фарғона водийси ва Тошкент вилоятининг тоғолди ҳудудларида ҳарорат қисқа муддатга нол даражага тушиши мумкин. Бу вақтда боғдор ва деҳқонлар экинларини асраб қолиши учун эътиборли бўлиши керак.
Энг кўп қайд этилган ҳуқуқбузарликлар
2025 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон судлари 138 мингдан ортиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик ишини кўриб чиқиб, 105 мингдан ортиқ шахсга нисбатан жазо тайинлади.
Олий суд маълумотига кўра, 19 минг 201 киши ярашув туфайли жавобгарликдан озод қилинган. Энг кўп аниқланган ҳуқуқбузарликлар — майда безорилик, ички ишлар ходимининг талабини бажармаслик, лицензиясиз йўловчи ташиш, энергиядан фойдаланиш қоидаларини бузиш ва ҳақорат.
Шунингдек, йўл қоидаларини бузиб тан жароҳати етказиш, маст ҳолда транспорт бошқариш, жамоат жойларида алкоголли ичимликлар истеъмоли, савдо қоидаларини бузиш ва совуқ қурол олиб юриш ҳолатлари ҳам кўп қайд этилган.
Апелляцияда 637 қарор бекор қилинган, кассацияда эса 1021 қарор кучдан қолдирилган. Судлар кўриб чиқиши билан ҳуқуқбузарликлар бўйича таҳлил ва қарорлар ислоҳ қилинган.
Мавзуга оид

23:21 / 24.04.2025
24 апрел янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

20:58 / 23.04.2025
23 апрел янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

22:15 / 22.04.2025
22 апрел янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

22:55 / 21.04.2025