«Бу йигит болта олиб чопяпти» – Байден президентликдан кетгач илк марта чиқиш қилди
Кўзингиз тушган бўлса, бир неча кун аввал «Жо Байден қаерда?» деган видео эълон қилиб, демократ Трамп президентликка киришганидан кейин оммавий чиқиш қилмай қўйгани ҳақида гапиргандик. 15 апрел куни Байден президентликдан кетганидан кейин илк марта оммавий чиқиш қилди. Видеода демократ нутқида нималар деганига тўхталамиз.
100 кунлик «юбилей»
Америкада бирор президент Оқ уй раҳбари сифатида иш бошлагач, дастлабки 100 кундан кейин унинг ишлари сарҳисоб қилинади. Бу ўзига хос рамзий кун ҳисобланади. 100 кунликда президент катта интервю беради, нималар қилгани, дастлабки ислоҳотлари ҳақида уни сайлаган америкаликларга ҳисобот беради. Жо Байденнинг илк оммавий чиқиши ҳам айнан Трампнинг 100 кунлиги даврига тўғри келди.
Жо Байден ярим соатлик нутқи давомида Трампни танқид қилди ва қизиғи бирор марта унинг номини тилга олмай «у йигит» деб гапирди. Балки Байден сиёсий рақибларини исми билан атамасликни Владимир Путиндан ўргангандир.
Демократ президентликдан кетганидан кейинги илк нутқини Чикагодаги адвокатлар, маслаҳатчилар ва ногиронлар вакилларининг миллий конференциясида сўзлади. Унинг нутқи демократлар ижтимоий ҳимоя куни акцияси ўтказишга даъват қилаётган вақтга тўғри келди.
Байден Трамп АҚШдаги миллионлаб одамлар ҳаётига таъсир қиладиган ижтимоий ҳимоя дастурларини «болта олиб чопаётганини» қоралади: «100 кун ҳам бўлмай янги маъмурият шунчалик кўп зарар келтирдики, улар ижтимоий таъминот ходимларини «болта билан чопишяпти», деди Байден.
Демократлар охирги вақтларда Трамп маъмурияти 73 миллиондан ортиқ америкаликларга ижтимоий ёрдам кўрсатиб келадиган агентлик фаолиятини чеклашга уринаётганига эътибор қаратмоқда. Трамп миллиардер Илон Маскнинг DOGE агентлигига бюджет харажатларини қисқартиришни буюргач, улар халқаро лойиҳалардан ташқари америкаликларга ижтимоий ёрдам кўрсатиладиган лойиҳаларни ҳам чеклашни бошлаган. Хусусан, Маск суд ноқонуний деб топганига қарамай қариялар ва ногиронларга ёрдам пули берадиган ташкилот ходимларининг шахсий маълумотлар базасига кириш ҳуқуқини қўлга киритиб, уларни қисқартиришни бошлаган.
«Энди тасаввур қилинг, сиз ёлғиз яшайдиган нафақахўр бўлиб, фақат ижтимоий ҳимояга боғланиб қолган бўлсангиз, қандай ҳолатга тушасиз? АҚШ тарихида илк марта ижтимоий ёрдам кечикиши ёки буткул бекор қилиниши мумкин. Рузвелт бу лойиҳани ишлаб чиққач 90 йилдан буён муҳтожлар урушга, пандемияга қарамай ижтимоий ёрдам олиб келган. Ва энди буни ўзгартиришмоқчи. Бу миллионлаб оилалар учун ҳалокатли бўлади. Ижтимоий ҳимоя бу шунчаки давлат дастури эмас, бу бизнинг миллат сифатида берган муқаддас ваъдамиздир. Биз бундай тарқоқ миллат каби давом этишимиз керак эмас», деди Байден.
«Ўзларини ким деб ўйлашяпти?»
Демократнинг сўзларига кўра, Трамп маъмурияти ижтимоий ҳимоя соҳасидаги 7 мингдан ортиқ одамни ишдан бўшатган ва яна минглаб одамларга чиқиш эшиги кўрсатилади.
Илон Маск ижтимоий ҳимоя агентлиги ёрдам пули берган одамлар орасида 300 ёшли америкаликлар ҳам бўлгани, жуда кўпчилик шундай сохта ҳужжатлар ёрдамида пул олганини айтганди. Байден бу воқеа ҳақида кулиб гапирди. «Дарвоқе, 300 ёшга кирган ўша одамлар билан учрашмоқчиман. Жин урсин, оғайни», деб Маскка мурожаат қилди Байден.
АҚШ янги савдо вазири Ҳовард Лутник ёрдам пули тушмаса қайнонаси хафа бўлмаслиги ҳақида гапирганди. Байден вазирни ҳам исмини айтмай танқид қилди. «Жин урсин, улар ўзларини ким деб ўйлашяпти ўзи?» деди собиқ президент ижтимоий ҳимояни қисқартиришга интилаётган Конгрессдаги республикачиларни танқид қиларкан.
Аввалроқ Жо Байден Демократик партия оёққа туриши учун оммавий чиқишларга қайтишга, партия учун пул тўплашга тайёрлиги айтилганди. Унинг президентликдан кетганидан кейинги илк чиқиши партия ташаббуслари билан бир вақтга тўғри келганига қараганда 82 ёшли Байден чиндан яна катта саҳналарга қайтиши мумкин.
Ўткир Жалолхонов тайёрлади.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Жаҳонгир Алибоев.
Мавзуга оид

23:25 / 24.04.2025
Трамп миллионерлар учун солиқларни оширишдан бош тортди

22:09 / 24.04.2025
Муддат қўювчи Трамп: бунинг охири борми?

21:23 / 24.04.2025
Зеленский Трампга Россия—Украина урушини тугатиш бўйича янги таклифлар юборилганини маълум қилди

18:50 / 24.04.2025