Бугун Фарғона водийси «порох бочкаси» эмас – Президент матбуот котиби
Шерзод Асадовнинг таъкидлашича, баъзи сиёсий башоратларга қарамай, бугун Фарғона водийси «порох бочкаси» эмас, балки имкониятлар, фаровонлик, тинчлик, яхши қўшничилик ва бунёдкорлик маконига айланди.

Фото: Президент матбуот хизмати
1997 йилда америкалик геостратег Збигнев Бжезинский «Буюк шахмат тахтаси» китобида Фарғона водийсини геосиёсий кескинлик ўчоғига айланишини башорат қилган, айрим экспертлар эса ҳатто «порох бочкаси»га ўхшатган эди. Аммо бу башорат рўёбга чиқмади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёевнинг матбуот котиби Шерзод Асадов ёзди.
«Дарҳақиқат, учта мустақил мамлакатга дахлдор бу қадимий ҳудудда яқин-яқингача шундай воқеалар рўй бердики, кўпчилик бу машъум башорат ҳақиқатдан унчалик ҳам йироқ эмаслигига ишонганди. Аммо бугун биз бутунлай бошқача воқеликда яшамоқдамиз. Президент Шавкат Мирзиёевнинг узоқни кўра биладиган раҳбарлиги, тизимли ва чуқур ўйланган ислоҳотлари туфайли Фарғона водийсининг учта вилояти ва унинг юраги бўлмиш Андижон бутунлай ўзгариб кетди», деб ёзди Асадов.
Президент матбуот котибининг таъкидлашича, бугунги кунда Андижон иқтисодий ўсиш, тадбиркорлик ташаббуси, инновация руҳи, интеллектуал тараққиёт ва маданий тикланишнинг қудратли марказига айланган. Бу шундай заминки, ҳар бир янги лойиҳа келажак пойдеворини мустаҳкамлайдиган тамал тошидир. Бу ерда одамлар орзу қиляпти ва ўз мақсадига эришяпти. Ўқийман, изланаман, даромад топаман ва бошқаларга ҳам даромад манбаи яратаман деганларга – кенг йўл. Янги – Бобур шаҳри қурилмоқда.
«Тан олиш керак, Андижон - илм, интилиш, меҳнатсеварлик ва тўғри йўлга қўйилган давлат сиёсати бутун бир ҳудудни нақадар ўзгартириб юбориши мумкинлигининг ёрқин намунасидир. Аҳолиси зич, ер ресурслари чекланган, яқингача саноати фақат Асака заводидан иборат бўлиб келган вилоят аҳли Президентимиз олиб бораётган ислоҳотлар кучидан, яратилган ҳар бир имкониятдан тўлиқ, максимал даражада фойдаланяпти, ҳар жабҳада реал, кундалик ҳаётда сезиш мумкин бўлган натижаларга эришаяпти. Бундан қувонсак ва ибрат олсак арзийди, албатта», деб ёзди Асадов.
Унинг таъкидлашича, эски башоратларни унутиш вақти келди. Энди уч давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари ва дўстлиги туфайли бугун Фарғона водийси «порох бочкаси» эмас, балки имкониятлар, фаровонлик, тинчлик, яхши қўшничилик ва бунёдкорлик маконига айланди.
«Андижон, Фарғона ва Наманганга келсак, улар эртанги кунга ишонч ва кучли, адолатли давлат раҳбарининг эътибори билан халқимиз нималарга қодир эканини исботламоқда», деб ёзди Асадов.
Мавзуга оид

18:14 / 24.04.2025
Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедов биргаликда дарахт экиб, «Замонлар садоси» кўргазмаси билан танишди

14:31 / 24.04.2025
Туркман халқининг миллий етакчиси «Олий Даражали Дўстлик» ордени билан мукофотланди

14:15 / 24.04.2025
Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедов Самарқандда музокара ўтказди

07:30 / 24.04.2025