Исломий инвестициялар потенциали – 4 триллион доллар. Унга очилиш учун эса бизда экотизим йўқ — мутахассислар
Kun.uz'да чиққан мултфилм ортидан деҳқонлардан кўплаб қўнғироқлар бўлди: “салам шартномасини тузиш учун қаерга мурожаат қилайлик?” Бу имконият ҳали бизда мавжуд эмас, деб жавоб беришга тўғри келди. Хўш, Ўзбекистон исломий молия потенциалидан фойдаланишда кечикяптими? Kun.uz мавзу юзасидан мутахассисларни саволга тутди.
Шокир Шарипов, журналист: Исломий молия ҳозирги воқелигимизда бизга нега керак?
Искандар Турсунов, Ислом молияси бўйича мутахассис: Ислом молияси муқобил молиявий тизим ҳисобланади. Бутун дунёда халқаро молия тизимида ислом молиясини жорий қилаётган кўп давлатлар мавжуд.
Ҳаётжон Азимов, Ислом молияси бўйича мутахассис: Ислом молиясининг асосий мақсади, воқеликдан келиб чиқиб, халқаро, юридик ва жисмоний шахслар ўртасида адолатни таъминлашдир. Унинг асосий тамойиллари ислом кўрсатмалари билан уйғунлашган.
Шокир Шарипов: Мултфилмимизни салом шартномасига бағишлаган эдик, яъни қишлоқ хўжалигига алоқадор жиҳатларга. Мултфилм чиққандан сўнг кўплаб саволлар йиғилди. Энг муҳим саволни бераман: Ўзбекистонда бу соҳа – салам шартномасини тузиб, шу шартларда фаолият юритса бўладими ёки йўқ?
Искандар Турсунов: Kun.uz билан ҳамкорликда ушбу мултфилмни тайёрлаганимизда, бевосита салам шартномасига урғу бердик, чунки Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигининг улуши ялпи ички маҳсулотда ўттиз фоиз атрофида. Қишлоқ хўжалиги эса доимий равишда молиявий ресурсларга эҳтиёж сезади. Мултфилм чиққанидан кейин деҳқонларда савол туғилди: Ўзбекистонда айни пайтда салам шартномаси асосида ишлаётган молиявий тизимлар борми ёки салам шартномаси бўйича молиялаштираётган тижорат банклари ёки микромолия ташкилотлари борми? Бизга тинимсиз қўнғироқлар бўлди. Мингдан ортиқ одам телефон қилди.
Афсуски тижорат банклари, молиявий институтлар ёки микромолия ташкилотлари томонидан салам бўйича молиялаштириш ҳали мавжуд эмас. Халқаро молия ташкилотлари томонидан қишлоқ хўжалигининг маълум йўналишларини молиялаштириш учун салам шартномаси асосида баъзи линиялар кириб келган бўлиши мумкин, бироқ, ҳозир бу очиқ-ошкор қилинмаган, ишлаш жараёнида бўлиши мумкин. Бироқ, тадбиркорлар ва соҳага аралашиб юрган инсонлар ўртасида салам шартномаси асосида муносабатлар мавжуд.
Одамларга “йўқ” дедиг-у, кейин мултфилмимиз эртароқ чиқдимикан деб ўйлаб қолдик.
Ҳаётжон Азимов: Ижобий томони шундаки, мултфилм бизлар чиқарадиган постлар ёки мақолалардан тезроқ халқнинг қалбига етиб борди. Бу бизни хурсанд қилди. Иккинчидан, биз учун “фидбэк” бўлди, салам шартномаси билан иш юритишга катта эҳтиёж бор экан. Қишлоқ хўжалиги соҳасида исломий молия асосида олдин банкка мурожаат қилмаган деҳқонлар ёки фермерлар, Ислом асосида бу мумкинлигини эшитганидан кейин, руҳланиб кетишди.
Шокир Шарипов: Демак институционал даражада бу ҳали йўқ?
Ҳаётжон Азимов: Бу биттада бўлмайди. Институционал ташкил топиши Малайзияда ҳам, бошқа давлатларда ҳам йиллаб вақт олган.
Шокир Шарипов: Аммо бу аҳамиятли?
Ҳаётжон Азимов: Ислом молиясини гапирганимизда, жаҳон тажрибасида ҳам асосан институционаллаштирилган ислом молияси ҳақида гапирамиз: молиявий воситачиларнинг исломий шартларда молиявий воситачилик қилиши ҳақида гапирамиз.
Шокир Шарипов: Мисол билан тушуниш осон: дейлик менинг икки сандиқ долларим бор, салам шартномасини тузган ҳолда ишламоқчиман.
Ҳаётжон Азимов: Сизнинг, қўлида пули бор сармоядор сифатида, олдингизда иккита йўл бор. Сармоянгизни ишлатишни ўзингиз амалга ошириш ёки молиявий воситачи орқали. Биринчисида деҳқонни ўзингиз қидириб топишингиз керак ва у билан тўғридан-тўғри салам шартномасини имзолашингиз керак. Молиявий воситачи — бу микромолия ташкилоти. Ҳозир исломий банк дарчалари очилиши мўлжалланяпти, молиявий воситачи орқали пулингизни рискни диверсификация қилиш орқали бир нечта фермерларга киритишингиз мумкин бўлади. Бу – институционаллаштирилган исломий молия.
Молиявий воситачи барча ишларни ўзи қилади, сиз сармоянгиз билан молиявий воситачининг энг яқин офисигача боришингиз етарли. Телефонингизда илова ҳам бўлади. Сармоядор сифатида воситачи орқали ишлаш осонроқ ва тезроқ бўлади. Акс ҳолда сиз ҳар бир фермерни ўрганиб чиқишингиз керак бўлади: нима ҳосил қилади, қаерда жойлашган — Қашқадарёдами, Намангандами, Хоразмдами? Хоразмда масалан гуруч экилади, аммо у картошка экмоқчи. Ўрганиб чиқишингиз керак бўлади. Молиявий воситачида эса биринчидан кенг информация бор, маълумот базаси бор, иккинчидан, имконияти бор, чунки воситачининг иши шу.
Шокир Шарипов: Мен шундай тушуняпманки, бу соҳа юриб кетиши учун, ҳар бир соҳадаги каби, катта ўйинчилар кириб келиши керак бозорга, шунда юриб кетади соҳа. Ҳаммаси нарса пулга бориб тақалади чунки. Риск диверсификацияси ҳам бўлади, шартномаларингиз сони кўп бўлса, риск ҳолатидан қўрқмайсиз: биттасида куйсангиз, биттасида фойда кўрасиз. Савол: катта ўйинчилар борми Ўзбекистонга кириб келишни истаётган?
Искандар Турсунов: Ислом молияси бўйича қонуний-ҳуқуқий асосларнинг яратилиши халқаро молия институтлари, молиявий ташкилотлар, банклар ёки инвесторлар кириб келишига асосий ҳуқуқий асос бўлади. Шу асос ҳозир айнан ишлаб чиқилмоқда. Биринчи ҳуқуқий асос бу Марказий банк томонидан микромолия ташкилотларига рухсат берилган низомдир. Энди бу низом ишлаб кетиши учун баъзи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилиши керак бўлган жиҳатлар мавжуд.
Шокир Шарипов: Саволимга жавоб бермадингизлар – Ўзбекистон бозорига кирмоқчи бўлганлар борми? Улар кимлар?
Ҳаётжон Азимов: Ислом молияси ресурслари ҳақида гапирганимизда, асосан, иккита регион ҳақида гапирилади: Жануби-Шарқий Осиё ва Араб минтақаси.
Шокир Шарипов: Туркия-чи?
Ҳаётжон Азимов: Туркияда ислом молияси ресурслари доллар ҳажми жиҳатидан катта эмас, яъни уларда умумий молиявий бозорнинг жуда кичик қисми бор. Молиячилар тилида "ликвидийлик кам”. Пулнинг деярлик ҳаммаси мана шу икки регионда изоляцияда қолиб кетган, тўрт триллион доллар пул айнан шу иккита регионда тўпланган.
Ўзбекистон учун қайсидир компания кириши шарт эмас. Агар бизга етарли асос ва ҳуқуқий база яратилса, ислом молияси учун инструментлар яратсак, пул келади. Бу, масалан, почта хизмати эмас, DHL ёки UPS келиб ўз офисини очиши каби эмас. Инструментлар кўринишида, қарз шаклидаги ёки бошқа шаклидаги инструментлар орқали пул келади ва бу маблағлар молия соҳамизга, микромолия ташкилотларига ва банкларга келади.
Искандар Турсунов: Ўзбекистон аҳолиси ўттиз саккиздан қирқ миллионга қараб яқинлашаётган, аҳолисининг тўқсон фоиздан зиёди мусулмон динига эътиқод қилган катта бир давлат. Ўзбекистон ислом молияси ресурслари ва молиявий институтлари учун жуда қизиқарли бозор ҳисобланади.
Лекин бу учун яхши экотизим ва ҳуқуқий асослар яратилиши керак. Исломий молия ресурслари қайсидир банк орқали келмоқчи дейлик, агар у банкда исломий молия дарчаси мавжуд бўлмаса ёки исломий микромолия ташкилоти бўлмаса, қандай қилиб киради?
Шокир Шарипов суҳбатлашди.
Мавзуга оид

08:05 / 22.04.2025
Биринчи чоракда қарийб 9 миллиард долларлик инвестиция ўзлаштирилди

16:04 / 16.04.2025
Самарасиз иссиқхоналар Андижонга кўчирилиб, аҳолига берилади

22:13 / 11.04.2025
Трамп тарифлари инвесторларнинг АҚШ облигация бозорларидан қочишига олиб келди

15:34 / 10.04.2025