Ўзбекистон | 17:06 / 17.04.2025
5162
2 дақиқада ўқилади

Сирдарёлик раҳбарлар ўзбек тили бўйича диктантда салбий натижа қайд этгани маълум бўлди

Саводхонликни ошириш, раҳбар кадрларни босқичма-босқич давлат тилида иш юритиш асосларига ўргатиш ва уларни малака ошириш марказларига жалб этиш юзасидан чоралар белгиланди.

Фото: ЎзА

Сирдарё вилоятида давлат идоралари раҳбар ходимларининг саводхонлик даражасини баҳолаш мақсадида диктант олиш амалиёти ўтказилди. Афсуски, натижалар ижобий эмас, деб хабар берди ЎзА.

Қайд қилинишича, Соғлиқни сақлаш бошқармасининг 9 нафар раҳбар ходимидан 6 нафари, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ 5 нафар раҳбар ходимидан 4 нафари, «Ўзтелеком» АЖ Сирдарё филиалининг 10 нафар раҳбар ходимидан 7 нафари, «Ўзбекистон почтаси» АЖ вилоят филиалининг 8 нафар раҳбар ходимидан 4 нафари қониқарсиз баҳо олган. Диктантда қатнашган раҳбарларнинг умумий сони ҳақида маълумот берилмади.

Таъкидланишича, бу ҳолат вилоят раҳбарияти томонидан жиддий танқидга олинган. Жумладан, Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов давлат тилида иш юритиш қонун талаби экани, унга риоя қилиш ҳар бир раҳбар ва масъул шахснинг фуқаролик бурчи эканини айтган.

Ишчи гуруҳ томонидан аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилган. Саводхонликни ошириш, раҳбар кадрларни босқичма-босқич давлат тилида иш юритиш асосларига ўргатиш ва уларни малака ошириш марказларига жалб этиш юзасидан чоралар белгиланган.

Мавзуга оид