18 апрел янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
Экспорт чекловларини бекор қилган президент, Тошкентда ёқиб юборилган Tesla, Хоразмда тунги клубдаги ўсмир қиз ва жанубий кореяликларга берилаётган Урганч аэропорти — ўтган кун давомида Kun.uz’да ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.
Президент раислигидаги видеоселекторда чекловлар масалалари муҳокама қилинди
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган видеоселектор йиғилишида дунёда юз бераётган иқтисодий ва савдо чекловларининг Ўзбекистонга таъсирини юмшатиш масалалари муҳокама қилинди.
Жумладан, 1 июлдан бошлаб Ўзбекистонда барча товарлар экспортига чекловлар бекор қилинади. Фақат 86 турдаги ижтимоий аҳамиятга эга хомашё ва маҳсулотларга экспорт божлари сақланади. Президент бу қарор орқали тадбиркорларга кенг имконият яратилаётганини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, тадбиркорлар қиммат бозорларга чиқса, сифатни яхшилаш ва маҳсулотни кўпайтиришга интилувчи бўлади. Бу эса манфаат келтиради ва соҳа ривожига хизмат қилади.
Шу билан бирга, шакарга акциз тўлови бекор қилинади. Қуруқ сут импортига чеклов ҳам олиб ташланади. Бу 40 минг киши ишлайдиган 5,5 минг қандолат ва ичимлик ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг айланмаси 50 трлн сўмга етишига замин яратади.
Президент: Раҳбарлар тўсиқ эмас, ёрдам бўлсин
Президент Мирзиёев айрим раҳбарларни тадбиркорларга ёрдам бериш ўрнига тўсиқ бўлаётгани учун танқид қилди. Унинг сўзларига кўра, ишлаб чиқариш ва экспортни ривожлантириш учун раҳбарлар масъулиятини кучайтириш зарур.
«Ҳозирги вазиятда ўз куч ва имкониятларимизга таянишимиз керак», – деди президент. Аммо баъзи раҳбарлар вазиятнинг жиддийлигини англамаяпти.
Бир ҳафтада 3 мингдан зиёд тадбиркор билан учрашув ўтказилди. Улар халқаро бозорлардаги ўзгаришларга мослашиш учун тезкор ечимлар талаб қилмоқда. Вазирлар, ҳокимлар, банк ва тармоқ раҳбарларига кўп саволлар берилди.
Тенденцияларни ўрганмасдан, хатарларни баҳоламай, йўл очиш ўрнига тўсиқ бўлаётган раҳбарларга қаттиқ чора кўрилиши айтилди. Шунингдек, «Бозор тўғрисида»ги қонунни ишлаб чиқиш топшириғи ҳам берилди.
Тошкентда ёқилган Tesla
Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги автотураргоҳда 37 ёшли йигит М.Ж. танишига тегишли Tesla электромобилини қасддан ёқиб юборди. Ҳодиса кеча, 17 апрел куни тунги соат 23:40 да рўй берган.
Қўлга тушган М.Ж. ўз ҳаракатини ўзаро келишмовчилик билан изоҳлаган. Видеокузатувда у ёнилғи тўкиб, ўт қўйгани ва ҳодиса жойидан қочгани акс этган.
Машинага ўт кетгани ҳақида 23:51 ларда ўт ўчириш хизматига хабар берилган. Қутқарувчилар 5 дақиқада манзилга етиб бориб, 3 дақиқада ёнғинни ўчирган. Ҳодисада жабрланганлар йўқ.
Факт бўйича Жиноят кодексининг 173-моддаси асосида иш қўзғатилди. Тергов давом этмоқда.
Тунги клубдаги 7-синф ўқувчиси
Урганч шаҳридаги рейдда 7-синфда ўқиётган 14 ёшли қизнинг тунги клубда раққосалик қилиб ишлаётгани фош этилди. Қиз ижтимоий хавфли аҳволда қаровсиз қолгани учун вояга етмаганларга ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилди.
Хоразмда ўтказилаётган «Хавфсиз ва соғлом юрт» ойлиги доирасида ИИБ ходимлари томонидан тунги клубларга рейд уюштирилди. Қизга иш берган клуб раҳбари С.П.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 188-моддаси 2-қисми бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилди.
Рейдда 24 та ҳуқуқбузарлик қайд этилди. 76 нафар клуб мижозидан ОИТС бўйича қон намуналари олинди. ИИБ клуб эгалари ва ишчиларини қонунларга амал қилишга чақирмоқда.
Урганч аэропортини Корея компанияси янгилайди
Жанубий Кореянинг Incheon International Airport Corporation компанияси Урганч халқаро аэропортини модернизация қилиш ва бошқариш бўйича тендерда ғолиб деб топилди.
Лойиҳа давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилади. Хусусий шерик — юк ва йўловчи терминаллари қурилиши, ерда хизмат кўрсатиш ишларини бажаради. Давлат эса учиш-қўниш йўлаги ва перрон мажмуасини ўз зиммасига олади.
Келгусида 19 йиллик концессия шартномаси тузилади. Инчеон халқаро аэропорти Жанубий Кореянинг асосий аэропорти бўлиб, 2024 йилда 70 млн йўловчига хизмат кўрсатган.
Лойиҳа Uzbekistan Airports АЖ, Транспорт ва Молия вазирликлари ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.
8 та вилоятда сел хавфи
19–22 апрел кунлари кучли ёмғирлар оқибатида 8 та вилоятнинг тоғли ва тоғолди ҳудудларида сел-сув тошқин хавфи юзага келиши мумкин. Бу ҳақда «Ўзгидромет» огоҳлантирди.
Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Жиззах, Тошкент, Наманган, Фарғона ва Андижон вилоятларидаги бир қанча туманлар хавфли ҳудудлар сифатида кўрсатилган. Улар орасида Яккабоғ, Шаҳрисабз, Бойсун, Ургут, Зомин, Пискент, Поп, Сўх ва Хонобод каби туманлар бор.
Ҳудудларда ёмғир сувларининг тўпланиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Бу эса айрим аҳоли пунктлари ва ер майдонларини сув босишига олиб келиши мумкин.
Фуқаролар, дам олувчилар ва ҳайдовчилардан эҳтиёткорлик чораларини кўриш сўралмоқда.
Мавзуга оид

23:21 / 24.04.2025
24 апрел янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

20:58 / 23.04.2025
23 апрел янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

22:15 / 22.04.2025
22 апрел янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

22:55 / 21.04.2025