Жаҳон | 23:47 / 18.04.2025
10181
2 дақиқада ўқилади

АҚШда бир ой ичида минглаб талабаларнинг визалари бекор қилинди

Бу ҳолатдан энг кўп зарар кўрганлар Ҳиндистон ва Хитой фуқаролари бўлди. Кўплаб талабалар визаларининг бекор қилиниши сабаб Трамп маъмуриятини судга берган.

Фото: Anadolu Agency

АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти томонидан тахминан бир ой ичида мингдан ортиқ чет эллик талабанинг ҳуқуқий мақоми ва визалари бекор қилинди.

АҚШда Фаластинни қўллаб-қувватловчи намойишларда қатнашган кўплаб хорижий фуқаролар, жумладан, талабаларнинг визалари ва яшаш ҳуқуқлари бекор қилинаётгани ОАВда кенг ёритилмоқда. Associated Press томонидан 160 та университет манбаси асосида тузилган ҳисоботга кўра, АҚШ бўйлаб талабалар ва битирувчиларнинг визаларини бекор қилиш давом этяпти.

Бу ҳолатдан энг кўп зарар кўрганлар Ҳиндистон ва Хитой фуқаролари бўлди. Шунингдек, Исроилнинг Ғазо секторига қилган ҳужумларига қарши чиққан кўплаб хорижий талабалар ҳам визаларидан маҳрум бўлмоқда.

Март ойида мингдан ортиқ талабаларнинг ҳуқуқий мақоми ва визалари бекор қилинган. Талабаларга электрон почта орқали визалари бекор қилингани ҳақида хабар берилган. АҚШда юзлаб талабалар визаларининг бекор қилиниши хавфи билан дуч келмоқда. Визалари бекор қилинган талабалар депортация хавфи остида қоляпти.

Кўплаб талабалар визаларининг бекор қилиниши сабабли Трамп маъмуриятини судга берган.

Федерал судя Дартмут университетининг докторанти Шиаотиан Люнинг ҳуқуқий мақомини тиклаш учун визаларнинг бекор қилинишини вақтинча тақиқловчи қарор чиқарган. Монтана штати университетининг икки талабаси ҳам визалари бекор қилингач, вақтинча тақиқ қарори асосида ҳуқуқий мақомини тиклаган, бу эса уларнинг АҚШдан депортация қилинишининг олдини олган.

Эслатиб ўтамиз, январ охирларида АҚШ президенти Доналд Трамп «антисемитизмга қарши кураш тўғрисида»ги фармонни имзолаган эди. Унда Фаластинни қўллаб-қувватловчи намойишларда қатнашган хорижликларни – талабаларни ҳам, бошқаларни ҳам мамлакатдан чиқариб юбориш назарда тутилган.

 

Мавзуга оид