Фаластинни тан олмоқчи бўлаётган Франция, Трампдан Путинга сўнгги ултиматум ва «Толибон»ни террорчилар рўйхатидан чиқарган Россия — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.
ҲАМАС шартлари: тўлиқ чиқиш ва тинчлик
ҲАМАС 16 апрел куни Исроил билан келишув фақат бир ҳолатда — яҳудий аскарларининг Ғазодан тўлиқ олиб чиқилиши ва урушни тўхтатиш кафолатланса амалга ошиши мумкинлигини билдирди. Гуруҳнинг баёнотида «урушни бас қилмасдан, қамал бекор қилинмасдан ва қайта қуриш бошланмасдан ҳар қандай келишув сиёсий тузоқдир», дейилади.
Расмий вакил Тоҳир ан-Нуну Исроил гаровда ушлаб турилганларни қўлга киритишни истаса, у ҳам узоқ муддатли тинчлик ва Ғазодан тўлиқ чиқишга рози бўлиши кераклигини айтди. ХАМАС делегацияси Қоҳирада мисрлик ва қатарлик воситачилар билан музокара ўтказди, бироқ Reuters манбасига кўра, катта муваффақиятга эришилмаган.
Айнан Тел Авив келишувни бузмоқда, дейди ҲАМАС. Бу орада Исроил мудофаа вазири Ғазодан чиқмаслик ва у ерда ҳарбий постлар қуриш ниятида эканини билдирди.
Шу билан бирга, Исроил 6 ҳафтадан буён инсонпарварлик ёрдамларини ҳам тўсиб қўйган. Ғазода сўнгги уч ҳафтада 1650 дан ортиқ фуқаро ҳалок бўлди.
Франция июнда Фаластинни тан олмоқчи
Франция президенти Эммануэл Макрон мамлакат июн ойида Фаластин давлатини расман тан олишини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, бу қадам фақат фаластинликлар учун эмас, Исроилнинг ўзи учун ҳам муҳим бўлиши керак.
«Фаластинни тан олиш — тинчликка қадам. Бу йўлда Исроил ҳам манфаатдор бўлиши лозим», — деди Макрон.
Франция бу қарорни Европанинг бир қатор давлатлари билан келишган ҳолда амалга оширишни режалаштирмоқда. Бундай қадам аввалроқ Ирландия, Словения ва Испания томонидан ҳам амалга оширилган.
Фаластин раҳбарияти Франциянинг бу позициясини олқишлади ва уни тарихий қадам сифатида баҳолади.
Трампдан Путинга сўнгги ултиматум
АҚШ президенти Доналд Трамп Россия раҳбари Владимир Путиндан Украинада ўт очишни тўхтатиш бўйича жавобни шу ҳафта охиригача кутаётганини маълум қилди.
«Жуда тез орада улардан жавоб оламиз. Биз қотилликлар тўхташини истаяпмиз», — деди Трамп.
Трампнинг сўзларига кўра, 24 апрелга қадар Вашингтон ва Киев нодир табиий ресурслар бўйича битим имзолаши мумкин. Бу битим АҚШ Украинага ҳарбий ёрдам учун сарфлаган маблағ — аввал 300 млрд доллар деб баҳоланган «қарз»ни 100 млрд долларгача қисқартиришни кўзда тутади.
Bloomberg ва Axios манбаларига кўра, агар Путин розилик билдирмаса, АҚШ Россияга нисбатан янги санкциялар жорий этиши мумкин. Бунда Россиянинг «хуфиёна нефт флоти» ҳам нишонга олинади.
Шу билан бирга, Кремл ўт очиш бўйича мораторийни узайтиришга тайёр эканини билдирганича йўқ. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков музокаралар мураккаб кечаётганини айтди ва бунда Киев ҳамда Ғарб давлатларини айблади.
Зеленский Европа билан Трампни уриштирдими?
АҚШ президенти Доналд Трамп Европанинг Володимир Зеленскийга очиқ ҳамдардлиги учун қаттиқ норози бўлган, деб ёзмоқда Politico. 28 феврал куни Оқ уйдаги учрашувда Трамп ва Зеленский ўртасида қаттиқ тортишув юз берган, украин делегацияси музокаралардан чиқариб юборилган.
Икки кун ўтиб, Лондонда Европа етакчилари саммити бўлиб ўтди. Британия бош вазири Кир Стармер Зеленскийни самимий қарши олди ва Украина бўйича «Кўнгиллилар коалицияси» ташкил этилишини эълон қилди. Бу Европа томонининг мустақил позициясини англатди.
Зеленский ҳатто қирол Чарлз III билан учрашди — бу эса Британия монархиясини ҳурмат қилувчи Трампни янада ғазаблантирди.
Эртаси куни Трамп Украинага ҳарбий ёрдамни тўхтатди. Франция ва Буюк Британия дипломатлари воқеадан ташвиш билдирди. Айримлар бундай муносабат Британияни Киевга босим қилишга мажбур қилганини тахмин қилмоқда.
Трамп эса ҳамон Европа етакчиларига нисбатан кек сақлаб келмоқда.
АҚШ дезинформацияга қарши курашни тўхтатади
АҚШ Давлат департаменти «Глобал алоқалар маркази» номли дезинформацияга қарши курашувчи тузилмани тугатмоқда. Бу ҳақда давлат котиби Марко Рубио маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, бу марказ сўз эркинлигини чеклаб, ҳар йили 50 млн долларлик бюджетни обрўсиз мақсадларда сарфлаган.
Ушбу марказ 2016 йилда Барак Обама фармони билан ташкил этилган, асосий мақсади – Россия ва Хитой пропагандасига қарши курашиш эди. Аммо кейинчалик у айниқса консерватив оммавий ахборот воситаларини «цензура қилишда» айбланди.
2024 йилда Жо Байден маъмурияти марказни қайта ташкил қилган, аммо Трамп қайта президент этиб сайлангач, уни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Илгари Илон Маск ҳам ушбу марказни сўз эркинлигига таҳдид, деб атаган эди.
Республикачилар бу қарорни маъқулламоқда, аммо демократлар «Москва ва Пекинга майдон бўшатиб берилмоқда», дея бу қарорни танқид қилмоқда.
АҚШ ҳозирча Россияга парвозларни тикламайди
Москва Вашингтонга тўғридан-тўғри авиақатновларни қайта тиклашни таклиф этди, аммо АҚШ бундан бош тортди. Бу ҳақда Путин ёрдамчиси Юрий Ушаков «Россия 1» телеканалига маълум қилди. Унга кўра, АҚШ биринчи навбатда Украина масаласида «силжиш» бўлишини талаб қилмоқда.
«Америкаликлар Украина бўйича илдамлашишни кутяпти, кейингина авиақатнов масаласи муҳокама этилади», — деди Ушаков. Шунингдек, у Путин ва Трамп ўртасида телефон суҳбати бўлиши мумкинлиги, аммо ҳозирча келишувга эришилмаганини билдирди.
2022 йилдан сўнг АҚШ ва ЕИ Россия авиакомпанияларига ҳаво йўлларини ёпган, Москва эса жавоб тариқасида Росавиация орқали рухсат талаб қилмоқда. 27 феврал куни Россия Истанбулда бу масалани қайта кўтарган.
АҚШ Давлат департаменти раҳбари Марко Рубио бу режалардан бехабарлигини айтди. Россия элчиси Дарчиев эса визалар ва парвозларни тиклаш бўйича иш олиб борилаётганини билдирди.
Россия «Толибон»ни террорчилар рўйхатидан чиқарди
Россия Олий суди Афғонистондаги «Толибон» ҳаракатини террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқариш ҳақида қарор қабул қилди. Суд мажлиси ёпиқ режимда ўтди ва қарор дарҳол кучга кирди, деб хабар беради ТАСС агентлиги.
Россияда «Толибон» 2003 йилда БМТ Хавфсизлик кенгаши рўйхати асосида террорчи ташкилот деб эълон қилинган эди. Бир неча йиллардан буён бу мақомни бекор қилиш масаласи муҳокама қилинган. 2020 йилда Россия президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Замир Кабулов бу эҳтимол ҳақида билдирган.
2024 йил декабрида Путин имзолаган қонунга кўра, бундай қарор бош прокурор ёки унинг ўринбосари аризасига асосан чиқарилиши мумкин. 2025 йил март ойида прокуратура Олий судга шундай ариза тақдим этган эди.
Эндиликда Россия «Толибон» билан расман ҳамкорлик қилишга ҳуқуқий асосга эга.
Пашинян Қорабоғни унутишга чақирди
Арманистон бош вазири Никол Пашинян Қорабоғ мавзусини қайта кўтариш давлат мустақиллигига хавф туғдираётганини айтди. Унга кўра, бу масала эндиликда ташқи кучлар томонидан Ереванни заифлаштириш воситаси сифатида ишлатилмоқда.
«Қорабоғ бизга ёрдам бермаган, балки давлатчилигимизни йўқ қилиш учун хизмат қилган», — деди у парламентда сўзга чиқиб.
У Озарбойжон билан тинчлик шартномаси ва ЕХҲТ Минск гуруҳини тугатиш ҳақидаги баёнотни бир кунда имзолашни таклиф қилди. Пашиняннинг таъкидлашича, Арманистон уруш эмас, тинчликни хоҳлайди.
Боку эса аввал Арманистон Конституциясидаги Қорабоғга оид банди ўзгартирилишини талаб қилмоқда. Пашинян бунинг учун 2027 йилда референдум кераклигини айтди.
Мавзуга оид

23:58 / 24.04.2025
Қирғизистонда РФ армиясига ёллаш иши бўйича россиялик политтехнолог ҳибсга олинди

23:25 / 24.04.2025
Трамп миллионерлар учун солиқларни оширишдан бош тортди

21:23 / 24.04.2025
Зеленский Трампга Россия—Украина урушини тугатиш бўйича янги таклифлар юборилганини маълум қилди

20:55 / 24.04.2025