Жаҳон | 15:39 / 18.04.2025
2499
6 дақиқада ўқилади

Fitch Ratings: Ўзбекистоннинг учта давлат банкини хусусийлаштириш яна кечиктирилиши мумкин

Fitch Ratings агентлигининг банк сектори бўйича директори Павел Каптелга кўра, 2025 йил охиригача «Алоқабанк», «Асакабанк» ва «Ўзсаноатқурилишбанк»ни хусусийлаштириш вазифаси «жуда амбицияли», 1−2 та банкнинг сотилиши келгуси даврга қолдирилиши мумкин. Шунингдек, Fitch вакили банк секторидаги долларлашувнинг ҳозирги ҳолатини «юқори даражада» деб баҳолаяпти.

Фото: Getty images

Ўзбекистоннинг йирик давлат банкларининг хусусийлаштирилиши яна ортга сурилиши мумкин. Бу ҳақда Fitch Ratings агентлигининг банк сектори бўйича директори Павел Каптелга таяниб Spot хабар берди.

Унинг сўзларига кўра, 2025 йил охиригача «Алоқабанк», «Асакабанк» ва «Ўзсаноатқурилишбанк»ни хусусийлаштириш вазифаси «жуда амбицияли». 

«Бизнинг базавий сценарийимизга кўра, бу йилнинг ўзида учта банкни ҳам сотиш анча қийин бўлади. Тахминимизча, камида 1−2 та банкнинг сотилиши келгуси даврга қолдирилиши мумкин», — деган Павел Каптел 16 апрел куни Тошкентда бўлиб ўтган анжуманда.

У муваффақиятли хусусийлаштириш учун асосий шартларидан бири хорижий инвесторларнинг ривожланаётган бозорларга, хусусан, Ўзбекистонга доимий қизиқиши эканини таъкидлади. Fitch вакилининг сўзларига кўра, глобал молия бозорларидаги ноаниқлик давом этар экан, бундай қизиқишни сақлаб қолиш муаммолигича қолади.

Шунингдек, Павел Каптел «Бизнесни ривожлантириш банки», «Микрокредитбанк» ва «Халқ банки» акциялари пакетларининг Франклин Темплетон бошқарувидаги Миллий инвестиция жамғармасига ўтказилишини ижобий баҳолаган. 

«Бизнинг назаримизча, бу банкларнинг операцион самарадорлигини сезиларли даражада яхшилашга, корпоратив риск-менежмент сифатини кучайтиришга олиб келиши керак бўлган жуда муҳим қадамдир. Охир-оқибат, бу ўрта муддатли истиқболда ушбу банкларнинг активлари сифати ва даромадлилиги билан боғлиқ вазиятнинг яхшиланишига олиб келади», — деган у.

Давлат банкларини хусусийлаштириш

Шу пайтга қадар «Асакабанк», «Ўзсаноатқурилишбанк» ва «Алоқабанк»ни хусусийлаштириш бир неча бор кечиктирилди. Ушбу йирик давлат банклари акциялари 2025 йилда сотилиши режалаштирилганди.

Дастлаб мамлакатдаги иккинчи йирик банк ҳисобланган «Ўзсаноатқурилишбанк»даги барча давлат улушини 2022 йил охиригача, кейинчалик эса 2023 йил охиригача савдога чиқариш кўзда тутилганди. Шундан сўнг 2024 йил охиригача хусусийлаштириш орқали банкдаги давлат улушини 50 фоиздан камайтиришга қарор қилинди, аммо бу амалга ошмади.

 «Асакабанк» хусусийлаштириш муддати ҳам 2023 йил охиридан 2025 йил охиригача сурилди. «Асакабанк» бугунги кунда Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси (88,22 фоиз), Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (10,85 фоиз), Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи (0,73 фоиз), «Ўзавтосаноат» (0,1 фоиз), «Ўзагросуғурта» (0,08 фоиз) ва «Ўзбекинвест»га (0,02 фоиз) тегишли.

2025 йил 1 январгача (аввал 2023 йил 1 июлгача эди) фонд биржасида «Алоқабанк» учун ИПО ўтказиш режалаштирилганди. Бу банкдаги улушлар қуйидагича тақсимланган: Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси — 61,8 фоиз, «Ўзбектелеком» — 22,03 фоиз, Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси — 6,3 фоиз, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги — 4,32 фоиз, «Электромагнит мослашув маркази» ДУК — 2,11 фоиз, бошқалар — 3,44 фоиз.

Банк секторидаги рисклар

Fitch Ratings Ўзбекистон банк секторига хос таркибий хатарларга ҳам тўхталиб ўтган. Павел Каптелнинг қайд этишича, сўнгги йилларда Ўзбекистонда кредитлар (42 фоиз) ва омонатлар (25 фоиз) дедолларизацияси кузатиляпти. Бироқ Fitch долларлашувнинг ҳозирги ҳолатини «жуда юқори даража» деб баҳолаяпти. Бу агентлик фаолият юритаётган МДҲ мамлакатлари орасида энг юқори кўрсаткичлардан биридир.

«Бизнинг фикримизча, кўплаб валюта кредитлари давлат секторига берилганини ҳисобга олсак, бу банк сектори активлари сифати учун потенциал рискларни юзага чиқаради. Мамлакатда аслида валюта хавфларини хеджирлаш тизими ҳали ҳам ривожланмаган. Шу сабаб, салбий вазият юз берганда, яъни миллий валюта қадрсизланганда, бу банклар учун муаммолар келтириб чиқаради», — деган Каптел.

Яна бир риск банк сектори, айниқса давлат банклари активлари сифатининг ёмонлашуви бўлиб, Fitch буни асосий масалалардан бири деб ҳисобламоқда. Каптел бунинг сабаблари қаторида илгари берилган муаммоли кредитларни (NPL) тан олиш ва муаммоларни фаолроқ аниқлаётган банкларнинг риск амалиёти ҳамда риск-менежменти сезиларли даражада такомиллаштирилганини келтирди.

Fitch прогнозларига кўра, 2025 ёки 2026 йилларда тўлов муддати 90 кундан ортиқ кечиктирилган кредитлар даражаси (МҲХС бўйича 3-босқич) ўзининг энг юқори нуқтасига — агентлик ҳамкорлик қилаётган банкларнинг умумий кредит портфелининг 9−10 фоизига етади ва шундан сўнг муддати ўтган кредитларнинг ҳисобдан чиқарилиши ёки қайтарилишига қараб аста-секин пасая бошлайди.

«Муаммоли кредитларнинг энг юқори даражаси энг мураккаб сегмент — имтиёзли кредитлаш функциясини бажарувчи давлат банкларида қайд этилмоқда. Кўришимиз мумкинки, сўнгги йилларда ушбу банклар катта ҳажмдаги муаммоларни тан олишган ва шунга мос равишда улар учун катта ҳажмдаги захираларни яратишга мажбур бўлишган, бу эса уларнинг даромадларига таъсир кўрсатган. Давлат банкларининг баъзилари сўнгги бир неча йил ичида зарар кўрмоқда», — деган Fitch вакили.

Мавзуга оид