Ўзбекистон | 11:07 / 18.04.2025
891
2 дақиқада ўқилади

Малайзия Ўзбекистон тоғ-кон саноатида лойиҳаларни амалга оширмоқчи

Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев Малайзиянинг Fortress Minerals компанияси бош директори ўринбосари Нг Мун Фей билан учрашув ўтказди.

Фото: Дунё

Суҳбат давомида Ўзбекистонда истиқболли конларни ўзлаштириш ва геология-қидирув соҳасида ҳамкорлик ўрнатиш масалалари муҳокама қилинди. Ўзбекистон замини маъданли қазилмалар захиралари бўйича дунёда етакчи мамлакатлардан бири эканлиги таъкидланди.

Хориж томонига мамлакатдаги истиқболли деб топилган хром, никел, магний ва кобалт, титан ва доломит конлари тўғрисида маълумот берилди ва ушбу лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини кўриб чиқиш таклиф этилди.

"Мазкур таклифлар компаниямиз раҳбариятига қизиқиш уйғотиши мумкин. Уларни янада батафсилроқ ўрганиш учун яқин ойларда Ўзбекистонга сафар қилишимизни маълум қиламан", деди Мун Фей.

Fortress Minerals компанияси 2017 йилда Сингарпурда ташкил этилган. Унинг бош қароргоҳи Куала-Лумпурда жойлашган. Компания Малайзиянинг Теренггану, Паханг ва Сабах штатларида темир, мис, олтин ва никел рудалари концентратларини қидириш, қазиб олиш, ишлаб чиқариш ва сотиш билан шуғулланади. Хорижда Филиппин ороллари ва Папуа-Янги Гвинея давлатларида руда конларига ҳам эгалик қилади.

Мавзуга оид