Мигрантлар учун рус тили имтиҳонлари Россия бюджетига 30 миллион доллар келтирди
Авваллари бу маблағлар «коррупцияга кетган» бўлса, ҳозир «ғазнага тушгани» таъкидланмоқда.

Фото: ТАСС
Меҳнат мигрантларининг рус тилидан имтиҳон топшириши Россия бюджетига қўшимча 2,5 миллиард рубль (30,4 миллион доллар) олиб келди, деди Давлат Думасидаги «Единая Россия» фракцияси раҳбари Владимир Васильев.
Унинг сўзларига кўра, авваллари бу маблағлар «коррупцияга кетган» бўлса, ҳозир «ғазнага тушган».
2024 йил октябрь ойида Давлат Думаси мигрантлар учун тил имтиҳонларини ўтказиш бўйича давлат органларининг мутлақ ҳуқуқини жорий этувчи қонунни қабул қилди. Давлат Думаси раиси Вячеслав Володин бу ташаббус «алдов» ва «имтиҳон комиссиясининг коррупцияси» хавфини камайтириш учун зарур эканлигини айтди. Ноябрь ойида Таълим ва фан вазирлиги ушбу имтиҳонлар учун ягона нархларни белгилашни таклиф қилди.
Декабрь ойида ҳукумат имтиҳонларнинг ягона нархини тасдиқлади. Шундай қилиб, фуқароликни олишда рус тили имтиҳони нархи 2,95 минг рублни ташкил қилади. Худди шундай нарх Россия тарихи ва Россия қонунчилиги асослари бўйича имтиҳон учун ҳам белгиланган.
Вақтинчалик яшаш учун рухсатнома ёки яшаш учун рухсатнома олишда – рус тили, тарих ва қонунчилик асослари бўйича имтиҳон нархи 5,9 минг рубль, ишлаш учун рухсатнома ёки патент олишда – рус тили, тарих ва қонунчилик асослари бўйича имтиҳон нархи 3,8 минг рубль миқдорида белгиланган.