Ўзбекистон | 22:22 / 18.04.2025
3865
3 дақиқада ўқилади

«Ўзбеккосмос» SpaceX билан сунъий йўлдош учириш имкониятини муҳокама қилди

Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги SpaceX билан ўзбекистонлик ёшлар йиғишни режалаштираётган илмий-технологик сунъий йўлдошни учириш бўйича музокаралар ўтказди.

Фото: Reuters

Ўзбекистон Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги («Ўзбеккосмос») АҚШга ташрифи давомида Лос-Анжелесда SpaceX компанияси вакиллари билан музокаралар ўтказди. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар берди.

«Учрашувда ўзбекистонлик ёш муҳандислар томонидан Кюсю технология институтида (Япония) ўқиш давомида йиғилиши режалаштирилган илмий технологик сунъий йўлдошни SpaceX компаниясининг ракетасида учириш масаласи муҳокама қилинди», — дейилади хабарда.

Шу билан бирга, Ўзбекистонинг «Космик тадқиқотлар ва технологиялар – 2035» стратегияси бўйича фикр алмашилиб, SpaceX компанияси вакиллари ҳужжатнинг дастлабки лойиҳаси тайёр бўлгач, уни кўриб чиқиб, янада такомиллаштириш бўйича фикр ва мулоҳазаларини тақдим этишга тайёр эканликларини билдирган.

Бундан ташқари, делегация аъзолари SpaceX компаниясининг Falcon 9 ташувчи ракетасини ишлаб чиқариш жараёнлари ва қувватлари билан яқиндан танишган.

Калифорнияда «Ўзбеккосмос» вакиллари қишлоқ хўжалиги экин ерларидан самарали фойдаланиш борасида сунъий йўлдош маълумотлари асосида сув истеъмоли ҳажмини аниқлаш тажрибасини ўрганган. Яъни Мадера Ерости сувлари барқарорлиги агентлиги, 108-сонли мелиорация ва Окдейл ирригация округларига ташриф буюрган, Davids engineering ва Land IQ компаниялари билан учрашувлар ўтказган. Таъкидланишича, АҚШда фермерлар томонидан ерости сувларининг ортиқча ишлатилишининг олдини олиш мақсадида уларга сув истеъмоли бўйича чекловлар жорий этилган ва жарималар белгиланган.

Шунингдек, ташриф доирасида делегация 1969 йилдан буён геоахборот тизимлари учун дунёдаги энг кучли дастурий таъминот яратувчиси ҳисобланган, глобал етакчи Esri компаниясининг бош қароргоҳига ҳам ташриф буюрган. Музокаралар давомида ҳамкорликнинг янги босқичлари муҳокама этилиб, ўзаро тажриба алмашиш ва мунтазам тренинглар ўтказиш бўйича таклифлар кўриб чиқилган.

Колорадо-спрингс шаҳри мезбонлик қилган Space Symposium халқаро конференциясида 40 дан ортиқ мамлакатдан 10 мингдан зиёд қатнашчилар иштирок этган.

Халқаро конференция доирасида «Ўзбеккосмос» ва Корея Аэрокосмик администрацияси (KASA) ўртасида англашув меморандуми имзоланган. Унга кўра, ўзаро ҳамкорликни космик таълим, фанлар ва тадқиқотлар, космик технологияларнинг қўлланилиши, сунъий йўлдошлар ишлаб чиқиш, ерусти космик инфратузилмасини яратиш ва ривожлантириш каби йўналишларда олиб бориш белгиланган.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг «Космик тадқиқотлар ва технологиялар – 2035» стратегиясини амалга оширишда Франциянинг Novaspace консалтинг компанияси билан консультатив ҳамкорлик қилиш бўйича ҳам икки томонлама келишувга эришилган.

Халқаро Астронавтика федерацияси ижрочи директори билан «IAC 2028»ни Ўзбекистонга олиб келиш бўйича маслаҳатлашувлар ўтказилган.

Мавзуга оид