Ўзбекистон | 23:11 / 18.04.2025
3643
2 дақиқада ўқилади

Тошкент ва Москва мигрантларни танлаб олиш жараёнини Ўзбекистонга кўчириш устида ишламоқда

Россия томони «Паспорт-виза хизмати» давлат унитар корхонасининг Тошкент шаҳридаги ваколатхонаси фаолиятини қайта бошлаш ҳақидаги Ўзбекистон ИИВ сўровини ижобий кўриб чиқишга тайёрлигини тасдиқлади.

Фото: dunyo.info

Меҳнат миграцияси жараёнларини тартибга солиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисидаги президент қарори доирасида Ташқи ва Ички ишлар вазирликлари, Бош прокуратура, Миграция агентлиги ва Россия элчихонаси ходимларидан иборат икки томонлама ишчи гуруҳининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Мулоқот давомида Россия олий ўқув юртларининг Тошкент шаҳридаги филиалларида миграция тартиб-таомиллари, тиббий кўриклар ва рус тили имтиҳонларини Ўзбекистонга ўтказиш, «Паспорт-виза хизмати» давлат унитар корхонасининг ва «Сахарова» кўп тармоқли миграция марказининг Тошкент шаҳридаги ваколатхоналари фаолиятини тиклаш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, тил имтиҳонларини топширишга тайёргарлик кўриш марказларини очиш, рус тили, Россия тарихи ва қонунчилиги бўйича курслар ташкил этиш, Ўзбекистонда тиббий кўрик ва тест ўтказиш учун ихтисослаштирилган тиббиёт клиникасини очиш ва бошқалар кўриб чиқилди.

Россия томони Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг «Паспорт-виза хизмати» давлат унитар корхонасининг Тошкент шаҳридаги ваколатхонаси фаолиятини қайта бошлаш ҳақидаги сўровини ижобий кўриб чиқишга тайёрлигини тасдиқлади.

Томонлар ишчи гуруҳнинг навбатдаги йиғилишида Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакилларини, шунингдек, «Сахарова» кўп тармоқли миграция марказининг Тошкентдаги ваколатхонаси ходимлари жалб этиш зарурлиги тўғрисида келишиб олди.

Бундан ташқари, юқорида муҳокама қилинган масалаларни 27-30 апрел кунлари Москва шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган Ўзбекистон-Россия идоралараро ишчи гуруҳи йиғилиши кун тартибига киритиш таклифи қўллаб-қувватланди.

Мавзуга оид