Ўзбекистон | 23:28 / 18.04.2025
9670
1 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятидаги баъзи йўлларда рухсат этилган тезлик 80 км/соатгача чекланди

ЙТҲларнинг олдини олиш мақсадида Тошкент вилоятидаги айрим аҳоли яшаш ҳудудларидан ташқарида автомобиллар тезлиги 100 км/соатдан 80 км/соатга қадар камайтирилди.

Фото: Тошкент вилояти ЙҲХБ

Тошкент вилояти ҳокимининг айрим аҳоли яшаш ҳудудларидан ташқарида автомобиллар тезлигини камайтириш тўғрисидаги қарори қабул қилинди.

Қайд этилишича, бу билан ҳудудлардаги автомобил йўлларида йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, айрим аҳоли яшаш ҳудудларидан ташқарида автомобиллар тезлигини камайтириш мақсад қилинган.

Ҳоким қарори билан Тошкент вилояти ЙҲХБнинг вилоят ҳудудида жойлашган 37 та йўл қисмларидаги айрим аҳоли яшаш ҳудудларидан ташқарида автомобиллар тезлигини соатига 100 километрдан 80 километргача камайтириш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.

Вилоят автомобил йўллари бош бошқармаси машиналар тезлиги камайтирилаётган ҳудудлардан ташқарида жойлашган умумий фойдаланишдаги автомобил йўлларига 3.24 «юқори тезлик чекланган» йўл белгиларининг амалдаги талаблар асосида беш кун муддатда ўрнатилишини таъминлаш топширилди.

Вилоят ЙҲХБ тезлиги камайтирилаётган аҳоли яшаш ҳудудларидан ташқарида чекланган тезликда автомобиллар ҳаракатланишини назорат қилиш учун шахсан масъул этиб белгиланди.

Мавзуга оид