Ўзбекистон | 13:26 / 18.04.2025
3627
2 дақиқада ўқилади

Урганч аэропортини модернизация қилиш ва бошқариш бўйича ўтказилган тендер ғолиби аниқланди

Урганч халқаро аэропортини давлат-хусусий шериклик (ДХШ) асосида модернизация қилиш ва бошқариш бўйича тендернинг барча босқичлари якунланди. Танлов натижасида Incheon International Airport Corporation (Жанубий Корея) ғолиб деб топилди.

Фото: Uzbekistan Airports

2024 йилнинг 1 августида «Урганч халқаро аэропортини модернизация қилиш ва бошқариш» лойиҳасини «Қуриш-бошқариш-топшириш» бўйича очиқ тендер эълон қилинган эди, танлов икки босқичда бўлиб ўтди: малака сўрови ва таклифлар сўрови. Тендерда саккизта компания иштирок этди, улардан бештаси иккинчи якуний босқичга ўтди, шундан сўнг идоралараро тендер комиссияси ғолибни аниқлади.

ДХШ лойиҳаси аэропортни модернизация қилиш ва бошқариш лойиҳасини биргаликда амалга оширишни назарда тутади. Хусусий шерик йўловчи ва юк терминалларини қуриш ва бошқариш, шу жумладан ерда хизмат кўрсатиш ишларини амалга оширади. Давлат шериги аэродром мажмуасини қуриш ва бошқариш (учиш-қўниш йўлаги, перрон) учун жавобгарликни ўзига олади. Лойиҳага кўра кейинги қадам, 19 йиллик концессия муддатини ўз ичига олган  ДХШ шартномасини тузиш бўлади.

«Очиқ тендер эълон қилингани йирик халқаро аэропорт компанияларида катта қизиқиш уйғотди. Танлов ғолиби бўлган Инчеон халқаро аэропорти нафақат Корея Республикасининг асосий ҳаво дарвозаси, балки Шимолий-Шарқий Осиёдаги энг йирик транспорт марказларидан бири бўлиб, у бир неча маротаба дунёнинг энг ривожланган ва гавжум аэропортлари 10 талигига кирган. 2024 йил якунлари бўйича аэропорт 70 миллион йўловчига хизмат кўрсатган. Урганчдаги лойиҳани амалга оширадиган жамоа Хоразм аэропортини йўловчилар учун энг замонавий ва қулай аэропортлардан бирига айлантириб, минтақанинг хорижлик сайёҳлар учун жозибадорлигини оширишига ва умуман, Ўзбекистон авиация соҳасини ривожлантиришга ҳисса қўшишига ишонамиз» — дея изоҳ берди Uzbekistan Airports компанияси.

Урганч халқаро аэропортини модернизация қилиш ва бошқариш бўйича давлат-хусусий шериклик лойиҳаси президент қарори ижроси доирасида Uzbekistan Airports томонидан Транспорт ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирликлари билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

Мавзуга оид