Ўзбекистон | 17:14 / 19.04.2025
4372
8 дақиқада ўқилади

Депутатлар сунъий интеллектда яратилган ноқонуний контент учун жазога изоҳ берди

Ўзбекистонда сунъий интеллект билан боғлиқ ҳуқуқий масалалар қонунчиликка киритиляпти. Лойиҳа ташаббускорлари ОАВ иштирокидаги давра суҳбатида қонун лойиҳасидаги нормалар, хусусан СИ ёрдамида ноқонуний монтаж қилиб тарқатилган фото ва видеолар учун жавобгарлик масаласида изоҳ беришди. Биз янги ривожланиб келаётган технология нотўғри мақсадларда ишлатилишини чекламоқчимиз холос, дейди қонунчилар.

15 апрел куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сунъий интеллектга оид қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. Лойиҳада сунъий интеллектнинг ҳуқуқий тавсифи, соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ва СИдан фойдаланишнинг умумий қоидалари белгиланган.

Қонун лойиҳаси билан, СИ ёрдамида яратилган маҳсулотларни ОАВ ёки интернетга жойлаштиришда уларни маркировкалаш, шунингдек, сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда шахсга доир маълумотларга ноқонуний ишлов берган ва тарқатганларнинг иш қуроллари мусодара қилиниб, жаримага тортилиши ёки 15 суткагача қамоққа олиниши ҳақида бандлар бор.

18 апрел куни Рақамли технологиялар вазирлигида лойиҳа бўйича давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда Kun.uz мухбири қуйидаги масалаларни кўтарди:

  • Нима сабабдан қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинмади?
  • СИдан фойдаланган ҳолда шахсга доир маълумотларга ноқонуний ишлов бериб, тарқатганларнинг иш қуроллари мусодара қилиниб, жаримага тортилиши ёки 15 суткагача маъмурий қамалиши кўзда тутилмоқда. Бу ўринда қамоқ жазосини киритиш учун асослар етарлими?
  • СИ ёрдамида яратилган маҳсулотларни маркировкалаш тартиби қандай бўлади? Бу тартибни бузганлик учун жавобгарлик бўладими?

Саволларга парламентнинг бир неча аъзолари жавоб қайтаришди.

Жавлон Абдуллаев, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси раиси ўринбосари:

— Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан ташаббус ҳуқуқи асосида киритилган. Бу – биринчи қадам. Жамоатчилик муҳокамасига қўйилиши бу мажбурий талаб эмас. Лекин мана шу ўқишлар орасида кўплаб жамоатчилик вакиллари билан муҳокама қилинади ва таклиф-мулоҳазалар шу тарзда олиб борилса ҳам бўлади.

Иккинчидан, жавобгарлик масаласида. Депутатлар катта жавобгарлик сўрамаяпти. Масалан, сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда шахсга доир маълумотларга қонунга хилоф равишда ишлов бериш – қайсидир фуқаронинг расм ёки видеосига СИ билан порнографик ёки бошқа нарсани қўйиб, интернетга чиқариб юборди. Токи бу нарсани қилган одамни топиб, жазолагунга қадар, бу тарқаб бўлади, ҳалиги одамнинг обрўсига путур етади. Шу сабабли, мутаносиблик нуқтайи назаридан, 15 сутка қаттиқ жазо эмас, балки нормал сўралаётган жазо.

Маркировка борасида, ҳамма давлатларда ягона талаб йўқ, лекин ҳаракатлар бошланган. Бу борада қонун қабул қилинганидан кейин, Вазирлар Маҳкамаси қўшимча ўрганади. Бунда ёки СИ технологияси асосида яратилгани ҳақида ёзилади, ёки белги қўйиш керак бўлади. Бу масала мутахассислар билан маслаҳат қилинади ва ўрганилади.

Беҳзод Тўхтамуродов, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси аъзоси:

— Юмшоқ куч ишлатиш йўлидан кетяпмиз, биз қаттиқ чегаралар қўйишдан йироқмиз. Ўзбекистонда 2030 йилгача IT Hub давлати сифатида шаклланиши бўйича режалар бор. Мана шу жараёнларда чекловлардан имкон қадар қочяпмиз.

СИ генерация қилган ишлар реалликка яқин бўлгани учун кўпчилик ишониб қоляпти. Бундай сифатли контентни оддий монтаж дастурида қилиш учун малакали мутахассис бўлиш керак, СИда эса мактаб ўқувчиси ҳам иккита ҳаракат билан бундай контентлар қила олади. Биз ҳеч кимни қўрқитмаяпмиз, биз янги ривожланиб келаётган технологияни нотўғри ишлатилишини чекламоқчимиз, холос. Буни оммага қандай етказиб бериш ОАВга боғлиқ.

Сиз берган жавобгарлик қаттиқлиги ҳақидаги таклифларингизни ҳам кўриб чиқамиз, мутахассислар билан маслаҳат қиламиз. Лойиҳа юзасидан иккинчи ўқишгача кўплаб учрашувлар ўтказиб, ташаббус ва таклифларни йиғиб борамиз.

Шаҳноза Холмахматова, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси аъзоси:

— Албатта, қонун лойиҳаларини жамоатчилик муҳокамасига чиқаришни талаб қилиш ўринли. Биз лойиҳани биринчи ўқиш билан иккинчи ўқиш орасида ҳам муҳокамага қўйишимиз мумкин, бундай ҳолатлар амалиётда бор. Буни биз депутатлик корпуси билан, албатта, муҳокама қиламиз.

Иккинчидан, жазо масаласида. Жуда оғир жазо, деяпсиз. Ҳуқуқбузарлик содир этиш қуроллари мусодара қилиб, маъмурий қамоққа олиш ёки жарима. Эътибор қилинса, модданинг 2-қисмида айтиляптики, ушбу кодексга мувофиқ ўзига нисбатан маъмурий қамоқ жазоси қўлланилиши мумкин бўлмаган шахслар – 3 ёшгача боласи бор, ҳомиладор аёллар, ногиронлиги бўлган шахслар кабиларга нисбатан маъмурий қамоқ жазоси қўлланилиши мумкин эмас. Уларга фақат жарима жазосини қўллаш мумкинлиги назарда тутиляпти.

Инсоннинг ҳақ-ҳуқуқлари бугун ҳамма нарсадан устун, яъни уни шаъни, қадр-қиммат билан боғлиқ ҳуқуқлар ва уни қайсидир шахс томондан сунъий интеллект имкониятларини суиистеъмол қилиб, ҳуқуқбузарлик содир этилса, у албатта жавобгарликка тортилиши керак. Буни авваламбор ўз танамизда ҳис қилиб кўришимиз керак эди. Ҳозир кунда мана аёлларимизнинг фотосидан, қиёфасидан, овозидан фойдаланиб, турли хил порнографик видеолар тарқатилиши мумкин. Сунъий интеллект бунга имконияти етарли даражада. Ёки ўзга шахсларнинг ишончини суиистеъмол қилиш учун бошқа шахсларнинг қиёфасидан фойдаланишлари мумкин. Албатта, бу ҳолатлар қатъий чоралар кўришни талаб қилади.

Бугун биз сунъий интеллектдан фойдаланишни чегараламаяпмиз ёки тўсиқлар қўймаяпмиз. Биз юмшоқ ҳуқуқий чоралар қўллашга ҳаракат қиляпмиз. Агар биз бу нарсага бугун эътибор қаратмасак, у эртага жуда катта бир бошқа бир оқибатларни келтириб чиқариши мумкин. Ушбу қонун лойиҳасида сизлар ва мана шу жамоатчилик муҳокамаси натижасида йиғилган таклифларни ҳам акс эттиришга ҳаракат қиламиз.

Диёр Ҳусанов, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси аъзоси:

— Бугун кунда жуда кўп янги технологиялар чиқяпти, улар автоматлаштирилган тизимда ишлаяпти. Ўша кимдир сунъий интеллект орқали қайсидир шахсга доир маълумотларни – унинг юзини, қиёфасини ўзгартириб, тарқатган материалларни бўйича уни 15 суткага қамаган билан, унинг технологияси автоматик тарзда ишлаб туради-да. Жаҳон тажрибалари ўрганганда ҳам ўша тарафларини ҳисобга олиниб, бизлар энг минимал жавобгарлик масалаларини кўрганмиз. Чунки, Ўзбекистонда сунъий интеллектни ривожлантириш учун президентимиз томонидан бир қанча қарорлар чиқариляпти, бошқа давлатлар билан ҳамкорлик қилиняпти.

Ўзи Жиноят кодексига ҳам ўзгаришлар назарда тутилган эди. Биз биринчи босқич сифатида, ёшлар янгилик яратса, қўрқиб қолмасин, деган мақсадда енгиллик сифатида фақат маъмурий жавобгарлик назарда тутилган. Бу бўйича бошқа таклифлар бўлса, бизга [депутатларга] берсангиз, уни муҳокама қилиб, қўмитада кўриб чиқамиз.

Зиёдбек Юнусов, Олий Мажлис депутати:

— Бу жавобгарлик чорасини тарбиявий мақсадларда киритиб қўймасак бўлмасди. Сунъий интеллектдан ҳозир фирибгарлар ҳам фойдаланяпти. Шу фирибгарлардан, инсоннинг қадри қимматига таъсир қиладиган контентлардан ёшларимиз нари юрсин, деган мақсадда қилинган. Буларни, албатта, ёшларга секин-секин етказиб юборамиз. СИдан тўғри мақсадда фойдалангин, деган мақсаддаги «тарбиявий шапалоқ» бўлди.

Мавзуга оид