Ўзбекистон | 19:14 / 19.04.2025
8762
6 дақиқада ўқилади

Кўп қутбли дунёда – Туркия ва туркий бирлик

11-13 апрел кунлари Туркиянинг Анталя шаҳрида тўртинчи Дипломатик форум бўлиб ўтди. “Бўлинган дунёда дипломатия” номи остида ўтган анжуманда 21 та давлат раҳбари, 40 дан ортиқ ташқи ишлар вазирлари, 70 дан ортиқ давлатнинг мартабали мулозимлари, 155 та давлатдан жами 6 мингдан зиёд сиёсатчилар, дипломатлар, экспертлар ва ОАВ вакиллари қатнашди. Ўзбекистондан Олий Мажлис Сенати раисининг ўринбосари Содиқ Сафоев иштирок этди.

Форум бекорга “Бўлинаётган дунёда дипломатия” деб номланмади. Дунёда бир қутблилик тугаб бормоқда. 1990 йиллардаги каби АҚШнинг салоҳияти мутлақ эмас. Кўп қутблилик шаклланиб бошлади. Бироқ, ҳали бир қутблилик емирилиб бораётган бўлса-да, кўп қутблилик шаклланиб улгургани йўқ. Бу форум ҳозирги глобал сиёсий, геосиёсий ва геомафкуравий жараёнларни муҳокама қилиш, фикр алмашиш учун яхши майдон бўлиб хизмат қилди.

Нима учун биз ўзбекистонликлар Туркияни кузатишимиз керак? Ўзбекистон – туркий дунёнинг таркибий қисми. Жами олтита туркий мустақил давлат бўлса, Ўзбекистон – Туркиядан кейинги иккинчи йирик туркий давлат ҳисобланади. Қолаверса, Ўзбекистон – Марказий Осиёдаги, постсовет ҳудудидаги энг йирик туркий давлат. Биз Чор Россияси истилосига қадар, айниқса, болшевиклар ҳокимиятга келгунига қадар аждорларимизнинг Туркия билан, туркий халқлар билан алоқалари жуда кучли эди. Ўзбекистон мустақил бўлган 1990-йилларнинг бошида ҳам биз Туркия моделига ориентир олиб бошладик. Бироқ, бу яқинлик кўп чўзилмади. Мана, охирги 7-8 йилда Ўзбекистон яна туркий дунёга, туркий ҳамкорликка, Туркия билан муносабатларни ижобийлаштиришга ҳаракат қилди. Уддасидан чиқди. Яъни, Ўзбекистон жамияти учун Туркия – иккинчи геосиёсий ориентир, Туркия эса энг муҳим дўст давлат бўлиб улгурди.

Анталя дипломатик форумида жуда кўплаб масалалар, муаммолар муҳокама қилинди. Энг асосий масалалар қаторида Суриядаги вазият, Ғазодаги геноцид, Кавказдаги жараёнлар, Россия–Украина уруши ва музокаралар, Яқин Шарқдаги тенденциялар, Африка қитъасидаги ҳолатлар, туркий ҳамкорлик ҳамда Марказий Осиё давлатларидаги жараёнлар ва лойиҳалар ҳақида сўз борди.

Форумда Туркий давлатлар ташкилоти томонидан алоҳида панел ташкил қилиниб, унда ташкилотга аъзо давлатларнинг ҳамкорлиги ва бугунги кундаги асосий масалалар, муаммолар, лойиҳалар ҳақида ҳам таҳлиллар ва чиқишлар бўлди. Содиқ Сафоев туркий дунёдаги қадрият бирлиги, дунёқараш бирлигига алоҳида эътибор қаратди, туркий дунёда сиёсий ва геосиёсий бўлинишлар бўлмаслиги учун ахборот маконининг бирлиги, сиёсий мулоқотлар ва ҳамкорлик интенсивлиги ҳақида гапирди.

Туркий давлатлар ташкилотининг бош котиби, қирғизистонлик Қубанчбек Умаралиев “бизнинг тарихий ва ўзлик бирлигимизни ҳеч ким олиб қўя олмайди, энди амалий ишларга ўтишимиз ва туркий давлатларни реал лойиҳалар билан боғлашимиз, бирлаштиришимиз керак” деган фикрларни билдирди. Бош котиб ташкилот доирасида амалга оширилаётган катта лойиҳалар ҳақида қисқача бўлса-да гапириб ўтди.

Туркий давлатлар ташкилотининг оқсоқоллар кенгаши раиси, Туркиянинг собиқ бош вазири, таниқли сиёсатчи Бинали Йилдирим журналистларнинг “Хитойнинг ‘Бир камар – бир йўл’ лойиҳаси Туркий давлатларни боғловчи Ўртайўл лойиҳасига рақибми?” деган саволига: “Марказий Осиёдан Каспий орқали Озарбойжонга ва Туркияга боғланадиган Ўрта йўл транспорт коридорининг мақсади, бир томондан Хитойни, бошқа томондан Европа Иттифоқини боғлайдиган асосий маршрут бўлиши керак” дея жавоб берди.

Форумда таниқли америкалик иқтисодчи эксперт Жеффри Сакс чиқиш қилиб, Яқин Шарқдаги вазиятни таҳлил қилди. Сакснинг айтишича, Суриядаги, Яқин Шарқдаги беқарорликнинг энг асосий айбдори – бу Исроил ҳисобланади. Исроилнинг мақсади – Яқин Шарқни тўлиқ қайта форматлаш: қайсики давлат Исроилни танқид қилса, уни қўлламаса, бу ҳукумат ёки давлат АҚШнинг қўли билан йиқилди. Кейинги йилларда олтита давлат АҚШнинг қўли билан Исроил лойиҳаси доирасида йиқитилди, беқарорлаштирилди: булар Ливан, Ироқ, Ливия, Сомали, Судан ва Сурия. Сакснинг фикрига кўра, Яқин Шарқда Англия, Франция ёки АҚШ каби империалистик давлатлар қолаверар экан, бу минтақада тинчлик бўлмайди.

Туркия президенти Эрдўған ҳам бу форумда чиқиш қилиб, Туркия ташқи сиёсатини тушунтирди, Туркия дипломатияга алоҳида эътибор беришини айтди. Эрдўғанга кўра, Туркия – янги дунёда ўз қутбини яратиш йўлидаги давлат, Туркия ҳамма билан дўстона ва тенг ҳуқуқли муносабатлар қуради. Лекин кимки босим ёки зулм йўлини танласа – унга бўйин эгмайди, ва ўз ҳақ-ҳуқуқлари учун курашади. Туркия президенти, шунингдек, Ғазодаги вазиятга жуда катта эътибор берди, “Исроил – террорчи давлат” деган концепцияни кенг шарҳлади, Ғазодаги геноцид ҳақида кўп гапирди, жумладан, болалар, аёллар ва журналистлар ҳам аёвсиз ўлдирилганини қоралади.

Форумда иштирок этган кўплаб сиёсатчиларнинг фикри бир жойда кесишди: “дунё сиёсий майдонида монстрлар даври бошланяпти” дейишди. Яъни халқаро ҳуқуқ заифлашди, қонли ва савдо урушлари авж ола бошлади, давлатларнинг чегаралари беқарорлашиб бормоқда. Мана шу фонда, туркий дунёнинг ҳамкорлиги, ҳар доимгидан ҳам долзарб экани кўпчилик томонидан, жумладан Ўзбекистон вакили томонидан ҳам алоҳида урғуланди.

Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос

Мавзуга оид