Ўзбекистон | 07:37 / 19.04.2025
2551
2 дақиқада ўқилади

Соғлиқни сақлаш тизимида рақамлаштириш бўйича қандай ишлар амалга оширилаётгани маълум қилинди

24 млн аҳолининг электрон мед картасини киритиш имкониятига эга бўлган ягона тиббиёт ахборот тизими — DMED ишлаб чиқилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Олим Омонов маълумот берди.

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида навбатдаги «Ҳукумат соати» бўлиб ўтди. Унда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан соҳада коррупцион омилларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида вазир ўринбосари Олим Омонов батафсил маълумот берди.

Маълум қилинишича, вазирлик ва UZINFOCOM билан ҳамкорлигида ягона тиббиёт ахборот тизими — DMED ишлаб чиқилган. Бугунги кунда ушбу тизим 24 млн аҳолини электрон мед картасини киритиш имкониятига эга бўлди.

Қолаверса, тиббиёт ходимлари ва фармацевтика компаниялари ўртасидаги яширин келишувларнинг олдини олиш мақсадида ягона тиббиёт ахборот тизими (DMED)да «Электрон рецепт» модули ишлаб чиқилган. 

Бу модул дори воситаларининг дозалари ва шаклларини ҳисобга олган ҳолда рецептларни электрон шаклда бериш, уларнинг маркировкасини назорат қилган ҳолда сотиш, ҳисобот юритиш жараёнини автоматлаштириш ҳамда беморлар учун мобил илова орқали рецептлар ҳаракатини кузатиб туриш имконини беради.

Шунингдек, аҳоли ва шифокорлар учун мобил иловалар яратилган. DMED ахборот тизими 2 571 та бирламчи тиббий санитария ёрдами муассасаларидан 2 475 тасига ўрнатилган. Ҳозирда зарур жиҳозларни харид қилиш ва ўрнатиш, тиббиёт ходимларини тизимда ишлашга ўқитиш ва маълумотларни ахборот тизимига киритиш ишлари жадал олиб борилмоқда.

Мавзуга оид