Ўзбекистон | 22:16 / 19.04.2025
6880
2 дақиқада ўқилади

Тошкент ва Москва миграция жараёнларини тартибга солиш масалаларини муҳокама қилди

Ўзбекистон ва Россия меҳнат муҳожирлари учун миграция тартиб-таомиллари, тиббий кўрик ва рус тилидан имтиҳонларни Тошкентга кўчириш масалаларини муҳокама қилди.

Фото: "Дунё" АА

Ташқи ишлар вазирлигида  Ўзбекистон ТИВ, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги ва Россиянинг мамлакатдаги элчихонаси вакилларидан иборат икки томонлама ишчи гуруҳнинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар қилди «Дунё» АА.

Мулоқот давомида Россия олий ўқув юртларининг Тошкент шаҳридаги филиалларида миграция тартиб-таомиллари, тиббий кўриклар ва рус тили имтиҳонларини Ўзбекистонга ўтказиш, «Паспорт-виза хизмати» давлат унитар корхонасининг ва «Сахарова» кўп тармоқли миграция марказининг Тошкент шаҳридаги ваколатхоналари фаолиятини тиклаш масалалари муҳокама қилинган.

 Шунингдек, тил имтиҳонларини топширишга тайёргарлик кўриш марказларини очиш, рус тили, Россия тарихи ва қонунчилиги бўйича курслар ташкил этиш, Ўзбекистонда тиббий кўрик ва тест ўтказиш учун ихтисослаштирилган тиббиёт клиникасини очиш ва бошқалар ҳам кўриб чиқилган.

 Россия томони Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг «Паспорт-виза хизмати» давлат унитар корхонасининг Тошкент шаҳридаги ваколатхонаси фаолиятини қайта бошлаш ҳақидаги сўровини ижобий кўриб чиқишга тайёрлигини тасдиқлаган.

 Бундан ташқари, юқорида муҳокама қилинган масалаларни 27-30 апрел кунлари Москва шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган Ўзбекистон-Россия идоралараро ишчи гуруҳи йиғилиши кун тартибига киритиш таклифи қўллаб-қувватланган.

Мавзуга оид