Фантастик финал. Ўзбекистон ўсмирлари 9 киши бўлиб ўйнаб Осиё чемпионига айланди
Турнир мезбони Саудия Арабистонига қарши ўйиннинг биринчи бўлимидаёқ Ўзбекистоннинг икки футболчиси майдондан четлатилганди.

Фото: ЎФА
Осиё Кубоги U-17. Финал
Ўзбекистон — Саудия Арабистони 2:0
20 апрел. Тоиф. «Қирол Фаҳд» стадиони
Голлар: Муҳаммад Ҳакимов (50, пеналти), Садриддин Ҳасанов (71).
Ўзбекистон — Неъматуллоҳ Рустамжонов, Муҳаммад Ҳакимов, Мўминхон Баҳодирхонов, Миразиз Абдукаримов, Садриддин Ҳасанов (Жамшид Рустамов, 79), Муҳаммад Ҳабибуллаев (Амирхон Муродов, 90+3), Сайфиддин Содиқов (Беҳруз Саидмуродов, 46), Муҳаммадали Мусохонов, Абубакр Шукуруллаев (Асилбек Алиев, 46), Азизбек Эримбетов (Азизбек Абдумўминов, 75), Нурбек Сарсенбаев.
Четлатишлар: Нурбек Сарсенбаев (40), Миразиз Абдукаримов (45).
20 апрел кун Саудия Арабистонининг Тоиф шаҳридаги «Қирол Фаҳд» стадионида ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионати финал учрашуви бўлиб ўтди. Мезбонларга қарши майдонга тушган Ўзбекистон вакиллари қаҳрамонлик кўрсатиб, ишончли ғалабага эришди.
Биринчи бўлимдаёқ Ўзбекистон 9 киши бўлиб қолди: ўйиннинг 39-дақиқасида Нурбек Сарсенбаев рақиб ўйинчиси билан тўқнашгач, унга оёғи билан зарба берди. Қатарлик ҳакам бу ҳолатни қизил карточкага лойиқ кўрди, VAR қарорни ўз кучида қолдирди. Футболчи майдонни кўзда ёш билан тарк этди.
Биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда эса Миразиз Абдукаримов «сўнгги умид фоли» учун майдондан четлатилди.
Бу зарбалардан ўзбекистонликлар руҳиятини чўктирмади ва иккинчи бўлимни ҳужумкорлик билан бошлади. 50-дақиқада мезбонлар футболчиси жарима майдони ичида тўпни қўли билан ўйнади, Муҳаммад Ҳакимов эса белгиланган пеналтини аниқ ижро этиб, ҳисобни очди.
70-дақиқада эса дарвозабон Неъматуллоҳ Рустамжонов кетма-кет сейвлардан сўнг тезкор қарши ҳужумни бошлади, қанотдан олдинга ташланган Садриддин Ҳасанов рақиб посбони билан яккама-якка вазиятга чиқиб борди ва тўпни унинг оёқлари орасидан ўтказиб, иккинчи голни урди.

Ўйиннинг қолган қисмида ҳам Ўзбекистон вакиллари 9 киши ҳолатида ғалабани сақлаб қолиб, Осиё чемпионига айланди.
Ислом Исмоилов бошчилигидаги жамоа турнирни ўта кучли ўтказди: гуруҳ босқичида дастлаб Таиландни 4:1 ҳисобида мағлуб этган, иккинчи турда Хитой устидан 2:1 ҳисобида иродали ғалабага эришиб, гуруҳ босқичи ва жаҳон чемпионати йўлланмасини ҳал қилганди. Учинчи турда мезбон Саудия Арабистонига қарши расмиятчилик учун ўтказилган ўйинда ҳам 3:0 ҳисобида ғалаба қайд этилганди.
Плей-оффда эса аввалига БАА 3:1 ҳисобида таслим этилди, яримфиналда эса КХДР дарвозасига жавобсиз 3 та тўп киритилди, ҳолбуки шимолий кореяликлар чоракфиналда Индонезияни 6:0 ҳисобида мағлубиятга учратганди.
Турнир давомидаги олти ўйинда рақиблар дарвозасига жами 17 та гол урилиб, атиги 3 та гол ўтказиб юборилди.
Тақдирлаш маросимида Ўзбекистоннинг уч вакили индивидуал совринларни қўлга киритди: Неъматуллоҳ Рустамжонов — турнирнинг энг яхши дарвозабони; 5 та гол урган Асилбек Алиев — энг яхши тўпурар; Садриддин Ҳасанов — турнирнинг энг яхши футболчиси.
Энди бу жамоа 3–27 ноябр кунлари Қатарда бўлиб ўтадиган U-17 жаҳон чемпионатида иштирок этади.
Бу Ўзбекистон ўсмирлар жамоаси иккинчи бор Осиё чемпиони бўлишидир. Бунгача 2012 йил октябрида Эронда бўлиб ўтган турнирда Дилшод Нуралиев бошқарувидаги жамоа финалда Японияни мағлубиятга учратиб, Хиросима-1994 ўйинларидан кейин Ўзбекистонга миллий жамоалар даражасидаги иккинчи Осиё чемпионлигини келтирган эди.
