Жаҳон | 19:06 / 20.04.2025
6176
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда ўтказилган ярим марафон вақтида икки киши вафот этди

Олмаота шаҳрида 20 апрел куни эрталаб ўтказилган ярим марафон вақтида 84 ва 21 ёшли иштирокчилар вафот этди. Уларнинг иккиси ҳам бунга қадар турли марафонларда иштирок этиб келган.

Фото: pixabay.com

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида ўтказилган Almaty Half Marathon ярим марафони вақтида 84 ёшли Аккоян Рсалиев ва 21 ёшли Нурбол Аҳмади вафот этди, деб хабар бермоқда «Казинформ».

Олмаотада ярим марафон 20 апрел куни эрталаб, Биринчи президент боғидан марказий стадионгача бўлган йўналиш оралиғида ўтказилди.

Қайд этилишича, ташкилотчилар регламент бўйича иш олиб борган: тиббий хизматлар, фавқулодда хизмат ҳамда полиция тезкорлик билан ёрдамга етиб келган. Кўрилган саъй-ҳаракатларга қарамай, иштирокчилар ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган.

Маълумотларга кўра, Аккоян Рсалиев 2021 йилдан бери мунтазам равишда беллашувларда иштирок этиб келади. Бундан олдин у 21,1 ҳамда 10 километр масофаларни муваффақиятли босиб ўтган. Бугунги ярим марафоннинг биринчи километрида эркакнинг аҳволи бирдан ёмонлашган, бир дақиқадан кейин тез ёрдам бригадаси унга ёрдамга етиб келган.

«Соат 08:15 да иштирокчилардан бири йиқилиб тушгани тўғрисида хабар берилди. Тез ёрдам бир дақиқа ичида етиб борди, аммо унинг юрак уриши тўхтаганди. Протокол бўйича реанимацион чора-тадбирлар ўтказилди. Дастлабки хулоса — ўпка артерияси тромбоэмболияси. Сурункали артериал гипертензия бўлган», — дейди шифокор.

Вафот этган иккинчи фуқаро — Нурбол Аҳмади бўлиб, у Winter Run 2025 марафонида 10 километр масофага югурган. Бугунги ярим марафоннинг 16-километрида у ҳушини йўқотган. Шифокорлар унинг ҳам ҳаётини сақлаб қола олмаган.

Тиббиёт ходимларининг таъкидлашича, иштирокчининг ўлими сабаби суд-тиббиёт экспертизаси натижаларидан кейин маълум бўлади.

Марафон ташкилотчилари вафот этган фуқароларнинг оилалари билан боғланган ва уларга моддий ёрдам кўрсатишни режалаштирмоқда.

Мавзуга оид