Жисмоний шахсларнинг хориждан товар олиб киришига чекловлар кучайтирилганига изоҳ берилди
“Ташмачилар кўмагида йирик партиядаги товарлар майда партияларда ҳеч қандай божхона тўловларисиз Ўзбекистон ички бозорига кириб келмоқда”, деб баёнот берди Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси. Иқтисодчи Отабек Бакиров бунинг сабабларига эътибор қаратиб, “маҳаллийлаштирувчилар” фойдасига киритилган импорт божларини олиб ташлашга чақирди.

Ralf Geithe / Getty Images
Жисмоний шахсларнинг нотижорат мақсадида хориждан товар олиб киришига чекловлар кучайтирилганига Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси изоҳ берди.
Амалдаги тартибга кўра, Ўзбекистонга самолётда келаётган жисмоний шахслар ҳозирда 2000 долларгача, поездда келаётганлар эса 1000 долларгача қийматдаги товарларни божсиз олиб кириш ҳуқуқига эга. 19 апрел кунги ҳукумат қарори билан эса, 1 майдан бошлаб бу лимит мос равишда 1000 доллар ва 500 долларгача пасайтириладиган бўлди. Автомобил (пиёда) ўтказиш пунктлари орқали кириб келувчилар учун 300 долларлик чеклов ўзгаришсиз қолади.
Бундан ташқари, аввал курьерлик жўнатмалари орқали бир чоракда 1000 долларгача бўлган товарларни божсиз олиб кириш мумкин бўлган бўлса, энди бу лимит бир ойда 200 долларгача пасайтирилади.
Қолаверса, 1-2 кунга четга чиқиб келганлар Ўзбекистонга божсиз товар олиб киролмайдиган бўляпти. Божсиз товар олиб кириш лимитидан фойдаланиш учун фуқаро пиёда ёки темирйўлда кириб келаётган пайтда камида 2 кун, самолётда келаётганида эса камида 3 кун Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида бўлиши керак бўлади.
Божхона қўмитаси изоҳи
Божхона қўмитаси баёнотига кўра, дунё амалиёти билан таққослаганда товарларни божсиз олиб кириш нормалари Ўзбекистонда юқори белгиланган.
Хусусан, Европа Иттифоқи давлатларида жисмоний шахслар ҳаво транспортида кириб келганда 480 АҚШ доллари, авто, пиёда ёки темир йўлда кириб келганда 330 АҚШ доллари қийматидаги товарларнигина божсиз олиб киришлари мумкин.
Туркияда мамлакатга қайси транспорт турида кириб келишидан қатъи назар фақатгина 480 АҚШ доллари қийматидаги товарларни божсиз олиб киришга рухсат этилади. Бу меъёр Хитойда 722 АҚШ долларини ташкил қилади, дейилади баёнотда.
Хорижда қисқа муддат (2-3 кунгача) бўлиб қайтган шахсларнинг божсиз товар олиб кириш ҳуқуқи бекор қилинаётгани эса “жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёж учун товарларни божсиз олиб кириш нормаларидан тижорат мақсадларида фойдаланиш кўлами сезиларли ошгани” билан изоҳланди.
“Таҳлилларга кўра, чегара божхона постлари орқали ҳаракатланаётган фуқаролар ўзига тегишли бўлмаган товарларни маълум ҳақ эвазига олиб ўтиб бериб, “ташмачилик” фаолияти билан шуғулланмоқда.
Улардан айримлари бир ойда 100 мартагача чегарани кесиб ўтаётганини инобатга олсак, ўз эҳтиёжи учун деган ниқоб остида аслида тижорат мақсадидаги товарларни ташишаётгани ойдинлашади.
Натижада, ташмачилар кўмагида йирик партиядаги товарлар майда партияларда ҳеч қандай божхона тўловларисиз Ўзбекистон ички бозорига кириб келмоқда”, – дейилади Божхона қўмитаси баёнотида.
Қўмитага кўра, хорижий мамлакатларга тижорат мақсадида борувчи йўловчилар ва улар томонидан содир этилган хуқуқбузарликлар сони сўнгги йилларда каррасига ошиб бормоқда.
“Айрим йўловчилар бир йил давомида ўртача 100-150 тагача парвозларни амалга оширганидан кўриниб турибди-ки, улар ҳаво йўллари орқали тижорат товарларини шахсий эҳтиёж учун ниқоби остида олиб киришаётгани маълум бўлади. Уларнинг умумий сони биргина пойтахт аэропортида 500 нафардан ошади. Ушбу йўловчиларнинг ҳар бири йилига ўртача 2-3 тоннагача оғирликдаги товарларни олиб киришмоқда”, – дейилади расмий изоҳда.
Қайд этилишича, амалдаги қонунчиликда чегара божхона постлари орқали товарларни нотижорат товар ниқоби остида ноқонуний олиб ўтиш учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик назарда тутилган. 2024 йилда чегара божхона постлари орқали ҳаракатланган 600 нафарга яқин шахс ана шу ҳуқуқбузарликни такрор ва такрор содир этган. Натижада, айрим фуқаролар айни шу турдаги ҳуқуқбузарликларни содир этгани учун бир йилда ўртача 10-20 марта жавобгарликка тортилган.
2024 йилда, шунингдек, чегара божхона постларида “яшил” йўлак орқали ҳаракатланган 1 190 нафар жисмоний шахс томонидан 21 млрд сўмга яқин товарларни ноқонуний олиб ўтишга бўлган уринишлар аниқланган.
Божхона қўмитаси курьерлик хизмати орқали етказиб бериш тартибидаги ўзгаришларни ҳам халқаро тажриба билан изоҳлаган. Янги тартибга кўра, жисмоний шахсларга курьерлик жўнатмалари орқали бир ойда 200 АҚШ доллари қийматидаги товарларни божсиз олиб кириш мумкин бўлди. Илгари бу меъёр бир чоракда 1000 АҚШ долларини ташкил қилар эди.
“Таҳлилларга кўра, бугунги кунда республикамизга кириб келаётган курьерлик жўнатмаларининг ўртача қиймати 200 АҚШ долларини ташкил қилади. Юқоридаги меъёрни белгилашда шунга асосланди.
Яна хорижий тажрибага юзланамиз – товарларни курьерлик жўнатмалари орқали божсиз олиб кириш меъёрлари Хитойда 288 АҚШ доллари, Жанубий Кореяда 150 АҚШ доллари, Грузияда 125 АҚШ доллари, Украинада 100 евро, Буюк Британияда 188 АҚШ доллари, Европа Иттифоқи мамлакатларида 41-175 АҚШ доллари ва Туркияда 79 АҚШ долларини ташкил қилади”, – дейилади қўмита ахборотида.
Қайд этилишича, курьерлик жўнатмалари орқали товарларни божсиз олиб кириш нормасини суистеъмол қилган ҳолда, товарларни “нотижорат” ниқоби остида олиб киришга уринишлар ортган. 2023-2024 йилларда 1,1 мингта ҳолатда 8,3 млрд сўмлик божхона қоидалари бузилиши аниқланган.
“Номига жўнатмалар юборилган фуқароларнинг шахси ўрганилганида улар орасида вафот этган шахслар ҳам аниқланган, аксарият ҳолларда эса фуқаролар номига чет элдан жўнатма келганидан хабарлари ҳам йўқ бўлиб чиқди.
Бунда, товарларни майда партияларга бўлиб, фуқароларнинг шахсга доир (паспорт) маълумотларидан ноқонуний фойдаланиб сохта юк-кузатув ҳужжатлари билан мамлакатимизга олиб кириш схемаси қўлланилмоқда”, дея қайд этган Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси.
Иқтисодчилар муносабати
Техас университети ассистент-профессори, иқтисодчи Ботир Қобиловнинг фикрича, Ўзбекистонда жисмоний шахсларнинг хориждан товар олиб кириши лимитлари пасайтирилгани “яхшиликка эмас”.
“Бундай ишлар умуман яхшиликка эмас. Афсус”, – дея изоҳ қолдирди у Telegram-каналида.
Иқтисодчи Отабек Бакиров расмийларни оқибатларга эмас, сабабларга эътибор қаратишга чақирди. Унинг сўзларига кўра, “ташмачилик” – сунъий тарзда яратилган муаммонинг оқибати. Бу муаммо эса – расмий импорт учун божларнинг юқорилиги билан боғлиқ.
“Нима учун узоққа бормайлик, қўшни қардош қозоқлар ва қирғизлар шунақа сиз айтгандек “ташмачилик” билан шуғулланмайди? Нима учун Дубай ё Истанбул аэропортларида фақат ўзбекистонликлар ўзлари билан бошқа йўловчиларни ҳам товар “ташмачилиги”га жалб қилишади? Бир ўйлаб кўринг. Биласиз-ку сабабларини.
Балки аждарҳо божлар мавжудлиги туфайлидир? Бир тўда “маҳаллийлаштирувчилар” ва маҳаллий “импортёрлар” фойдасига киритилган аждарҳо божларни олиб ташланг. Ишонинг, ҳеч ким чегара ошиб телефон-у, кондиционер олгани қўшни давлатларга бормайди. Нормал давлатлардаги каби товарлар ўзаро рақобатлашувчи ва энг оптимал импорт каналлари орқали кириб келади, соғлом бозор пайдо бўлади. Истеъмолчи камбағаллашмайди”, – дея расмийларга мурожаат қилди Отабек Бакиров.
Мавзуга оид

22:43 / 23.04.2025
Божхонадаги чекловлар: фуқаро божни тўлай олмаса, нима бўлади?

19:56 / 22.04.2025
“Нархлар анча арзонроқ” — Қозоғистондан қайтаётган ўзбеклар ўзи билан нималар олиб киряпти?

15:54 / 07.03.2025
Божхона қўмитаси 9,3 млрд сўмлик ноқонуний тамаки маҳсулотларини йўқ қилди

15:55 / 27.01.2025