Спорт | 12:04 / 21.04.2025
17015
13 дақиқада ўқилади

«Реал» чемпионлик пойгасида қолди, «Ливерпул»га чемпионлик учун бир ғалаба қолди. Кун ўйинлари 

Якшанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.

Фото: Mateo Villalba/Getty Images

Англия: «Арсенал»нинг юзинчи голи ва «МЮ»нинг навбатдаги даҳшатли туши

«Ипсвич» — «Арсенал» 0:4
Голлар:
Троссар (14, 69), Мартинелли (28), Нванери (88). 
«Ипсвич» — Палмер, Туанзебе, О'Ши, Гривз, Дэвис, Морси (Чаплин, 90+1), Каюсте (Луонго, 81), Жонсон, Энсисо (Тэйлор, 46), Кларк (Буржесс, 35), Ҳирст (Делап,  82). 
«Арсенал» — Райя, Уайт, Салиба, Кивёр, Зинченко, Эдегор, Райс (Тирни, 73), Мерино (Люис-Скелли, 57), Сака (Нванери, 57), Троссар (Батлер-Ойедежи, 83), Мартинелли (Стерлинг, 73). 
Четлатиш: Дэвис (32). 

«Арсенал» аралаш таркиб тушириб ҳам «Ипсвич»ни осонлик билан мағлуб этиб, мавсумдаги голлари сонини 100 дан оширди. Ўйин стартида Троссар жарима майдони ичида у қадар яққол бўлмаган вазиятда тўпни ҳимоячи оёқлари орасидан ўтказиб, дарвозабонни ҳам доғда қолдирди. Бироз ўтиб Мартинелли Меринонинг товонда берган узатмасини голга айлантирди, бўлим охирларида Дэвис Сакага қарши қўполлиги учун майдондан четлатилганида ўйин масаласи амалда ҳал бўлди.

Иккинчи бўлимда белгиялик форвард ўз услубида яна бир гол уриб, ҳисобни йириклаштирди. Эътиборли жиҳати, бу гол бурчак зарбасидан кейин урилган бўлса-да, бу вазиятда тўп «Арсенал»га хос тарзда тўғридан тўғри жарима майдонига узатилмаган, тўпни энг яқин футболчига ерлатиб етказиб бериш орқали ўйналганди. Ўйин охирида Нванерининг голи ҳам бурчак зарбасини шундай амалга ошириш орқали урилди, бу эса «канонирлар»нинг рақиблари учун огоҳлик қўнғироғи - дарвозага бурчак зарбаси белгиланганида, хавф қаердан келишини топиш қийинлашмоқда.

«Манчестер Юнайтед» — «Вулверҳэмптон» 0:1
Гол:
Сарабия (77). 
«Манчестер Юнайтед» — Онана, Фредериксон, Линделёф (Йоро, 79), Мазравий, Доргу (Далот, 59), Угарте (Фернандеш, 59), Эриксен, Амасс, Майну (Маунт, 59), Гарначо, Ҳойлунд (Оби, 70). 
«Вулверҳэмптон» — Бентли, Буэно, Агбаду, Тоти, Семеду (Гомеш, 74), Андре, Гомес, Аит-Нури (Доэрти, 82), Манетзи, Куня (Жига, 90+4), Ларсен (Сарабия, 74). 
Огоҳлантиришлар: Андре (29), Аит-Нури (48), Доргу (56), Эриксен (76), Сарабия (80).

Европа лигасида «Лион»га қарши ҳиссиётларга бой кечган ўйиндан кейин «МЮ»нинг омад лимити тугаб қолганди ва «Вулверҳэмптон»га қарши ўйинда ҳеч қанақасига дарвозани ишғол этиб бўлмади. Иккинчи бўлим охирларида Сарабия томонидан жарима зарбасидан урилган гол эса «бўрилар»га қаторасига бешинчи ғалабани тақдим этди, бунақаси жамоа тарихида 55 йилдан буён кузатилмаганди. «Қизил иблислар» эса АПЛдаги иштироки давридаги энг ёмон мавсумни ўтказмоқда ва илк бор бир мавсумда 15 учрашувда мағлуб бўлди. Шу билан бирга, «МЮ» келаси мавсумда ҳам АПЛда қолиши кафолатланди. 18-ўриндаги «Ипсвич» «Арсенал»га ютқазгач, 14-ўриндаги «МЮ»билан орадаги 17 очколик фарқ сақланиб қолди. Мавсум тугашига 5 тур қолгани ҳисобга олинса, «Манчестер Юнайтед» қолган беш ўйинда ютқазган тақдирда ҳам, «Ипсвич» қолган беш ўйинда ғалаба қозониб ҳам ушбу жамоага етиб ололмайди.

«Фулҳэм» — «Челси» 1:2
Голлар:
Ивоби (20) — Жорж (84), Нету (90+3). 
«Фулҳэм» — Лено, Тете (Кастан, 78), Андерсен, Бэсси, Робинсон, Берг, Лукич (Кэрни, 72), Сессеньон (Уилсон, 79), Перейра, Ивоби (Траоре, 84), Хименес (Винисиус, 84). 
«Челси» — Санчес, Жеймс (Гюсто 46, Адарабиойо 89), Чалоба, Колуилл, Кукуреля, Фернандес, Кайседо, Мадуэке (Санчо, 46), Палмер, Нету, Жексон (Жорж, 78). 
Огоҳлантиришлар: Бэсси (24), Колуилл (29), Кукуреля (80), Кайседо (85). 

Якшанба оқшомига қадар «Челси» АПЛнинг йил бошидан буён сафар ўйинларида ғалаба қозона олмаган ягона жамоаси бўлиб турганди, сафардаги сўнгги ғалаба 8 декабрда, «Тоттенҳэм»га қарши дербида кузатилганди. Бу сафар ҳам нохуш анъана давом этадигандек эди. «Фулҳэм» биринчи бўлимда Ивоби урган гол эвазига қўлга киритилган устунликни узоқ вақт сақлаб турди, аммо 84-дақиқада лондонликларнинг 19 ёшли яримҳимоячиси Жорж урган гол ўйинни ўзгартириб юборди. Клуб тарбияланувчисининг муваффақияти кўкларни илҳомлантирди ва ҳал қилувчи штурм қўшимча дақиқаларда Педру Нетунинг чиройли голи билан якунланди. Португалиялик футболчи жарима майдони марказида туриб, Энцо Фернандеснинг узатмасини аъло даражада ўзига бўйсундирди ва тўпни тўсин остидан дарвоза тўрига михлади. 3 апрелдан буён қўлга киритилган илк ғалаба эвазига Энцо Мареска шогирдлари қўшимча кўрсаткичлар эвазига «Астон Вилла»ни қувиб ўтиб, тўртинчи ўриндаги «Манчестер Сити»га бир очколик масофада яқинлашиб олди. «Челси» Чемпионлар лигасига йўлланма берувчи бешинчи ўринни ўзида сақлаб қолиши душанба куни «Ноттингҳэм» ва «Тоттенҳэм» ўртасида кечадиган ўйиндан кейин аён бўлади.

«Лестер» — «Ливерпул» 0:1
Гол:
Александер-Арнолд (76). 
«Лестер»: Ҳермансен, Томас, Перейра (Жастин, 83), Коуди, Фас, Сумаре, Ндиди (Скипп, 83), Эль-Ханнус, Мавидиди (Монга, 85), Декордова-Рид (Буонанотте, 61), Варди (Дака, 62).
«Ливерпул»: Алиссон, Цимикас, Брэдли (Александер-Арнолд, 71), ван Дейк, Конате, Мак Аллистер, Гравенберҳ, Гакпо (Жота, 60), Салоҳ, Собослаи (Эллиотт, 71), Диас (Жонс, 90+4).

Ўйиннинг биринчи бўлимида меҳмонлар зарбалар бўйича 14:2 нисбатида устунликка эга бўлишди. Шу билан бирга, бу статистика «Ливерпул» қанчалик кўп вазиятлардан фойдалана олмаганини кўрсатади. Энг яхи вазиятлар Салоҳда юзага келди, аммо бу сафар АПЛнинг энг яхши тўпурарининг ишлари юришмади, жумладан, бир неча метр масофадан гол уролмади.

«Ливерпул»нинг устунлиги танаффусдан кейин ҳам давом этди, аммо мезбонлар анча вақтгача дарвозасини дахлсиз сақлаб туришди. Диас марказий форвард позициясига чиқиб, Брэдли қанотдан оширган тўпни яқин масофадан тўрга жойлай олмади. Кейин эса Цимикас янада қулайроқ позициядан аниқ зарба берди, бу сафар «Лестер» дарвозабони ишончли ҳаракат қилди.

71-дақиқада эса Слот ўнг қанотни алмаштирди. Брэдли иккинчи бўлимда яхшироқ ўйнаган бўлса-да, ўйин бошида уч марта тўпни олдирганди. Унинг ўрнига бир ойдан ортиқ вақт давомида жароҳатини даволаган Трент туширилди. Бу вақт ичида эса у ёзда «Реал»га ўтиши аниқ бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди. Шунинг учун, ҳимоячини айрим мухлислар ҳуштакбозлик билан қарши олишди. Якунда эса айнан Трент ўйиндаги ғалаба голини урди ва голини қаттиқ ҳиссиётга берилиб нишонлади. Бундан кейин мухлислар унга ҳуштакбозлик қилишга ҳақли эмасди.

Бу гол «Ливерпул»ни чемпионликка янада яқинлаштирди. Чемпионликни расмийлаштириш учун жамоа кейинги турда ўз майдонида «Тоттенҳэм» устидан ғалаба қозониши етарли бўлади.

Якшанба оқшомида охиригача чидаб бера олмаган «Лестер» эса чемпионшипга қайтиб кетадиган бўлди, Руда ван Нистелрой бошчилигидаги «тулкилар» Англия юқори дивизиони тарихига қаторасига тўққиз уй учрашувида гол ура олмасдан ютқазган илк жамоа сифатида кирди.

Испания: Валверденинг замбарак зарбаси

«Реал» — «Атлетик» 1:0
Гол:
Валверде 90+3.
«Реал»: Куртуа, Камавинга, Рюдигер, Асенсио (Васкес, 84), Валверде, Чуамени Модрич (Гулер, 78), Себалос (Эндрик, 58), Беллингҳем, Винисиус, Родриго (Диас, 79).
«Атлетик»: Симон, Горосабел, Паредес, Нунес, Бойро (Вивиан, 87), Прадос, Весга, Жало (И. Уилямс, 62), Гомес (Лекуэ, 72), Беренгер (Сансет, 62), Гурусета (Саннади, 62).
Огоҳлантиришлар: Асенсио, 75 – Нунес, 63, Прадос, 86.

«Реал» футболчилари Карло Анчелотти истеъфоси ҳақидаги навбатдаги миш-мишлар фонидаги ўйиннинг биринчи бўлимни ўта нурсиз ўтказишди ва xG бўйича мавсумдаги энг ёмон кўрсаткич қайд этилди (0,16). Аммо иккинчи бўлимга жамоа бутунлай бошқача руҳда чиқди. Испаниядагилар ҳатто бу бўлимни —мадридликларнинг сўнгги ойдаги энг яхши бўлими деб аташмоқда. Аммо шундай ўйинда ҳам ҳадеганда мезбонларнинг омади келавермади. Беллингҳемнинг ўзи бир дақиқа ичида иккита хавфли вазиятга эга бўлди. Биринчи ҳолатда Унаи Симон тўсин остидан кираётган тўпни тўсиб қолди, кейин эса голга бир неча сантиметр етмай қолди.

«Қироллик клуби» мухлислари сўнгги сонияларгача ўйинни асабий ҳолатда кузатишга мажбур бўлишди. Винисиус яқин бурчакка зарба йўллаб, чиройли гол урди, аммо бу гол бекор қилинди. Видеотакрорни кўриш учун монитор қаршисига борган арбитр офсайд чизиғида бўлган Эндрик эпизодга таъсир кўрсатган деб топди. «Реал» эса ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда барибир рақибни таслми этди. Валверде жарима майдони ичида туриб «тўққизлик»ни аниқ нишонга олди.

Бу ғалабадан кейин мадридликлар биринчи ўриндаги «Барселона» билан орадаги 4 очколик фарқни сақлаб қолди. Мавсум якунига қадар яна 6 ўйин бор ва бу ўйинлардан бири чемпионлик масаласини ҳал қиладиган ўйин бўлади - 11 май куни «Барселона» «Реал»га ўз уйида ютқазмаса, амалда чемпионлик масаласини ҳал қилади.

Италия: барча умид Кубокдан

«Болоня» — «Интер» 1:0
Гол:
Орсолини (90+4). 
«Болоня» — Раваля, Ҳолм, Бекема, Лукуми, Миранда, Эбишер (Моро, 88), Фройлер, Ндойе (Камбияги, 77), Одгор (Фаббиан, 89), Домингес (Орсолини, 70), Даллинга (Кастро, 77). 
«Интер» — Зоммер, Павар, Бастони (Ди Марко, 65), Ачерби, Дармиан (Биссек, 88), Барелла, Чалхонўғли, Мхитаярн (Фраттези, 65), Аугусто, Мартинес (Арнаутович, 88), Корреа (Торимий, 69). 
Огоҳлантиришлар: Мхитарян (39), Ндойе (58), Бастони (62), Корреа (83), Орсолини (90+6).

«ПСЖ» аллақачон чемпион. «Ливерпул» кейинги ҳафталарда чемпионликни расмийлаштириши мумкин. «Бавария» ва «Барселона» ҳам ўз лигаларида яхши фарқ билан илгарилаб кетган. Кучли бешликда фақатгина Италияда охиригача интрига сақланиб қолмоқда. Апеннин яриморолида финишга беш тур қолганида турнир жадвалида қўшҳокимлик ўрнатилган, бунинг учун эса «Болоня»дан миннатдор бўлиш керак. Ушбу жамоа биринчи навбатда ўзи учун ҳаракат қилмоқда ва ЕЧЛга йўлланма берувчи тўртинчи ўрин учун «Ювентус» билан курашмоқда.

«Болоня» ўйин давомида яхши ҳаракат қилди ва қўшимча дақиқаларда ўзи ҳақли бўлган голни урди. Ғалаба голи муаллифи Орсолини эса ўз фаолиятида илк бор бир мавсумда 12 гол уришга эришди. «Болоня» етакчиси аутдан оширилган тўпга ҳаводалигида зарба берди ва ҳақиқий шедевр муаллифига айланди. Қизил-кўклар энди тўртинчи ўринда ва душанба куни «Парма» майдонига сафар қиладиган «Ювентус»нинг жавобини кутади. «Интер» эса очколар тенг ҳолатида фақат қўшимча кўрсаткичлар эвазига турнир жадвалида «Наполи»дан юқорида жойлашган.

«Милан» — «Аталанта» 0:1
Гол:
Эдерсон 62.
«Милан»: Менян, Павлович, Габбия, Томори (Ҳименес, 83), Эрнандес, Ҳименес (Фелиш, 75), Рейндерс, Фофана, Пулишич (Соттил, 75), Леау (Чуквуэзе, 83), Йович (Абраҳам, 75).
«Аталанта»: Карнезекки, Жимсити (Толои, 59), Ҳин, Белланова, Пашалич (Де Кетеларе, 80), Лукман, Заппакоста (Коссуну, 59), Куадрадо (Ружери, 59), Лоренцо, де Рон, Ретеги (Сулемана, 90+1).
Огоҳлантириш: Куадрадо 56.

Биринчи бўлимни «Милан» фаоллик билан ўтказди, аммо кўп ҳолларда аниқлик етишмади, вазиятлардан бирида эса рақиб ҳимоячиси яккама-якка вазиятга чиқиб бораётган Рафаэл Леауни зарарсизлантирди. Иккинчи бўлимда эса «Аталанта» ажойиб голли ҳужум уюштирди. Лукман жарима майдонига узатма амалга оширди, Белланова тўпни марказроқдаги Эдерсонга қулай қилиб ташлаб берди — барчаси намунали тарзда ижро этилди. «Милан»ни мавсумнинг икки ўйинида ҳам мағлуб этган бергамоликлар учинчи ўринни мустаҳкамлади (тўртинчи ўрин билан орадаги фарқ тўрт очко). Сержиу Консейсау жамоаси эса мавсумни «Интер»га қарши Италия кубоги финалида ғалаба қозониш орқали қутқариб қолишга ҳаракат қилади.

Мавзуга оид