Трамп Путинга муҳлат берди, Франция Фаластинни тан олмоқчи — Геосиёсий ҳафта таҳлили
Рубионинг баёнотига қаралса, АҚШ Украинада тинчликка эришиш интилишларидан совиб, қўлини қўлтиғига уришга тайёр. Парижда эса “мустаҳкам тинчлик” схемалари муҳокамаси давом этмоқда. Лавров Тўқаевнинг ҳудудий яхлитлик ҳақидаги гапларига жавоб қайтарди. Россия “Толибон”ни реабилитация қилмоқда. Макрон Нетаняҳу билан мулоқотда Фаластинни тан олиш билан таҳдид қилди.
Жорий ҳафтанинг халқаро майдондаги мавзулари муҳокамаси – Кun.uzʼнинг жонли эфирдаги “Геосиёсат” дастурида муҳокама қилинди.
Трамп Путинга Украинада ўт очишни тўхтатишга 3 кун муҳлат берди. Хўш, уч кундан кейин Трамп Россияга нисбатан муносабатини кескин ўзгартирадими?
Сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг фикрига кўра Трампнинг Путинга нисбатан муносабати аста-секин ўзгаряпти. Яъни унинг атрофидаги маслаҳатчилари “Путин алдайди” деган муждани беряпти.
Раббимовга кўра “Сиёсий фаолияти давомида Путин билан музокара қилган Европа лидерлари Путиннинг тактикасини яхши ҳис қилади, чунки уларнинг кўпчилиги бир вақтлар Москва билан келишишга ҳаракат қилган ва Путин билан” нормал муносабатларнинг иложи йўқлигини тушуниб етган”.
Шуҳрат Расул эса музокараларда олдинга силжиш бўлгани, лекин Россия томони ҳозирда ўзи эгаллаб турган ҳудудлардан Украина воз кечиш керак деган оғриқли нуқта пайдо бўлганини таъкидлади.
Шуҳрат Расулнинг фикрича, АҚШ давлат котиби Марко Рубионинг “Бу уруш бизники эмас” деган гаплари “Агар Трамп айтган муҳлатда Путин келишувга рози бўлмаса биз бу музокаралардан чиқамиз” дегани.
Қўшма Штатлар Париждаги музокараларда Украинада “Кучли ва мустаҳкам тинчлик схемаларини” тақдим этган, Париждаги учрашув таҳлилидан қандай хулосалар қилиш мумкин?
Сиёсатшунос Анвар Йўлдошев 17 апрел Парижда бўлиб ўтган учрашув ҳақида фикр билдирар экан “Макрон бу учрашувни юқори баҳолади ва АҚШ—Россия музокараларида Украинани ҳам жалб қилишга замин яратилди, яъни бу барча томонлар мулоқот қилиши мумкин бўлган платформа яратилишига илк қадамлар дейиш мумкин”.
Бектош Бердиев эса бундай музокаралардан катта натижа кутишга ҳали эрта эканини айтди. Чунки шу кунгача амалга оширилган музокараларда ҳам кўзга кўринадиган ютуқ бўлмагани билан изоҳлаш мумкин, дейди у. Ундан ташқари АҚШ ва Европа ўртасида яқинлашув сезиляпти, Трампнинг эса Путинга нисбатан ишончи пасайиб боряпти, тенденцияларни ҳисобга олсак, АҚШ ҳам Украинани қўллашда давом этса керак”, дейди Бердиев.
Франциянинг Фаластинни давлат сифатида тан олиши тарихий воқеа воқеликни бошлаб берадими?
Камолиддин Раббимов Франциянинг бу қадамларини юқори баҳолади. “БМТга аъзо давлатларнинг 147 таси Фаластинни аллақачон давлат сифатида тан олган, лекин дунёнинг қудратли 7-8 та давлати ҳали бу ишни амалга оширмаган ва Исроил позициясини қўллар эди. Масалан, АҚШ бошчилигида Германия, Канада, Япония ва Франция. Расмий Париж июн ойида буни амалга оширмоқчи ва Макрон Фаластинни тан олиш — тинчликка қадам, бундан Исроил ҳам манфаатдор бўлиши керак, деди.
Фаластинни тан олиш бир вақтнинг ўзида Исроилни босқинчи сифатида расмийлаштириш дегани. Чунки Фаластин халқаро ҳуқуққа кўра 1967 йилги чегаралар билан тан олинади, Исроил эса йиллар давомида ҳудудни аннексия қилишда давом этяпти”, дея Раббимов жорий вазиятни шарҳлади.
Шунингдек қизғин кечган суҳбат давомида сиёсатшунослар Россия “Толибон”ни террорчи ташкилот рўйхатидан чиқаргани, Лавровнинг Қозоғистон президенти Тўқаевга кечиккан жавоби, АҚШ—Хитой савдо урушидаги жорий вазият ва шу каби ҳафтанинг муҳим геосиёсий мавзулари хусусида ҳам ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Баҳсларга бой суҳбатни Кun.uzʼнинг YouTube саҳифасида тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.
Мавзуга оид

23:00 / 21.04.2025
Теҳрон, Москва ва Римдаги музокаралар: Эрон ядро дастури бўйича битим асослари чизилмоқда

23:09 / 17.04.2025
Россия босқинни фаоллаштирди, Трамп жамоасида қутбланиш – таҳлилчилар нима дейди?

21:53 / 15.04.2025
Эроннинг ядро дастури: Трамп нега ўзи барбод қилган битимни тикламоқчи?

19:01 / 12.04.2025