ЦАҲАЛ текшируви: Ғазода шифокорлар ўлимига «оператив англашилмовчилик» сабаб бўлган
Исроил армияси қўмондонлиги тез ёрдам машиналари ўққа тутилиши ва 15 ходим ўлими учун жавобгар бўлган командир ўринбосарини ишдан бўшатиш билан чекланди.

Фото: Видеодан кадр
Исроил ҳарбийлари ўтган ойда Ғазода фавқулодда хизматларнинг 15 нафар ходими ўлимига «оператив англашилмовчилик» ва «буйруқларга амал қилинмаслиги» сабаб бўлганини маълум қилди.
Исроил мудофаа армияси томонидан ҳодиса бўйича ўтказилган суриштирувда исроиллик ҳарбийлар томонидан йўл қўйилган қатор хатолар аниқланган.
Воқеа иштирокчиси бўлган бўлинма командири ўринбосари «суд жараёнида нотўлиқ ва нотўғри ҳисобот бергани учун» ишдан бўшатилган.
23 март куни Рафаҳ шаҳри ҳудудида Қизил ярим ой жамиятининг Фаластин бўлими (PRCS) тез ёрдам машиналари, БМТ автомобили ва Ғазо фуқаролик мудофааси ўт ўчириш машинаси Исроил ҳарбийлари томонидан ўққа тутилиши оқибатида 14 нафар қутқарувчи ҳамда БМТнинг бир ходими ҳалок бўлганди.
ЦАҲАЛ баёнотида айтилишича, исроиллик ҳарбийлар душман кучлари томондан хавф юзага келди деб ҳисоблагани учун ўт очган.
Исроил ҳарбийларига кўра, тергов ишлари ҳалок бўлганларнинг олти нафари Ҳамас аъзолари бўлганини кўрсатган. ЦАҲАЛдагилар судсиз қатл ҳақидаги версияни рад этган.
Исроил мудофаа армияси қурбонларнинг Ҳамас билан алоқадорлигига ҳеч қандай далил келтирмаган, ҳолбуки ўлдирилганларнинг шахси ҳақида очиқ маълумотлар мавжуд.
Ҳисоботда айтилишича, ҳодиса «душман назоратидаги ва хавфли ҳарбий ҳаракатлар зонаси» ҳисобланадиган ҳудудда содир бўлган ва воқеа жойидаги командир машиналар тез яқинлашгани туфайли бевосита ва сезиларли таҳдидни ҳис қилган.
Шунингдек, «тунда кўриш ёмонлиги» туфайли командир транспорт воситалари тез ёрдам машиналари эканини аниқ била олмагани айтилган.
Исроил томони аввалига колонна қоронғида, чироқлар ўчирилган ва милтилловчи маёқларсиз «шубҳали тарзда» яқинлашгани учун ўт очилганини даъво қилганди. Исроил томонига кўра, машиналар ҳаракати олдиндан мувофиқлаштирилмаган ёки армия билан келишилмаган.
Аммо кейинроқ Исроил бу ҳисобот «хатолик» бўлганини тан олди, чунки бу вақтга келиб ўлдирилган шифокорлардан бирининг мобил телефонидан топилган видео машиналарнинг чироқлари ёқилган ҳолатда бўлгани ва милтилловчи маёқлар ўрнатилганини фош этди.
Кадрларда эрта тонг маҳали машиналар йўлга яқинлашгани ва кўп ўтмай отишма бошлангани акс этган.
Видео беш дақиқадан кўпроқ давом этади, унда парамедик ҳаётининг сўнгги лаҳзаларини дуо ўқиб ўтказгани эшитилади, сўнгра машиналарга яқинлашаётган исроиллик аскарларнинг овозлари янграйди.
Видеода машиналар қайси хизматларга тегишли экани аниқ белгилаб қўйилгани, фелдшерлар эса ёруғлик қайтарувчи форма кийганини ҳам кўриш мумкин.
Фавқулодда хизматларнинг ҳалок бўлган 15 нафар ходимининг жасади кўмиб юборилган ва воқеа содир бўлганидан бир ҳафта ўтгачгина топилган, чунки халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ бу ҳудудга хавфсиз ўтиш йўлини ташкил эта олмаган ёки воқеа жойини аниқлай олмаган.
Қизил ярим ой ва бошқа қатор халқаро ташкилотлар аввалроқ ҳодисани мустақил тергов қилишга чақирган эди.
Исроил мудофаа армиясида командир ўринбосарини ишдан бўшатиш ва яна бир катта офицерни жазолаш қарори ғайриоддий ҳолат эмас — қўмондонлик ўтган йил апрел ойида ҳам, World Central Kitchen гуманитар ташкилотининг етти нафар ходими ўлдирилганидан кейин икки офицерни ишдан бўшатган ва яна бир неча кишига чора кўрганди.
Исроил Рафаҳдаги йирик ҳарбий амалиётини 2024 йил майида бошлаган, ўтган вақт ичида ҳудуднинг катта қисми вайрон қилинган. 2025 йил январидаги вақтинчалик сулҳдан кейин эса ўн минглаб кишилар шаҳарга қайтиб келганди.
18 март куни, ўт очишни тўхтатиш бўйича сулҳнинг биринчи босқичи муддати якунланиб, иккинчи босқич бўйича музокаралар боши берк кўчага кириб қолганидан кейин Исроил армияси Ғазодаги амалиётни қайтадан бошлади.
Исроил 2023 йил 7 октябри воқеаларидан кейин Ҳамасни буткул йўқ қилиш бўйича кампания бошлаганди. Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, ўтган вақт мобайнида сектор ҳудудида камида 51 201 киши ҳалок бўлган.
Мавзуга оид

20:55 / 24.04.2025
Испания Исроилдан миллионлаб ўқ-дори сотиб олишдан бош тортди

13:30 / 24.04.2025
90 фоиз уйлар вайрон бўлган Ғазо, Кашмирдаги терактда айбланаётган Покистон ва барбод бўлган Лондон музокаралари — кун дайжести

14:20 / 23.04.2025
Урушни музлатмоқчи бўлаётган Путин ва Трампга қарши чиққан АҚШ университетлари — кун дайжести

13:04 / 22.04.2025