Жамият | 11:18 / 22.04.2025
11286
3 дақиқада ўқилади

“5 та машина билан тўқнашган” – Тошкентда ЙПХдан қочган қора Gentra бўйича қўшимча маълумот берилди

Машинада бўлган йигит отасининг номида бўлган Gentra'ни ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган аёлга бошқаришга берган. ЙПХдан қочган аёл Damas, Cobalt, 2 та Gentra ҳамда Matiz билан тўқнашув содир қилган. Gentra'да бўлган 3 киши 7 суткадан маъмурий қамоқ жазосига тортилган. Йигит ва Gentra'ни бошқарган аёлга нисбатан эса жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Фото: Kun.uz

Тошкент шаҳрида ЙПХдан қочган қора Gentra 5 та машина билан тўқнашгани маълум бўлди. Тошкент шаҳар ИИББ ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берди

 Маълум қилинишича, 2025 йил 19 апрел куни фуқаро О.Ж. отаси номида бўлган Gentra машинасини таниши, ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган С.П.га бошқариш учун тақдим қилган. Ўзи машинанинг олд йўловчи ўриндиғида келган. Автомобилнинг орқа ўриндиғида эса уч нафар танишлари – П.Г., Қ.Д., Р.Б. (барчаси аёл) бўлган.

Улар Чилонзор тумани ТХАЙ-Чорбоғ кўчасида тартибсиз ҳаракатланиб, дастлаб Damas машинасини уриб юбориб, шикаст етказган.

Шунда ушбу йўналишда хизмат олиб бораётган ЙҲХБ ходимлари уларга тўхташ буйруғини берган. Бироқ С.П. бунга бўйсунмасдан, Ж.О.нинг кўрсатмаси бўйича ҳаракатни давом эттирган. Оқибатда у Cobalt ва 2 та Gentra билан тўқнашув содир қилиб, ҳайдовчиларга тан жароҳати ва машиналарга шикаст етказган. Сўнг Matiz билан (жами 5 та машина) тўқнашув содир қилиб, бошқарувни тўхтатган.  

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. С.П. ва Ж.О.га нисбатан Жиноят кодексининг 173-моддаси 2-қисми “б” банди (ўзганинг мулкига шикаст етказиш) ва 277-моддаси 3-қисми “г” банди (безорилик) билан айб эълон қилиниб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Машина орқа ўриндиғида бўлган П.Г., Қ.Д., Р.Б.га жамоат жойида майда безорилик қилганликлари ва ички ишлар органларининг қонуний талабларини бажармаганликлари учун МЖтКнинг 183 ва 194-моддалари билан 7 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. Уларнинг ҳаракатларида жиноят аломатлари бўлмаган.

«Рулни у ёққа, бу ёққа буриб ташладим. Тўхтама деди, кўп машина урилди, довдираб қолдим. Нечта машина урилганини билмайман. Улардан кечирим сўрайман», дея йиғлаб кўрсатма берган машина бошқарувида бўлган аёл. Расмийларга кўра, Gentra'ни бошқарган ҳайдовчи гиёҳванд модда таъсирида бўлган.

Мавзуга оид