Ўзбекистон | 19:56 / 22.04.2025
20223
6 дақиқада ўқилади

“Нархлар анча арзонроқ” — Қозоғистондан қайтаётган ўзбеклар ўзи билан нималар олиб киряпти?

Идиш ювиш гели, йогурт, колбаса, ширинликлар... Тошкент туманидаги “Навоий” (Қозоғистон томонидан “Қоплонбек”) чегара ўтказиш пунктидан кираётган ўзбекистонликлар рўзғор учун шу каби маҳсулотларни кўтариб киришмоқда. Kun.uz суҳбатлашган ватандошлар Қозоғистонда нархлар арзонроқлигини айтишди.

Хориждан Ўзбекистонга кириб келаётган фуқаролар учун нотижорат мақсадларда товар олиб кириш лимитлари пасайтириляпти. Ҳукумат қарорига кўра, 1 майдан бошлаб самолётда келаётганлар ҳозиргидек 2000 доллар эмас, 1000 долларгача бўлган товарларни божсиз олиб кириши мумкин.

Поездда келувчилар учун эса божсиз лимит 1000 доллардан 500 долларга тушириляпти. Ўзбекистонга автомобилда ёки пиёда кириб келаётганлар учун 300 долларлик чеклов ўзгаришсиз қолади.

Kun.uz мухбири Қозоғистондан қайтаётган ватандошлар ўзи билан шахсий эҳтиёж учун қандай маҳсулотларни олиб ўтаётганига қизиқиб, Тошкент туманидаги “Навоий” (Қозоғистон томонидан “Қоплонбек”) чегара постида бўлди.

Постдан кириб келаётган ватандошларнинг айтишича, улар шахсий эҳтиёжлари учун асосан озиқ-овқат ва рўзғорда фойдаланадиган бошқа маиший маҳсулотларни олиб киришмоқда. Асосий сабаб эса – Ўзбекистон ва Қозоғистондаги нархлар ўртасида сезиларли фарқ борлиги.

Қуйида Kun.uz суҳбатдошларидан иқтибослар келтириб ўтилади.

Биз Қозоғистонга кийим-кечак, қуритилган мевалар каби юкларни ташиймиз. Одамлар Қозоғистондан қайтишда шахсий эҳтиёжлари учун асосан ёғ, гўшт, “памперс” ва “порошок” олиб киришади. Энг кўп кўзим тушганлари шулар”.

Ҳозирги шароитда ҳаммага 10 минг сўм бўлса ҳам иқтисод бўлгани яхши. Шундай қилиб ўтиб-бориб келишяпти, бизга қараганда [Қозоғистонда] арзонроқ, анча фарқ бор-да”.

Мана, болаларимга, невараларимга конфет олиб келяпман. Пенсиям етмайди, 881 минг сўм оламан. Оёғим, белим оғрийди, озгина “лечение” учун, тирикчилигим шу. Бегоналарга эмас, қизларимга, ўғилларимга сотаман. Улар менга пулини беради.

[Қозоғистонда] колбасалар, геллар арзон-да. [Кир ювиш воситасини] 42 минг сўмга олган бўлсам, бизда 90-100 минг сўм, айтинг, нима қилайлик? Болаларимга олиб келаман, “йўл ҳақимни бер” дейман, беришади. Колбаса у ерда 35 минг, бизда 70 минг. Мен уни, тўғрисини айтсам, 45 мингдан сотаман, 10 минггина қўяман болаларимга. Қўшнилар ҳам сўрашади. Гўшт бизда қиммат… Бир хилда шуниям қайтаришади, кўп ўтасиз дейди. 881 минг пенсия нимага етади?”

Товарга рухсат бермаяпти, рўзғор учун олиб келяпман. Колбаса, “молоко”, “шедрое лето”лар, 5 кг гўштга рухсат беряпти. Арзон бўлгани учун олиб келаман. [Нархлардаги] фарқлар 20 минг сўм, шундай”.

Шоколадлар, ёғлар олиб келамиз. Кийим-кечаклар ҳам. Сифати яхшироқ деб ўйлайман. Ҳам арзонроқ. Ўзбекистоннинг шоколадини есангиз, маргариннинг ҳиди келиб туради, тўғриси-да. Қозоғистон вафлиларини есанг, маза қилиб ейсан”.

Уйимга болаларим ейдиган “рачки”, шоколад, печенье – шунақа нарсалар олиб ўтаман. Уларда сифати яхшироқ, болаларим яхши кўради. Бу сафар болаларимга микротўлқинли печ олдим. Озгина арзонлиги туфайли ўша ердан олиб олдим”.

Колбаса, гел, порошоклар, “памперслар”... У ерда кўп нарса арзон-да. Деярли ярим нархида. Мисол учун, [идиш ювадиган] гел у ерда 40 минг бўлса, бу ерда 80 минг. 4-5 кунда бир, 1 ҳафтада бир бориб келаман. У ерда қариндошларимиз бор, шунинг учун”.

Меҳмонга боргандик, курсдошимиз ўша ерда эди. У ерда нарсалар арзон экан, шу бир-икки нарсалар олиб қайтяпмиз. Колбаса, конфетлар олдим. Арзон экан, 44 мингдан экан колбасалари. Бизда жуда қиммат, шунга... “Тапочка”лар олдим, 35 минг сўмга “тапочка” бор экан. Оқсув деган жойдан 12 мингдан "шортик"лар олдим. Бир меҳмонга борганим учун қуруқ қайтмай деб, шундаям қизлардан озгина қарз олиб, ҳаммага қизиқиб олгандим, бўлмаса олмасдим. Арзонлигига қизиқдим, шунга”.

Шоколад, вафли, конфетлар оламиз. Мана, уйга йогурт олдим, 2500 сўмдан. Бизда эса бу 5-6 минг сўм. Мана шу шоколадни 30 минг сўмга олдим, бизда эса 60-70 минг, қиммат. Уёқда арзон”.

Юқоридаги қарорга асосан, 2025 йил 20 июндан бошлаб хорижга чиқиб, шу куннинг ўзида ёки 1-2 кун ичида қайтиб келган фуқаролар ўзи билан божсиз лимит доирасида товар олиб кира олмайди.

Автомобилда ўтиш пунктлари ёки поездда келаётган жисмоний шахслар нотижорат мақсадда божсиз товар олиб кириши учун камида 2 кун, самолётда келаётганлар эса камида 3 кун Ўзбекистондан ташқарида бўлган бўлиши керак.

Акс ҳолда, улар олиб кираётган товарларга божсиз олиб кириш нормасидан ортиқ деб қаралади ва товарларнинг тўлиқ қийматидан ягона божхона тўлови ундирилади.

Аввалроқ Божхона қўмитаси чекловлар кучайтирилганига изоҳ берганди.

Дилшода Шомирзаева тайёрлади.
Тасвирчи – Боймирза Халилов.

Мавзуга оид