Иқтисодиёт | 09:49 / 23.04.2025
4001
2 дақиқада ўқилади

2025 йилда 30 триллион сўмлик давлат активлари сотилади

Президент фармони билан, 2025 йилда 30 триллион сўмлик давлат активлари ва ер участкаларини сотиб, камида 10 триллион сўм тушумни таъминлаш вазифаси қўйилди. Давлат иштирокидаги корхоналарни ташкил этишга 2030 йилгача мораторий жорий қилинди. Бозорлар ва савдо мажмуалари устав капиталида ҳокимликларнинг мажбурий иштирок этиши тўғрисидаги талаб бекор қилинди.

Очиқ манбалардан олинган сурат

Ўзбекистон президенти «2025 йил учун хусусийлаштириш дастури тўғрисида» фармон имзолади.

Ҳужжат билан, 2025 йилда хусусийлаштиришнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари қуйидагилар бўлади:

  • 30 триллион сўмлик давлат активлари ва ер участкаларини сотиш ва камида 10 триллион сўм тушумни таъминлаш;
  • давлат ва давлат иштирокидаги корхоналарга тегишли 115 та жамият устав капиталидаги улушларни, 659 та кўчмас мулк объектини ва 6,1 минг гектар ер участкаларини савдога чиқариш;
  • дастлабки босқичда камида 30 та фойдали қазилма кон ва участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини савдога чиқариш.

2030 йил 1 январгача давлат иштирокидаги корхоналарни ташкил этишга мораторий жорий қилинди. Мудофаа ва хавфсизлик билан боғлиқ корхоналар ҳамда президент қарорларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Фармонга биноан, республика ва маҳаллий ижро органлари томонидан кўчмас мулк сотиб олиш, давлат функциясига ва давлат мулкига эгалик қилиш мезонларига мос бўлмаган корхоналарни ташкил этиш ташаббуси билан чиқишга йўл қўйилмайди.

Майдони 10 минг метр квадратгача бўлган давлат мулки объектлари юқори технологияли маҳсулот ишлаб чиқарадиган тадбиркорларга 5 йил муддатга тўғридан тўғри текин фойдаланишга берилади ҳамда шартнома шартлари бажарилган тақдирда ушбу тадбиркорларга баҳоланган қийматда тўғридан тўғри сотилади.

Бошланғич нархини босқичма-босқич пасайтириш механизми қўллангандан кейин ҳам 1 йилдан ортиқ муддатда сотилмаган ва харидорлар учун жозибадор бўлмаган кўчмас мулк объектлари бошқа юридик шахсларнинг устав капиталига улуш сифатида киритилади.

Бозорлар ва савдо мажмуалари устав капиталида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг мажбурий иштирок этиши тўғрисидаги талаб бекор қилинди.

Мавзуга оид