Жаҳон | 13:30
2967
9 дақиқада ўқилади

90 фоиз уйлар вайрон бўлган Ғазо, Кашмирдаги терактда айбланаётган Покистон ва барбод бўлган Лондон музокаралари — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Европа Ғазо қамали бекор бўлишини талаб қилмоқда

Европанинг уч давлати Исроил мудофаа вазири Исраэл Кацнинг Ғазони қамал қилиш орқали ҲАМАСга босим қилинаётгани тўғрисидаги баёнотини кескин танқид остига олди.

Германия, Франция ва Буюк Британия ташқи ишлар вазирлари Исроилни Ғазо секторидаги қамални зудлик билан бекор қилишга чақирди. Қўшма баёнотда, секторга ёрдам етказишнинг тўхтатилиши очарчилик, эпидемия ва оммавий ҳалокат хавфини юзага келтираётгани айтилган.

«Бу ҳолат зудлик билан тўхтатилиши керак», — дейилади вазирларнинг қўшма баёнотида. Ҳужжатда Исроил армиясининг шифохоналар ва ҳуманитар объектларга зарбалари қаттиқ қораланган.

Шунингдек, Исроил қамали Ғазода ёш болаларни полиомиелитга қарши эмлаш дастури ниҳоясига етказилишига тўсқинлик қилаётгани ҳам тилга олинмоқда. 600 минг болани қамраб олиши лозим бўлган эмлаш дастурининг навбатдаги босқичи қамал туфайли амалга ошмай қолган.

Ғазодаги уйларнинг 90 фоизи вайрон бўлган

Исроилнинг кескин ҳужумлари ва муҳосарасига учраётган Ғазо секторидаги биноларнинг 90 фоизидан ортиғи вайрон қилинган. Бу ҳақда БМТнинг Халқаро миграция ташкилоти маълум қилган.

Ташкилотнинг Х ижтимоий тармоғидаги постида шундай дейилади: «Оилалар ҳимоясиз вайрона хонадонларда бошпана топмоқда, чунки улар яшаши мумкин бўлган хавфсиз жойнинг ўзи қолмаган. ХМТ ғазоликларни турар жой билан таъминлашда ёрдам беришга тайёр. Бироқ бунинг учун қамал бекор қилиниб, чегара пунктлар очилиши зарур».

Исроил армияси 18 мартдан бошлаб 19 январдан кучга кирган муваққат сулҳни бузган ҳолда ўт очишни, Ғазо секторига нисбатан шафқатсиз ҳужумларни қайта бошлади.

Шундан буён 1890 нафар фаластинлик ҳалок бўлди, уларнинг асосий қисми кексалар, аёллар ва болалардан иборат. 5000 га яқин инсон яраланган.

2023 йил 7 октябридан бери Исроилнинг Ғазо секторига қарши амалга оширган ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлган фаластинликлар сони 51 минг 266 нафарга етди, яраланганлар сони эса 116 минг 991 нафарни ташкил қилмоқда.

Кашмирдаги теракт: маълумот учун мукофот

Жамму ва Кашмир полицияси Пахалгам шаҳри яқинида 26 сайёҳнинг ўлимига сабаб бўлган террорчилар ҳақида маълумот берганларга 200 минг рупий мукофот ваъда қилди. Полиция маълумот берувчилар махфийлигини кафолатламоқда.

Ҳодиса 22 апрел куни содир бўлган. Байсаран водийсидаги сўқмоқда ҳаракатланаётган сайёҳларга қуролланган олти нафар жангари томонидан ўт очилган. 17 киши яраланган. Ҳужум учун масъулиятни «Кашмир қаршилиги» қуролли гуруҳи ўз зиммасига олди.

Бу ҳудуд Ҳиндистоннинг машҳур туристик нуқталари қаторига киради. Ҳодиса ортидан мамлакатда хавфсизлик чоралари кучайтирилмоқда. Қидирувдаги шахслар сурати ва маълумотлари полициянинг ижтимоий тармоқларига жойлаштирилган.

Бу орада Ҳиндистон Жамму ва Кашмирдаги теракт учун Покистонни айблаб, кескин чоралар қабул қилди. Ҳиндистон хавфсизлик қўмитаси Ҳинд дарёси бўйича келишувни муддатсиз тўхтатишга қарор қилди — бу миллионлаб покистонликларнинг сув таъминотига таҳдид солади.

Ҳинд дарёси келишуви 1960 йилда имзоланган ва учта уруш давомида ҳам амал қилган эди. Бундан ташқари, Аттари-Вагаҳ чегара пункти ёпилди, СААРК визалари бекор қилинди, Покистон фуқаролари 48 соат ичида мамлакатни тарк этиши керак.

Ҳиндистон дипломатлари Исломободдан чақириб олинмоқда. Ҳар икки мамлакатдаги элчихоналарда дипломатлар сони 55 тадан 30 тагача қисқартирилади.

Покистон расмийлари ҳужумга алоқадорликни рад этмоқда, аммо вазият ҳарбий тўқнашувга яқинлашмоқда.

Истанбулдаги зилзила: 150 дан ортиқ инсон жароҳатланди

Туркиянинг Истанбул шаҳри яқинида 6,2 магнитудали кучли зилзила юз берди. Расмийларга кўра, ер қимирлаши натижасида 151 киши жароҳатланган. Мамлакатнинг бир қатор шаҳарларида кучли афтершоклар кузатилди, бироқ қурбонлар ҳақида маълумот йўқ.

Зилзиланинг ўчоғи Истанбулдан 80 км ғарбда — Мармар денгизида бўлган. Ер силкиниши 13 сония давом этган. Кўплаб бинолардаги одамлар эвакуация қилинган, мактаблар вақтинча ёпилган. Расмийлар 50 дан ортиқ афтершокни қайд этган.

Истанбул губернатори, Фотиҳ туманидаги ташландиқ бино шикастланганини маълум қилди. Ваҳимага тушиб, биноларнинг юқори қаватларидан сакраган фуқаролар жароҳатланган. Президент Ражаб Тоййиб Эрдўған вазиятни шахсан назорат қилмоқда.

Зилзила кучи Болгарияда ҳам билинган. Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси маълумотларига кўра, зилзиладан жабрланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари қайд этилмаган.

Украинада тинчлик бўйича Лондон музокаралари барбод бўлди

Лондонда Украина ва Ғарб давлатлари ўртасида ўтиши керак бўлган тинчлик музокаралари барбод бўлди. Украина президенти Володимир Зеленский Қримни Россия ҳудуди сифатида тан олмаслигини айтгач, АҚШ давлат котиби Марко Рубио учрашувда иштирок этишдан бош тортди. Унинг ортидан Франция ва Германия вазирлари ҳам сафарини бекор қилди.

Зеленскийнинг сўзлари Доналд Трамп маъмурияти тайёрлаган тинчлик режасига тўғридан-тўғри қарши келади. Режада Қримнинг Россияга тегишлилиги де-юре тан олинади, шунингдек, 2022 йилдан буён Россия назоратида бўлган тўрт област ҳақида ҳам махсус қайд бор. Украина НАТОга аъзо бўлмаслиги ҳам режадаги асосий шартлардан бири.

Америкалик расмийлар музокаралар режаси билан Киев таниш эканини тасдиқлади. Аммо Украина делегацияси Лондонда фақат 30 кунлик сулҳни муҳокама қилишни режалаштирган. Бу эса Рубионинг қарорини ўзгартиришга сабаб бўлди.

Ҳатто музокараларнинг бошқа иштирокчилари — Франция ва Германия ҳам учрашувдан воз кечди. Улар ҳам Киев ортидан Қримни Россияники деб тан олишдан бош тортишди. Бундан ташқари, Европа узил-кесил сулҳ тузилмагунча Россияга жорий этилган санкцияларни бекор қилишдан бош тортди.

Трамп: «Зеленскийнинг қўлида қарта йўқ»

АҚШ президенти Доналд Трамп Украина президенти Володимир Зеленскийнинг Қрим ҳақидаги баёнотини тинчлик музокаралари учун «ҳалокатли» деб атади.

Трампнинг сўзларига кўра, Володимир Зеленскийнинг Украина ҳуқуқий жиҳатдан ҳеч қачон Қримни Россияники дея тан олмаслиги ҳақидаги баёноти «Россия билан тинчлик музокараларига жиддий зарар етказмоқда». Унинг таъкидлашича, Украина яриморолни «анча йиллар олдин», АҚШда Барак Обама президент бўлган вақтда қўлдан чиқарган ва энди бу «ҳатто муҳокама мавзуси ҳам ҳисобланмайди».

«Ҳеч ким Зеленскийдан Қримни Россия ҳудуди сифатида тан олишни сўраётгани йўқ, лекин агар у Қримни хоҳлаётган бўлса, нега улар яриморол учун 11 йил олдин, бирорта ўқ отилмасдан Россияга топширилганида курашмади?» — деб ёзади Трамп.

Унинг таъкидлашича, томонлар «битимга жуда яқин» ва «қўлида кузири йўқ одамдан» ушбу келишувни маъқуллашни талаб қилди.

Трамп ўзини тинчликка интилиши орқали ҳар ҳафта беш минг нафар ҳарбийнинг ҳаётини сақлаб қолишга интилган сиёсатчи сифатида кўрсатмоқда.

Бу орада АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс томонлар америкаликларнинг тинчликка эришиш бўйича таклифларига кўнмаса, АҚШ Россия ва Украина ўртасидаги музокара жараёнидан чиқишини эълон қилди.

«Биз ҳар икки томон — Россияга ҳам, Украинага ҳам аниқ-тиниқ таклифлар илгари сурганмиз. Энди улар ё “ҳа” деб кўниши керак, ёки АҚШ бу жараёнларни тарк этади», деб кўниши керак, ёки АҚШ бу жараёнларни тарк этади», — деди Вэнс.

Қирғизистонда «Рус уйи» ходими қўлга олинди

Қирғизистондаги «Рус уйи» ходими Наталя Секерина чет элдаги қуролли можароларга ёлланма жангчилар жалб қилишда айбланиб ҳибсга олинди, деб ёзмоқда ТАСС агентлиги. Ҳибсга олинганлардан яна бири Ўш шаҳри ҳокимияти матбуот хизмати ходими Сергей Лапушкин.

Иш юзасидан Лапушкин ва Секеринадан ташқари яна икки киши 17 июнга қадар ҳибсга олинган. Уларнинг исмлари номаълум.

Ҳибсга олинганларнинг барчаси Қирғизистон Жиноят кодексининг 416-моддаси Хориж армиясига ноқонуний ёлланиш жинояти бўйича айбланмоқда. Унга нисбатан ёлланма жангчиларни жалб қилиш, молиялаштириш ва тайёрлаш айбловлари қўйилган. Қонунга кўра, улар 10 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Мавзуга оид