Жаҳон | 22:02 / 24.04.2025
3593
8 дақиқада ўқилади

Ҳиндистон Покистонни сайёҳлар ўлимида айблаб, уни сувсиз қолдириш билан таҳдид қилмоқда. Уруш бошланиши мумкинми?

Сешанба куни Палаҳгамда 26 нафар сайёҳ ўлдирилгани ва Ҳиндистон бунинг учун Покистонни айблаганидан сўнг, икки давлат ўртасидаги кескинлик кучайди. Авиақатновлар ва савдо тўхтатилди, дипломатлар чиқариб юборилди, Ҳиндистон сув тўғрисидаги шартномадан чиқмоқда, Покистон эса сув таъминотини тўхтатишга уринишни уруш эълон қилиш сифатида баҳолашга ваъда бермоқда.

Фото: Getty Images

Ҳиндистон полицияси уч нафар гумонланувчининг исмларини эълон қилди ва улардан икки нафари – покистонлик эканига эътибор қаратди.

Чоршанба куни кечқурун Ҳиндистон Покистон билан дипломатик муносабатлар даражасини пасайтирди, элчихоналар ходимлари сонини деярли икки баравар қисқартирди, мамлакатлар ўртасидаги қуруқликдаги ягона чегара ўтиш жойи ёпилганини эълон қилди ва 1960 йилда тузилган Ҳинд дарёси сувлари бўйича келишувни тўхтатди. Покистонликларга Жанубий Осиё минтақавий ҳамкорлик ассоциациясининг визадан озод қилиш тизими бўйича берилган визалар уч кун ичида бекор қилинади.

Покистон ҳукумати пайшанба куни бир қатор жавоб чораларини жорий қилди: Ҳиндистон фуқаролари учун визалар тўхтатилди ( сикҳ зиёратчилар бундан мустасно), ҳинд ҳарбий маслаҳатчилари персона нон грата деб эълон қилинди ва уларга мамлакатни тарк этиш буюрилди.

Покистон ҳаво ҳудуди «Ҳиндистонга тегишли ёки Ҳиндистон томонидан бошқариладиган барча авиакомпаниялар учун» ёпилди, шунингдек, асосий чегара пости Вагаҳ ёпилди ва бутун савдо, шу жумладан товарлар транзити тўхтатилди.

Покистон Ҳиндистоннинг Ҳинд дарёсидан сув етказиб беришни тўхтатишга бўлган ҳар қандай уриниши «уруш акти» сифатида баҳоланиши ва унга тегишли жавоб берилиши ҳақида огоҳлантирди.

Покистон расмийлари баёнотида «ишончли тергов ва текширилувчи далиллар» йўқлиги айтилган, Ҳиндистоннинг Кашмирдаги ҳужумни Покистон билан боғлашга уринишлари эса «енгилтаклик, соғлом ақлга зид ва мантиқсизлик» деб аталган.

Ҳиндистон Покистонни сувсиз қолдириши мумкинми?

Ҳинд тизимидаги олтита дарёдан бештасининг манбайи Ҳиндистонда жойлашган, аммо сувнинг асосий қисмини Покистон олади. Покистон қишлоқ хўжалиги ва энергетикаси сув таъминоти барқарорлигига боғлиқ. 1960 йилда тегишли шартнома тузилган, унга кўра Ҳиндистон Ҳинд тизимининг учта шарқий дарёси сувларидан Покистон чегарасигача фойдаланиш ҳуқуқига эга, Покистон эса учта ғарбий дарёдан фойдаланади.

Ҳиндистон Покистон билан бўлган можароларнинг ҳеч бирида шартномани бузмаган ва ҳозир биринчи марта унинг амал қилишини тўхтатди, гарчи шартномада томонлардан бирининг битимни бир томонлама тўхтатиб туриш ёки бекор қилиш ҳуқуқи кўзда тутилмаган бўлса-да; унда низоларни ҳал қилишнинг аниқ тартиблари кўрсатилган.

Ҳиндистон ташқи ишлар вазири Викрам Мисри келишув «Покистон трансчегаравий терроризмни қўллаб-қувватлашдан ишончли ва қатъий воз кечмагунча» тўхтатилганини айтди.

Reuters агентлиги қайд этишича, келишув тўхтатилиши, катта эҳтимол билан, сув оқимига дарҳол таъсир кўрсатмайди, чунки Ҳиндистон Покистонга кетадиган сувни «тўсиб қўйиш»га қарор қилган тақдирда ҳам, уни йўналтиришга ва сақлашга жой тополмайди.

Бироқ, келишувни тўхтатишнинг ўзи Ҳиндистон тўғонлар ва тўғонлардан сув оқизилиши ёки тошқинлар ҳақида маълумот алмашишни тўхтатиши мумкинлигини англатади. Бундан ташқари, энди унда қурғоқчилик мавсумда минимал миқдорда сув ҳажми чиқариш мажбуриятини олмайди. Агар сув оқимлари беқарор бўлиб қолса, Покистон қишлоқ хўжалиги, айниқса буғдой, шоли ва шакарқамиш каби суғоришга боғлиқ экинлар хавф остида қолиши мумкин.

Покистон энергетика вазири Аваис Лехари келишув тўхтатилишини «сув уруши акти» ва «қўрқоқларча, ноқонуний ташланган қадам» деб атади.

Покистон миллий фермерлар иттифоқи раиси Холид Ҳусайн Баат Ҳиндистоннинг ҳаракатларини тажовузкорлик деб баҳолади.

«Бу ҳақиқий уруш. Бизда шундоқ ҳам иқлим ўзгариши туфайли сув етишмаяпти. Бу йил ёмғир ва қор кам ёғиб, сув сатҳи ўтган йилга нисбатан 20-25 фоизга пасайган», – дея унинг сўзларини келтиради Reuters.

Уруш бошланиши мумкинми?

Ҳиндистон мудофаа вазири Ражнатҳ Сингҳ «қаттиқ жавоб» қайтаришга ваъда бериб, нафақат ҳинд заминидаги ҳужумлар ижрочиларига, балки ташкилотчиларга ҳам қарши ҳаракат қилишга тайёрлигини билдирди.

Ҳарбий тарихчи Шринатҳ Рагҳаван BBC учун берган изоҳида 2016 ва 2019 йиллардаги прецедентларни эслаган. 2016 йилда, Урида 19 нафар ҳиндистонлик аскар ўлдирилганида, Ҳиндистон Кашмирнинг Покистон қисмидаги жангарилар лагерларига аниқ зарбалар йўллаганди. 2019 йилда, портловчи моддалар билан тўлдирилган автомобил ҳинд полициячилари кетаётган автобусга урилиши оқибатида 40 киши ҳалок бўлганида, Ҳиндистон Балакидаги жангарилар лагерига авиазарба йўллаган, бу Покистон ҳудудига 1971 йилдан буён йўлланган илк зарба бўлганди. Покистон ҳам бунга жавобан авиазарбалар амалга оширган. Бу давомли қуролли тўқнашувларга айланиб кетганди.

«Биз, катта эҳтимол билан, ички аудиторияга ҳам, Покистондаги ўйинчиларга ҳам қатъиятни намойиш этадиган қатъий жавобга гувоҳ бўламиз. 2016 йилдан бошлаб, айниқса 2019 йилдан кейин жавоб ҳаракатлари чегараси трансчегаравий ёки ҳаво ҳужумлари даражасига чиққанди. Энди ҳукумат бу даражадан пастроқда ҳаракатланиши қийин бўлади. Покистон ҳам, катта эҳтимол билан, аввалгидек жавоб беради», – деб ҳисоблайди тарихчи.

Ташқи сиёсат бўйича таҳлилчи Майкл Кугелман Ҳиндистоннинг ҳарбий жавоби эҳтимолини юқори деб атади.

«Ҳиндистон учун бундай реакциянинг асосий афзаллиги – сиёсий, чунки жамоатчилик босими кескин жавобни талаб қилади», – деди у BBC’га.

Олбани университети (АҚШ) ходими Кристофер Кларининг ҳисоблашича, назорат чизиғи бўйича ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги 2021 йилги келишув аллақачон бузила бошлаган ва Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди чегара орқали ўт очишни қайта бошлашни маъқуллаши мумкин. Бундан ташқари, ҳаво ҳужумлари ёки ҳатто 2019 йилда бўлгани каби қанотли ракеталар билан ҳужумлар тикланиши мумкин. Буларнинг барчаси Покистон томонидан ҳам эскалация хавфини келтириб чиқаради.

Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги ҳар қандай инқирознинг энг жиддий хавфларидан бири шундаки, иккала давлат ҳам ядро қуролига эга.

«Ядро қуроли – бир вақтнинг ўзида ҳам таҳдид, ҳам тийиб турувчи омил: у ҳар икки давлат раҳбарларини эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилишга мажбур этади. Жавоб, катта эҳтимол билан, аниқ ва нишонга йўналтирилган тарзда тақдим этилади. Покистон ҳам худди шундай жавоб бериши, кейин эса кескинликни юмшатиш имкониятини излаши мумкин. Биз бундай моделни бошқа можароларда ҳам кўрдик, масалан, Исроил ва Эрон ўртасидаги можароларда – муайян нуқталарга зарбалар ортидан кескинликни камайтиришга уринишлар. Аммо хавф шундаки, ҳар доим ҳам барчаси режадагидек кечмаслиги мумкин», – деб ҳисоблайди Рагҳаван.

Сўнгги йиллардаги энг йирик ҳужум

22 апрел куни қуролланган одамлар Палагҳамда сайёҳлар гуруҳини ўққа тутди. Полиция маълумотига кўра, камида 26 киши ҳалок бўлиб, 17 киши яраланган.

Палагҳам Кашмирда, Ҳиндистон ҳам, Покистон ҳам даъво қиладиган, айни вақтда Ҳиндистон назоратида бўлиб турган ҳудудда жойлашган. Бу ерда асосан мусулмон динига эътиқод қилувчилар истиқомат қилади.

Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди ҳодисани террорчилик ҳужуми деб атаган, ҳукмрон Ҳиндистон халқ партияси раҳбари Равиндер Райна ҳужумда покистонлик жангариларни айблаб, уларни ва уларга ёрдам берганлар топилиши ҳамда жазоланишига ваъда берган.

Регион раҳбари Оман Абдулла Х ижтимоий тармоғида бу «сўнгги йилларда тинч аҳолига нисбатан содир этилган энг кенг миқёсли ҳужум бўлгани»ни таъкидлаган.

Мавзуга оид