Ўзбекистон | 21:41 / 25.04.2025
4494
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Қирғизистон «Чашма» булоғидан биргаликда фойдаланиш бўйича келишувга эришди

Ўзбекистон фуқароларининг ушбу булоқдан эркин ва тўсиқсиз фойдаланиши таъминланади. Томонлар «Чашма» булоғидан тўлақонли фойдаланишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай чора-тадбирларга йўл қўймасликка келишиб олди.

Фото: Бош вазир матбуот хизмати

Ўзбекистон ва Қирғизистон «Чашма» булоғидан биргаликда фойдаланиш тўғрисидаги битим лойиҳасининг асосий шартлари тасдиқланди.

Қайд этилишича, 24 апрел куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари — Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Қамчибек Тошиев раислигида ўзбек-қирғиз давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масалалари бўйича икки мамлакат делегацияларининг навбатдаги қўшма йиғилиши бўлиб ўтди.

Музокаралар давомида Ўзбекистон-Қирғизистон давлат чегараси лойиҳа чизиғининг чегаранинг охирги тартибга солинмаган участкасидан ўтиши тўғрисидаги баённома ҳамда икки мамлакат ҳукуматлари ўртасидаги «Чашма» булоғидан биргаликда фойдаланиш тўғрисидаги битим лойиҳасининг асосий шартлари тасдиқланди.

Томонлар «Чашма» булоғи Ўзбекистон ва Қирғизистон халқларининг умумий бойлиги эканини алоҳида таъкидлади. Ўзбекистон фуқароларининг ушбу булоқдан эркин ва тўсиқсиз фойдаланиши, ўзбек томони булоқнинг учдан икки қисмидан фойдаланишини таъминлаш ҳамда манбанинг сув ресурслари ҳажми ва сифатига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳар қандай хатти-ҳаракатларни ўзбек томони билан мувофиқлаштириш тўғрисида келишувларга эришилди.

Шунингдек, томонлар икки мамлакат фуқароларининг «Чашма» булоғидан тўлақонли фойдаланишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай чора-тадбирларга йўл қўймасликка келишиб олди.

Томонлар қисқа муддат ичида «Чашма» булоғидан биргаликда фойдаланиш тўғрисида битим ҳамда давлат чегараси участкаси тўғрисида шартномани мувофиқлаштириш ва имзолашга келишиб олди.

Чашма булоғи кузда / Фото: Kun.uz

Музокаралар давомида ўзбек-қирғиз Давлат чегараси орқали айрим ўтказиш пунктларнинг ҳолати ва иш тартиби бўйича умумий позициялар ҳам келишиб олинди. Ўзбек-қирғиз давлат чегараси орқали фуқароларнинг қатнови ва юк ташишларини сезиларли даражада енгиллаштиришга ёрдам бераётган ўтказиш пунктлари бўйича умумий ёндашувни ишлаб чиқиш юзасидан ўтказилаётган икки томонлама музокараларга юқори баҳо берилди.

Шунингдек, икки мамлакат фуқаролари учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида 2004 йилдаги Ўзбекистон-Қирғизистон давлат чегарасидаги ўтказиш пунктлари тўғрисидаги битимга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги баённомани имкон қадар тезроқ имзолаш муҳимлиги қайд этилди.

Томонлар тез орада икки мамлакат ваколатли органлари вакилларидан иборат ишчи гуруҳларининг учрашувини ўтказишга келишиб олди. Музокаралар якуни бўйича тегишли баённома имзоланди.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 31 май куни Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасида жойлашган Чашма булоғи олдида икки мамлакат фуқаролари ўртасида зиддият келиб чиққанди. Булоқ ариқларини биргаликда тозалаш вақтида юзага келган жанжал оқибатида сўхликлардан 187 киши жароҳат олган эди.

Мавзуга оид