Жаҳон | 02:00
3983
4 дақиқада ўқилади

Ҳиндистон ва Покистон муносабатлари таранглашди

Дунёда ҳар сонияда уруш бошланиши мумкин бўлган қайноқ нуқталар бор. Одатда бундай ерлар икки давлат томонидан талашилаётган бўлади ва улар босиқ бўлишмаса, бир лаҳзада уруш авж олиши ҳеч гап эмас. Мана шундай порох солинган бочкага ўхшаш ҳудудлардан бири Кашмир. Охирги кунларда Кашмирдаги теракт сабаб Ҳиндистон ва Покистон ўртасида муносабатлар таранглашиб, ҳатто икки давлат уруш ёқасига келиб қолди. Видеода ушбу конфликт атрофидаги охирги воқеаларга тўхталамиз.

Нимадан бошланди?

22 апрел куни Кашмирнинг Ҳиндистонга қарашли қисмида теракт содир этилди. Жангарилар сайёҳлар гуруҳини ўққа тутиши оқибатида камида 26 киши ўлди, 17 киши яраланди. Паҳалгам шаҳридаги бу манзил Ҳиндистоннинг энг машҳур сайёҳлик нуқталаридан бири ҳисобланади.

Теракт учун жавобгарликни «Кашмир қаршилиги» қуролли гуруҳи ўз зиммасига олди. Жангарилар олти киши бўлгани айтилмоқда. Уч нафар гумонланувчи қўлга олинган, улардан икки нафари покистонлик. Ҳиндистонда теракт учун жавобгар Покистон томони экани айтиб чиқилди, бироқ Исломобод айбловларни рад этмоқда.

Ҳиндистон терактдан кейин барча покистонликларга берилган визаларни бекор қилди. 27 апрелгача Ҳиндистонда бўлиб турган барча покистонликлар мамлакатни тарк этишини талаб қилди. Тиббиёт визалари ҳам 29 апрелгача амал қилиши айтилди. Бунга жавобан Покистон Ҳиндистон томонидан фойдаланиладиган ёки унга тегишли барча авиакомпаниялар учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Покистон ҳам Ҳиндистон фуқароларига берилган визаларни бекор қилиб, уларга мамлакатдан чиқиб кетишни буюрди.

Ҳиндистон дарёларни тўсмоқчи

Вазият шунчалик ёмонлашдики, Ҳиндистон Покистонни сувсиз қолдириш билан таҳдид қилди. 1960 йил икки давлат адоватли муносабатларга қарамай Ҳинд дарёсидан биргаликда фойдаланиш бўйича келишув имзолайди. Шу кунларда Ҳиндистон бу келишувдан чиқишини эълон қилди. Ҳинд дарёси икки давлат учун жуда муҳим ҳисобланади. Унинг тизимида бўлган олти дарёдан бештасининг манбаи Ҳиндистонда жойлашган. Улардан асосан Покистон сув ичади. 1960 йилдаги келишувга кўра, Ҳиндистон Ҳинд дарёси тизимидаги учта шарқий дарё сувларидан Покистон чегарасигача фойдаланади. Покистон эса учта шарқий дарёдан сув олади.

Келишувда ундан бир томонлама чиқиш банди бўлмаса-да, Ҳиндистон битимдан чиқишини эълон қилди. Покистон буни очиқчасига уруш акти деб атади. Бироқ экспертлар Ҳиндистон Покистонга кетадиган сувни тўсиб қўйиши осон эмас дейишмоқда, чунки ҳиндларда тўпланган сувни сақлаш имкони йўқ. Лекин сув оқимлари беқарор бўлса, Покистон учун жуда муҳим бўлган қишлоқ хўжалиги соҳаси жиддий зарар кўради. Покистон томони шундоғам сув оқими иқлим ўзгариши сабаб 25 фоизгача камайиб кетгани, Ҳиндистон келишувдан чиқиши вазиятни оғирлаштиришини айтмоқда.

Покистон ялпи ички маҳсулоти ҳажмининг 21 фоизи айнан қишлоқ хўжалиги соҳасига тўғри келади. Мамлакат аҳолисининг 45 фоизи шу соҳадан кун кўради. Дарёларда оқим бир хил бўлмаса, электр таъминотида ҳам муаммолар юзага келади.

24 апрел куни икки давлат чегарачилари бир-бирига қарата ўт очгани айтилмоқда. Ҳарбий экспертлар Ҳиндистон Покистонга ҳарбий жавоб бериши эҳтимолини юқори баҳолаган. Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги муносабатлар охирги йиллардаги энг таранг ҳолатга келди. Икки давлатда ҳам ядро қуроли борлиги вазиятни янада мураккаблаштиради. Биз вазиятни кузатиб борамиз. Kun.uz'дан узоқлашманг.

Мавзуга оид