Трампнинг янги режаси, Путиннинг сулҳи, Киевнинг талаблари — Геосиёсий ҳафта таҳлили
Трампнинг Кремлга босими ортидан Путин Пасха сулҳини эълон қилди, Украина музокараларда Вашингтонга беш бандли талаблар пакетини юборди. Лондонда ўтиши белгиланган музокаралар Киевнинг ҳудудий ён бермаслик позициясидан кейин барбод бўлди. Осиёда эса ухлаб ётган Покистон–Ҳиндистон вулқони отиладигандек. Лавров Марказий Осиёда Европа фаоллигидан нолиди.
Жорий ҳафтанинг халқаро майдондаги мавзулари муҳокамаси – Kun.uz’нинг жонли эфирдаги “Геосиёсат” дастурида таҳлил қилинди.
Ҳиндистон-Покистон зиддият нега айнан шу вақтда қўзғалди, кутилмалар қандай?
Шуҳрат Расул: Бу конфликтни Британиянинг бир мероси сифатида кўришимиз керак. 1947 йилгача Ҳиндистон Британиянинг энг катта колонияси бўлган. 1947 йилнинг август ойида учта давлатга бўлинди, булар: Ҳиндистон, Бангладеш ва Покистон. Мана шу бўлиниш жараёнида Кашмир муаммоси пайдо бўлган. Терактни амалга оширганлар “Кашмир қаршилик ҳаракати” ва бу гуруҳ ҳақида деярли ҳеч нарса маълум эмас. Эътиборлиси, қарийб 300 нафар маҳаллий мусулмон аҳоли яраланганлар учун ихтиёрий қон топширибди.
Ҳиндистон ҳозирда сув шартномасини тўхтатиб, Покистонга борувчи сувларни тўсмоқчи. Лекин сув омборлар бу сув захираларини доимий ушлаб туролмайди. Шунга қарамай, ҳозирда суғориш мавсуми бошланяпти ва Покистон қишлоқ хўжалиги учун сув жуда зарур.
Бундай конфликтлар 49 йилдан бери ўнлаб марта бўлган. Лекин ҳеч қачон катта урушлар бўлмаган ва бу зиддият ҳам маълум ҳафталардан кейин аввалгилари каби ўз ечимини топади.
Ойбек Сирожов: Ҳиндистон–Покистон ўртасидаги мураккаблик шундаки, ҳар иккала давлатда ҳам ядровий қуроллар мавжуд ва бу ядровий уруш бошланиб кетиши эҳтимолини кучайтиради. Ундан ташқари, баъзи таҳлил марказлари тадқиқотида ёзилишича, 2015 йилда Покистон ва Ҳиндистон ўртасидаги Кашмир муаммоси билан боғлиқ воқеалар ўрганилган ва ўшанда 2025 йилда худди шундай воқеа содир бўлиб, ядровий урушгача бориши мумкин деган таҳлиллар эълон қилинган.
Икки давлат ўртасидаги конфликт Марказий Осиёга ҳам салбий таъсир қилади. Масалан Россияни ҳам, Хитойни ҳам, ҳаттоки Ғарбни ҳам қизиқтирадиган Трансафғон йўллари бевосита Покистон ва Ҳиндистон билан чамбарчас боғлиқ. Демак, у ҳудудлардаги беқарорлик бу лойиҳаларни реал ҳаётга татбиқ этиш, жумладан, инвесторлар топишни сўроқ остига қўяди.
Ундан ташқари, Покистон ҳам, Ҳиндистон ҳам Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг аъзоси. Бу – ШҲТ олдида яна бир ўзига хос синов вазифасини ўтайди.
Трампнинг тинчлик режаси ва томонларнинг унга реакцияси қандай бўлди?
Абдували Сойибназаров: Бу ерда асосан Украинани НАТО аъзолигига киритмасликка кафолат бериш ва АҚШнинг Қримни Россиянинг ҳудуди сифатида тан олиши ҳақида бормоқда. Америка Қўшма Штатлари тан олса, келгусида жаҳон ҳамжамияти, ҳатто Украинанинг ўзи ҳам тан олиши эҳтимоли пайдо бўлади.
Шартлар ичида Россияга қарши санкцияларни олиб ташлаш масаласи ҳам кўтарилмоқда. Запорожедаги атом электростанцияси назоратини АҚШга бериш ва Украина кемаларининг Днепр дарёси бўйида бемалол сузиб юришига имкон бериш масалалари кўтарилган.
Бу режага Украина рози эмас, чунки Қримнинг эътироф этилиши фақат Зеленскийга боғлиқ эмас. У ерда Украина конституцияси, Украина халқининг хоҳиш-иродаси деган масалалар ҳам бор. Президент Зеленский Қримнинг Россияники деб эътироф этилишига қарши, шунинг учун Лондон конференцияси ҳам муваффақиятсизликка учради. Яъни кутилган даражада натижа бўлмади.
Шуҳрат Расул: Иккинчи лойиҳа ҳам бор, бу – Украина ва Евроиттифоқнинг биргаликда ишлаб чиққан режаси.
Украинада демократия мавжуд. У ерда Зеленскийга қарши парламентда мухолиф реал кучлар бор. Агар Доналд Трампнинг қарорини Зеленский қабул қилса, парламент уни ратификация қилмайди. У ҳақиқий юридик кучга кирмайди. Зеленскийга қарши процедура бошланиши мумкин, уни давлатга хиёнат қилишда айблаш мумкин.
Трамп ва Россия таклифига жавобан, Украина ҳам ЕИ билан ўз таклифларини тайёрлаган ва у беш пунктдан иборат. Мана шу қарор қабул қилинадиган бўлса, ҳа, тинчлик ўрнатилиши мумкин. Биринчи навбатда, урушни тўхтатиш керак. Қолган масалалар кейин муҳокама қилинади, деб айтилмоқда.
Энг асосий масала “Агарда бизни НАТОга қабул қилмасангиз, ҳеч бўлмаса Исроилга берилган НАТОдаги бешинчи моддага тенглаштирилган кафолатларни беринг. Ва энг муҳими, Украинанинг талаби – Америка кафолатда иштирок этсин”, деяпти.
***
Суҳбат давомида таҳлилчилар Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг Ўзбекистонга ташрифи атрофидаги воқеалар ва Трампнинг Путинга босимлари каби ҳафтанинг бошқа мавзуларини ҳам муҳокама қилишди. Суҳбатни тўлиқ шаклда Kun.uz'нинг YouTube платформасида томоша қилишингиз мумкин.
Нормуҳаммадали Абдураҳмонов суҳбатлашди.
Мавзуга оид

15:34
“Сув уруши” эҳтимоли: Ҳиндистон Покистонни сувсиз қолдириш билан таҳдид қилмоқда

13:54
Ғарбий соҳилдаги қувғинлар, Фаластин учун курашаётган Ҳарвард ва портлатилган рус генерали — кун дайжести

12:04
АҚШ 18 давлат билан савдо музокаралари режасини тайёрлади

11:31