Жаҳон | 10:16
11904
3 дақиқада ўқилади

Россия Бош штаби Курск области тўла озод этилгани ҳақида ҳисобот берди

Ва илк марта ёрдам учун КХДР ҳарбийларига миннатдорчилик билдирилди.

Сергей Бобылев / РИА Новости / Sputnik / Profimedia

РФ мудофаа вазирлиги Курск области бу ерга 2024 йилда бостириб кирган Украина қуролли кучлари бўлинмаларидан узил-кесил озод этилганини эълон қилди.

РФ қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи Валерий Герасимов 26 апрел куни россиялик ҳарбийлар регионда украинлар назоратида бўлиб турган сўнгги аҳоли яшаш манзили – Горнал қишлоғи озод этилганини маълум қилди.

«Курск областига бостириб кирган Украина қуролли кучлари қуролли тузилмаларини тор-мор этиш жараёни якунланди. Киев режимининг стратегик плацдарм яратиш ва Донбассдаги ҳужумимизни барбод қилиш режалари барбод бўлди», – деди Герасимов Владимир Путин олдида маъруза қиларкан.

У Курск областидаги жанглар давомида Украина қуролли кучлари ҳалок бўлганлар ва яраланганлар қўшиб ҳисобланганда 76 мингдан ортиқ ҳарбий йўқотганини иддао қилган.

Регион озод этилгандан сўнг, Россия ҳарбийлари «Украинанинг Суми областининг чегара ҳудудларида хавфсизлик зонаси» яратишда давом этмоқда, дея қўшимча қилди Герасимов. Бош штаб бошлиғининг сўзларига кўра, ҳозиргача Россия армияси Суми областининг умумий майдони 90 квадрат километрдан ортиқ бўлган тўртта аҳоли яшаш пунктини назорат остига олган.

Россия президенти, ўз навбатида, Курск областидаги операция «фронтнинг бошқа муҳим участкаларида ҳам қўшинларнинг кейинги муваффақиятли ҳаракатлари учун шароит яратиши, неонацист режими мағлубиятини яқинлаштириши»ни таъкидлади.

Герасимов россияликларга кўрсатган ёрдами ва КХДР ҳарбий хизматчиларининг жанглардаги иштироки учун алоҳида миннатдорчилик билдирди. Бу билан Россия биринчи марта Курск областида Шимолий Корея аскарлари ҳам жанг қилаётганини расман тан олди.

Хорижий давлатлар разведкаси маълумотларига кўра, КХДР Украинага қарши урушда ёрдам кўрсатиши учун Россияга 11 минг ҳарбий хизматчисини юборган, шундан тўрт минг атрофидаги ҳарбий ўлдирилган ёки яраланган.

Герасимовнинг нутқидан кўп ўтмай, Украина қуролли кучлари Бош штаби жавоб баёнотини эълон қилди. Унда идора Россия қўшинлари Украина ҳарбийларини Курск области ҳудудидан бутунлай чиқариб юборгани рад этилган.

«Украина мудофаа кучлари Курскнинг айрим ҳудудларида мудофаа операциясини давом эттирмоқда. Оператив вазият мураккаб, аммо бўлинмаларимиз маълум позицияларни ушлаб туришда давом этмоқда ва белгиланган вазифаларни бажармоқда, шу билан бирга душманга барча турдаги қуроллардан самарали ўт очиб зарба бермоқда, жумладан, фаол мудофаа тактикасини қўлламоқда», – дейилади Украина Бош штаби баёнотида.

Ҳарбийларга кўра, кун давомида Украина қуролли кучлари Россия қўшинларининг бешта ҳужумни қайтарган, аммо Украина бўлинмалари учун қуршов таҳдиди йўқ.

«Душман раҳбариятининг Украина қўшинлари гуруҳи „тор-мор қилингани“ ҳақидаги баёнотлари пропаганда ҳийласи ва ўзи истаган нарсани ҳақиқат деб кўрсатиш истагидан бошқа нарса эмас», – дея қўшимча қилган Украина қуролли кучлари Бош штаби.

Мавзуга оид