Ўзбекистон | 16:03
4557
2 дақиқада ўқилади

Россия Бош прокуратураси ўзбекистонлик мигрантларнинг ҳуқуқларига риоя этилиши устидан назоратни кучайтириш мажбуриятини олди

Москвада меҳнат миграцияси масалалари бўйича Ўзбекистон–Россия идоралараро ишчи гуруҳининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Унда икки давлат Бош прокуратуралари Ўзбекистон ва Россия фуқароларининг ҳуқуқларига риоя этилиши устидан назоратни кучайтириш мажбуриятини олди.

Фото: Бош прокуратура

Ўзбекистон Бош прокурор ўринбосари Шоҳрух Аминов раҳбарлигидаги вазирлик ва идоралар делегацияси 29 апрел куни Москвада бўлиб ўтган меҳнат миграцияси ва мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича Ўзбекистон–Россия идоралараро ишчи гуруҳининг биринчи йиғилишида иштирок этди. Бу ҳақда бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Россия делегацияси таркибига Россия Федерацияси Бош прокурори ўринбосари Пётр Городов раҳбарлигида прокуратура, Федерал хавфсизлик хизмати, Ташқи ишлар, Ички ишлар вазирликлари ва бошқа идоралар вакиллари киритилган.

 

Ўзбекистон ишчи делегацияси таркибига эса Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати, Миграция агентлиги, ташқи ишлар, ички ишлар ва соғлиқни сақлаш вазирликлари вакиллари киритилгани айтилган эди.

«Тадбир давомида томонлар миграция соҳасидаги амалдаги ҳолат, муаммоли жиҳатлар ва уларни ҳал этиш йўлларини муҳокама қилди. Йиғилиш иштирокчилари икки давлат манфаатларини ҳисобга олган ҳолда миграция соҳасида қонунийликни таъминлашга қаратилган ҳамкорликдаги чора-тадбирларни ишлаб чиқишга келишиб олди.

Шунингдек, икки давлат Бош прокуратуралари Ўзбекистон фуқароларининг Россияга меҳнат фаолиятини амалга ошириш мақсадида келиши ҳамда Россия фуқароларининг Ўзбекистонга келишлари жараёнида уларнинг ҳуқуқларига риоя этилиши устидан назорат ва кузатувни кучайтириш мажбуриятини олди”, - дейилади хабарда.

Тадбир якунида делегациялар раҳбарлари меҳнат миграцияси ва мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича Ўзбекистон–Россия идоралараро ишчи гуруҳининг биринчи мажлисида қабул қилинган қарорлар акс этган баённомани имзолаган.

Имзоланган баённома ижроси Ўзбекистон ва Россия Бош прокуратуралари томонидан алоҳида назоратга олинади. 

Мавзуга оид