Жаҳон | 09:14
1718
2 дақиқада ўқилади

Россиянинг Одессага зарбаси: камида икки киши ҳалок бўлди, беш киши жароҳатланди

Одессага тунги дронлар ҳужуми оқибатида камида икки киши ҳалок бўлди, яна беш киши жароҳатланди, дея хабар бермоқда минтақа ҳокимияти. Шунингдек, Харкивда ҳам Россиянинг учувчисиз учоғи томонидан зарба берилган.

Фото: Telegram / odeskaODA

1 май, пайшанбага ўтар кечаси Россия армияси Украина вилоятларига навбатдаги ҳужумни амалга оширди. Одесса ВҲМ раҳбари Олег Кипернинг сўзларига кўра, шаҳарда учувчисиз учоқнинг зарбаси натижасида икки киши ҳалок бўлган, яна беш киши жароҳатланган. «Душман ҳужуми натижасида кўп қаватли турар жой бинолари, хусусий уйлар, супермаркет, мактаб ва автомашиналар зарар кўрди. Айрим жойларда ёнғин содир бўлди, уларни қутқарувчиларимиз бартараф этмоқда. Ҳужум натижасида икки киши ҳалок бўлди, беш киши жароҳат олди. Тиббиёт ходимлари жабрланганларга барча зарур ёрдамни кўрсатмоқда», деб ёзди Кипер маҳаллий вақт билан соат 03:30 атрофида.

Россия ҳаво ҳужуми натижасида Одессадаги вайронагарчиликлар ҳақида шаҳар мэри Геннадий Труханов ҳам Telegramʼда ёзган. «Одессанинг турли ҳудудларида турар жой бинолари ва фуқаролик инфратузилмаси зарар кўрди. Ёнғинлар бошланди, жабрланганлар ҳақида хабарлар келиб тушмоқда. Уйнинг юқори қаватида яшаган кекса эр-хотин алоқага чиқмаяпти. Уларнинг фарзандлари ҳеч қандай алоқа йўқлиги ҳақида хабар беришди», — дейилади унинг тунги хабарида.

Одессага ҳужум ҳақидаги хабарлардан бир неча соат олдин Харкив мэри Игор Терехов ҳам УУА рейди ҳақида ёзган эди. «Киев ва Сальтовский туманлари чегарасида душманнинг учувчисиз учоғи — дастлабки маълумотларга кўра — "Молния" УУА томонидан зарба берилди. Зарба содир бўлган жойда ёнғин кузатилмоқда», — деб ёзди у Telegramʼда, кейинроқ зарба Киев туманидаги ёнилғи қуйиш шохобчасига тўғри келгани аниқлаштирилди. Хабар эълон қилинган вақтда қурбонлар ҳақида маълумот йўқ.

Мавзуга оид