Жаҳон | 08:52
4553
2 дақиқада ўқилади

Келлог: Украина Россия билан урушни тугатиш учун АҚШнинг «22 та шарти»га рози бўлди

23 апрель куни Лондонда бўлиб ўтган музокаралар чоғида Вашингтон ва Киев Россия-Украина урушини тинч йўл билан ҳал қилишнинг 22 та аниқ шарти бўйича келишувга эришди, деди АҚШ президенти Доналд Трампнинг Украина ва Россия бўйича махсус вакили Кит Келлог Fox News телеканалига.

Фото: AP

«Биз украиналиклар билан очиқ ва қийин мунозараларда 22 та ўта аниқ шартларни таклиф қилдик ва биз жуда кучли позицияда эканлигимизга ишонамиз», деди Келлог. Унинг таъкидлашича, АҚШнинг барча шартлари Украина томонига маъқул келмади, бироқ «ҳар қандай музокаралар олиб борилганида бу нормал ҳолатдир».

Бошқа нарсалар қаторида, Украина фронтдаги мавжуд вазиятга мувофиқ ҳудудий ён босишга рози бўлди, аммо «де-юре эмас, балки де-факто».

«Украиналиклар руслар босиб олган ҳудудларни де-юре, абадий эмас, балки де-факто беришга тайёр, чунки руслар бу ерни ҳақиқатда босиб олган. Улар бунга рози бўлишди. Ва бу ҳақда менга ўтган ҳафтада айтишди», — деди махсус вакил. «Улар сулҳ ўрнатилганда, ҳар бир томон ўзи эгаллаб турган позицияларида қолишини тушуняпти. Айнан шу нарсага тайёр».

Ўз навбатида, Киев, Келлогнинг сўзларига кўра, «тинчлик келишувига олиб келадиган кенг қамровли ва доимий ўт очишни тўхтатишни хоҳлайди». Махсус вакилнинг қўшимча қилишича, АҚШ президенти ҳам бунга интилмоқда.

«Бир томон рози бўлди. Энди бошқа томонни кўндириш керак. Ва менимча, биз бунга яқинмиз», — дея қўшимча қилди Трампнинг махсус вакили. Унинг сўзларига кўра, «энди ҳамма нарса русларга, Путинга боғлиқ».

Мавзуга оид