Ўзбекистон | 15:19 / 02.05.2025
12435
3 дақиқада ўқилади

“Олтин конини портлатмоқчи эдим” – Хатирчида фуқаро уйида портловчи қурилма сақлаб келгани аниқланди

44 ёшли эркак интернет тармоғини кўриш орқали қўлбола усулда 3 та портловчи қурилма ясаган ҳамда уларни ўз уйидаги сандиқда сақлаб келган. Қурилмалар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида топилган. Эркак судда портловчи қурилмалар орқали ташландиқ олтин конини портлатмоқчи бўлганини, аммо уларни ишлатмаганини маълум қилди.

Фото: Kun.uz

Хатирчи туманида портлатиш қурилмасини ясаган шахсга суд ҳукми ўқилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.

Ҳукмда келтирилишича, 2025 йил 14 январ куни Хатирчи тумани ИИБ ҳамда ДХХ ходимлари томонидан тезкор-қидирув тадбирлари олиб борилган. Унда туманнинг Бахшижар маҳалласида яшовчи, 1981 йилда туғилган Ш.Н. ўз уйидаги сандиқда қўлбола усулда ясалган 3 дона портловчи қурилмани сақлаб келаётгани аниқланган.

Маълум бўлишича, Ш.Н. ушбу портловчи қурилмаларни 2024 йилнинг март ойларида интернетда кўриш орқали ясаган. ИИВ ЭКБМнинг 2025 йил 20 январдаги портлаш техникаси экспертиза хулосасига кўра, топилган қурилмалар “электр чўлғамлик портлатиш қурилмалари” бўлган.

Ш.Н. судда портловчи қурилмаларни олтин конини портлатиш мақсадида ясаганини билдирган.

“2024 йил март ойларида таркибида олтин зарралари бўлиш мумкин бўлган тошларни қазиб олиш мақсадида Олтинсой қишлоғининг дашт ҳудудидаги конга бориб турардим. Тошларни қазиб олиш жуда қийин эди. Шунда конларда тошларни майдалаш учун портловчи моддалардан фойдаланилиши ҳақида эшитдим.

Сўнгра интернет тармоғидан қўлбола усулда портловчи модда тайёрлаш усулини кўриб ўргандим. Уйимда анча йиллардан қолиб кетган порох, қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ўғит ва 3 дона электр кабелидан фойдаланиб, уларни скотч ёрдамида бирлаштирган ҳолда портловчи қурилма ясадим. Лекин уни бирор маротаба ҳам ишлатмадим. Чунки шундан кейин бирор маротаба конга бормадим. Тошкент шаҳрига кетиб, қурилишларда ишлаб юрдим. Қурилмаларни эса уйдаги сандиққа солиб қўйдим”, деган эркак ўз кўрсатмасида.

Шунингдек, Ш.Н. портловчи қурилмаларни ясашда унга ҳеч ким ёрдамлашмаганини маълум қилган ҳамда суддан енгиллик сўраган.

Жиноят ишлари бўйича Хатирчи туман судининг 2025 йил 9 апрелдаги ҳукмига кўра, Ш.Н. Жиноят кодексининг 248-моддаси (ўқотар қуролнинг, ўқ-дориларнинг, ўқотар қурол асосий қисмларининг, портловчи моддаларнинг, портлатиш воситаларининг ёки портлатиш қурилмаларининг қонунга хилоф муомаласи) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилган. Унга 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Мавзуга оид