Жаҳон | 10:05
1593
2 дақиқада ўқилади

RSF янги рейтинги: ОАВ эркинлиги тарихий паст даражага етди

«Чегара билмас мухбирлар» ташкилотининг тегишли рейтингини тузувчиларга кўра, дунёда сўз эркинлигининг аҳволи ҳар қачонгидан ҳам ёмонроқ даражага тушди. Россия 171-ўринни эгаллади.

Фото: picture-alliance/dpa/C. Soeder

«Дунё бўйлаб сўз эркинлиги энг паст даражага етди», — дейилади «Чегара билмас мухбирлар» (RSF) томонидан 2 май, жума куни чоп этилган матбуот эркинлиги йиллик рейтингида. У беш кўрсаткичга асосланади: сиёсий контекст, қонунчилик базаси, оммавий ахборот воситалари учун иқтисодий муҳит, ижтимоий-маданий контекст ва хавфсизлик.

Рейтингга кўра, кузатилаётган 180 та мамлакат ва ҳудуддан 90 тасида оммавий ахборот воситалари ходимларининг аҳволи «қийин» ёки «жуда жиддий». «Хавфсизлик муҳитининг беқарорлиги ва авторитаризмнинг кучайиши билан бир қаторда, иқтисодий босим ҳам асосий сабабдир», — дейилади ҳисоботга илова қилинган пресс-релизда. Рейтинг тузувчилари таъкидлашича, бугунги кунда бутун дунё бўйлаб таҳририятлар тобора мустақиллик ва иқтисодий омон қолиш истаги ўртасида танлов қилишга мажбур бўлмоқда.

RSF ижрочи директори Аня Остерхаус бутун дунё бўйлаб оммавий ахборот воситаларининг молиявий қийинчиликларини «мустақил журналистика - автократлар учун тикон» экани билан тушунтирди. «Агар оммавий ахборот воситалари молиявий қийин аҳволга тушиб қолса, ёлғон маълумотлар, дезинформация ва тарғиботни ким фош қилади? Демак, журналистлар хавфсизлиги учун ҳар кунги курашдан ташқари, журналистиканинг иқтисодий асосларини мустаҳкамлаш керак», — дейди у.

«Чегара билмас мухбирлар» ташкилотига кўра, кузатилаётган 180 давлатнинг 160 тасида ОАВ умуман барқарор ишлай олмайди ёки буни фақат қийинчилик билан амалга ошириши мумкин. Мамлакатларнинг деярли учдан бирида таҳририятлар иқтисодий сабабларга кўра ёпилган, уларга расмийлар томонидан кўпинча босим ўтказилган. 46 та давлатда оммавий ахборот воситалари фақат оз сонли эгалари томонидан назорат қилинади. Рейтинг муаллифларининг таъкидлашича, шундай давлатлардан бири Россиядир.

Мавзуга оид