Жаҳон | 07:50
1902
3 дақиқада ўқилади

БМТ: Исроил Ғазода журналистларни атайлаб ўлдирмоқда

Фаластин эксклави ОАВ ходимлари учун дунёдаги энг хавфли жойлардан бири ҳисобланади.

Исроил кучлари томонидан Ғазо секторида журналистлар атайлаб ўлдирилмоқда.

Бу ҳақда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарлигининг босиб олинган Фаластин ҳудудларидаги вакили Ажит Сунгай «Анадолу» агентлиги мухбирига берган интервьюсида маълум қилди. Суҳбат 3 май куни нишонланадиган Бутунжаҳон матбуот эркинлиги кунига бағишланди.

Жаҳон ташкилоти вакилининг таъкидлашича, бугунги кунда Фаластин эксклави ОАВ ходимлари учун дунёдаги энг хавфли жойлардан бири ҳисобланади.

Агентлик суҳбатдошининг таъкидлашича, журналистлар Ғазо сектори, босиб олинган Ғарбий соҳил ва Фаластин ҳудудларидаги воқеаларни ёритишга ҳаракат қилиб, фавқулодда иш олиб бормоқда. «Фаластин журналистлар иттифоқи маълумотларига кўра, 2023 йил 7 октябрдан бери 210 дан ортиқ фаластинлик мухбир ўлдирилган. Кўп ҳолларда бу қасддан қилинган деб ҳисоблаймиз. Бунга ишора қилувчи аломатлар бор. Улар ўз касбий вазифаларини бажараётганда отиб ташланган», — деди у.

Ажит Сунгай халқаро ҳуқуққа кўра, фаол можаро ёки уруш тарафдори бўлмаган барча тинч аҳоли, жумладан, журналистлар ҳам ҳимояланиш ҳуқуқига эга эканлигини эслатди. Унинг сўзларига кўра, ўзи вакиллик қилаётган тузилма томонидан кўриб чиқилган кўплаб ҳолларда бу меъёр бузилган.

«Журналистлар қасддан ўлдирилгани тахмин қилинаётган Ғазодаги воқеалар уруш жинояти сифатида баҳоланиши мумкин. Журналистларнинг ўлими билан боғлиқ 210 дан ортиқ ҳолатларнинг барчаси чуқур ўрганилиб, айбдорлар жавобгарликка тортилиши керак», деди у.

Сунгай Ғазодаги каби қисқа вақт ичида бунчалик кўп журналист ўлдирилганини ҳеч қачон кўрмаганлигини таъкидлади.

«Ғазо журналистлар учун дунёдаги энг ҳалокатли жойлардан бири. Кўплаб журналистлар тўқнашувларда ёки ўз уйларида ҳалок бўляпти, кўп ҳолларда уларнинг оила аъзолари ҳалок бўлганлар орасида бор. Бу мисли кўрилмаган ҳолат. Биз қанча журналист яраланганини ҳам билмаймиз», — дея хулоса қилди у.

БМТ вакили бутун дунё бўйлаб хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ёки яраланган журналистларнинг оила аъзолари, дўстлари ва яқинлари билан бирдамлик билдирди.

Мавзуга оид