Жамият | 15:03
11790
2 дақиқада ўқилади

Навоийда икки нафар ёшлар етакчиси ЙТҲ оқибатида ҳалок бўлди

Шунингдек, ЙТҲга учраганлар орасида Кармана тумани Ёшлар ишлари бўлими шуъба мутахассиси ҳам бўлиб, ҳозирда у шифокорлар назорати остида қолмоқда.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Навоий вилояти Кармана туманида икки нафар ёшлар етакчиси йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳалок бўлди. Бу ҳақда Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев маълум қилди.

Қайд этилишича, Кармана тумани Фарҳод маҳалласи ёшлар етакчиси Улуғбек Облақулов ва ушбу туманнинг Баҳром маҳалласи ёшлар етакчиси Муҳриддин Баҳронов автоҳалокат сабаб вафот этган.

«Бир кунда тизимнинг ёш ва забардаст икки етакчисининг кутилмаганда бундай бахтсиз ҳодиса натижасида вафот этиши — жуда оғир мусибат. Жамоамиз номидан марҳумларнинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия билдирамиз.

Вафот этган дўстларимизнинг ота-онаси ва яқинларига моддий ва маънавий кўмак кўрсатилади», — деб ёзади агентлик директори.

Шунингдек, ЙТҲга учраганлар орасида Кармана тумани Ёшлар ишлари бўлими шуъба мутахассиси Валижон Қосимов ҳам бўлган. Ҳозирда у шифокорлар назорати остида қолмоқда.

«Унинг ҳам тезроқ шифо топиб, тузалиб кетиши учун барча имкониятларни ишга соламиз ва ёрдам берамиз», — дея таъкидлайди Алишер Саъдуллаев.

Мавзуга оид